Спорт | 17:23 / 02.08.2021
13475
4 дақиқада ўқилади

Токиодаги Олимпия шаҳарчасида Давлат Бобонов билан эксклюзив интервью (видео)

UzbekLife’нинг Япониядаги колумнисти Жўрабек Ҳасанов Токиодаги Олимпия шаҳарчасига ташриф буюрди ва мусобақада бронза медалини қўлга киритган дзюдочи ҳамюртимиз Давлат Бобонов билан эксклюзив суҳбат уюштирди.

Токио Олимпиадаси мен учун илк олимпиада бўлди

Токио-2020 Олимпиадаси ҳаётимдаги илк олимпиада ҳисобланади. Токио олимпиадасига йўлланмани қўлга киритиш учун Осиё, жаҳон чемпионатларида ва бошқа бир қатор йирик мусобақаларда қатнашгандим. Аммо Олимпиадада қатнашиш, ундаги атмосфера бошқа турнирлардан умуман фарқ қилишига гувоҳ бўлдим. Бу ерда босим, масъулият бошқа турнирларга нисбатан бирмунча улкан бўлишини ҳис қилдим.

Биласизки, Япония дзюдо ватани ҳисобланади. Бу йилги олимпиада ўйинларининг Японияда бўлиши ва дзюдо ватани бўлган мамлакатда дзюдо бўйича медаль эгаси бўлишим хурсандлигимни бирмунча оширди.

Япония ўзига хос маданиятга эга эканлигига яна бир бор амин бўлдим

Бошқа мусобақаларда қатнашиш учун аввал ҳам Японияда бўлганман. Бу йилги Олимпиада сабаб яна бир бор Японияга келиш насиб қилди. Ҳар сафар келганимда японларнинг маданиятига, бир-бирига бўлган ҳурматига, шаҳарлар озодалигига қойил қолганман. Ҳозир бу олимпия шаҳарчасида эканман, бунга яна бир карра амин бўлдим.

Ватаним, халқимнинг қўллаб-қувватлаши асосий роль ўйнади

Олимпиада мусобақалари старт олишидан олдин бизнинг мақсадимиз, энг камида, медаль олиш эди. Қуръа ташлангандан кейин рақибларимиз кимлигини билиб олдик. Уларнинг баъзилари менга нотаниш эмас эди. Улар билан аввал иштирок этган мусобақаларда тўқнашган эдим.

Бронза медаль учун кечган жангда Ватаним, халқимнинг қўллаб-қувватлашини узоқдан бўлса-да ҳис қилдим. Трибунадаги ҳамюртларимнинг ҳайқириқлари эса мени ушбу жангда ғалаба қозонишга ундаган асосий омиллардан бири бўлди, деб бемалол айта оламан.

Оила аъзоларимнинг қувончини кўриб кўзимга ёш келди

Ғолиб чиққанимни телевизорда кузатиб турган оила аъзоларимнинг видеосини кўриб, тўғриси, кўзимга ёш келди. Улар билан телефон орқали гаплашганимда ҳам айтишдики, жангни бутун маҳалла кузатишган, уйимиз қўни-қўшниларга тўлиб кетган. Шунда англадимки, Олимпиадада қатнашадиган спортчи ортида бутун халқ турган бўлади. Ҳар бир спортчи буни ҳис қилган ҳолда мусобақада қатнашади.

“Давлат Бобонов бронза медали учун кечган жангда 16 та «иппон» билан ғалаба қозонган”. Иппон – бу ўзбек тилида «ҳалол» маъносини билдириб, курашчининг рақибини кўтариб ерга уриш орқали очко олишини ифодалайди”.

 Мен ўзим эришган ушбу ютуқда, авваламбор, устозларимнинг хизмати катта деб биламан. Бундан ташқари, ота-она дуоси, халқимизнинг қўллаб-қувватлаши ва Президентимиз томонидан яратиб берилган имконият ва шарт-шароитлар ғалабанинг асосий сабаби деб биламан.

Дзюдо спортига яратилган эътибор ривожланган давлатлардан умуман қолишмайди

Токио-2020 Олимпиадасида қатнашиб шунга амин бўлдимки, айнан дзюдо спортига юртимизда бериладиган эътибор, спортчилар учун яратилган шарт-шароитлар дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида бу спорт турига бериладиган эътибордан кам эмас. Шу сабабдан ҳам, бизга ушбу шароитларни яратиб берган Президентимизга, шунингдек, устозларимизга, Федерация раисига, Олимпия қўмитасига, Спорт ва туризм вазирлигига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.

Ёшларимизга хоҳ профессионал спортда бўлсин, хоҳ кундалик машғулот сифатида бўлсин, қанақа спорт тури бўлишидан қатъи назар мунтазам шуғулланиб туришларини тавсия қиламан.

Тўлиқ видеони UzbekLife'нинг YouTube'даги каналида томоша қилинг.

Жўрабек Ҳасанов,
UzbekLife’нинг Япониядаги колумнисти

Мавзуга оид