Жаҳон | 16:56 / 15.01.2016
3517
1 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея КХДРни мамлакат ҳудудига ташвиқот варақаларини ташлашда айблади

Корея Республикаси полицияси жума куни Сеулга яқин ҳудудларда Шимолий Корея ташвиқот материалларини топди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар бермоқда.

“Кёнгидо вилоятининг Коян шаҳри атрофида иккита пластик қоп топилди, ҳар бирида 10 мингтадан варақа ва соат механизмлари бор экан”, - дейилади вилоят полиция бошқармаси хабарномасида.

Айтилишича, шунга ўхшаган қоплардаги варақалар Сеулда ҳамда Кёнгидо вилоятининг бошқа ҳудудларида 13 январдан буён топилиб келмоқда.

Таъкидланишича, Шимолий Корея ҳарбийлари бундай материалларни махсус гелий тўлдирилган ҳаво шарларида йўллайди. Маълум муддат ўтиб, соат механизми ишлаб кетиб, қопни очиб юборади, ва унинг ичидаги варақалар одамлар бошидан сочилиб кетади.

Полиция қўлидаги охирги маълумотларга қараганда, КХДР Жанубга 20та мана шундай қопни ўтказишга эришган. Бунга жавоб тариқасида Сеул қўшнисининг чегараси яқинида яна 4 карнай йўллаб, пропагандани кучайтиришни режалаштирмоқда.