Жамият | 12:41 / 08.01.2016
7563
2 дақиқада ўқилади

Ҳожиакбар Ҳайдаров: Дадамнинг қўшиқларини ҳозирча куйлай олмайман

Марҳум хонанда Нуриддин Ҳайдаровнинг ўғли, ёш санъаткор Ҳожиакбар Ҳайдаров Darakchi.uz сайтига берган интервьюсида “Эътироф-2015” концертида нега отасининг қўшиғини куйлаб берганини айтди.

“Ота касбини давом эттириш ҳар бир фарзанднинг бурчи деб ўйлайман, - деди у. – Саҳнада дадамнинг мухлисларига ўзим айтмоқчи бўлган гапларни имкон қадар етказишга ҳаракат қилдим. Саҳнага чиқаётганимда дадангизнинг “Юр, муҳаббат” қўшиғини куйлаб беринг, дея таклиф қилганлари сабабли ушбу қўшиқни куйладим.

Тўғриси, дадамни шунча хотирлаб, улар ўтгандан кейин ҳам уларни эҳтиром қилган барча-барчадан миннатдорман. Менинг қўшиқларимни тинглаб дадамни эслашса, бу менинг энг катта ютуғим”.

“Дадамнинг ижодидаги қўшиқларнинг ҳаммаси менга ёқади, - сўзида давом этди Ҳайдаров. – Аммо кўпларини ҳозир куйлай олмайман. Сабаби уларни куйлаш учун етарли маҳорат, вақт, ўз устимда ишлашим керак. Ҳозиргача “Юр муҳаббат”, “Юлдузим” каби қўшиқларини куйлаганимнинг сабаби кутишга сабрим етмаганидан”.