Ўзбекистон | 09:04 / 13.07.2021
2737
5 дақиқада ўқилади

Нукусдаги ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшовчи ҳарбий пенсионерлар мурожаат билан чиқишди

Ижтимоий тармоқларда Нукус шаҳридаги 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилаётган бир гуруҳ ҳарбий пенсионерлар бир нечта масала бўйича мурожаати акс этган видеотасвирлар тарқалди.

Унда бир гуруҳ ҳарбий пенсионерлар Мудофаа вазирлиги балансида турган ёпиқ ҳарбий шаҳарчани Нукус шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказиш бўйича мурожаат қилган. Шунингдек, Қуролли Кучлардан захирага бўшатилган собиқ ҳарбий хизматчилар бўлган фуқароларни рўйхатга олиш айни вақтда ушбу ёпиқ ҳарбий шаҳарчанинг турар-жойларида эмас, балки ҳарбий шаҳарча ҳудудидан ташқарида, ички ишлар органлари томонидан шаҳардаги бошқа манзилларга ҳисобга олингани таъкидланган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати расмий изоҳ берди (https://shgho.uz/uz/9215.html). Таъкидланишича, айнан бу ҳолатлар бўйича 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшовчи ҳарбий пенсионерлар томонидан мурожаатлар келиб тушмаган. Муаммолар юзасидан 5 июль куни 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшайдиган аҳолининг муаммоли масалаларини ҳал этиш мақсадида давлат органларининг мансабдор шахслари иштирокида йиғилиш ўтказилган.

Ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов раислик қилган йиғилишда Президентнинг Қорақалпоғистон Республикаси Халқ қабулхонаси мутахассиси Ш.Ибрагимов, Давлат кадастрлар палатаси бошқармасининг Нукус шаҳар филиали бошлиғи А.Худайбергенов, Нукус шаҳар ИИБ ходими ва бошқа масъуллар қатнашган.

Кун тартибига киритилган биринчи масала, яъни ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшовчи ҳарбий пенсионерларнинг ўзлари яшаётган ва Мудофаа вазирлиги балансида турган турар-жой манзилига электрон ҳисобга қўйиш ҳамда турар-жой кадастри билан боғлиқ муаммоли масала атрофлича ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш жараёнида 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшовчи ҳарбий пенсионерлар томонидан фарзандларини мактабга жойлаштириш мақсадида янги тизим бўйича Халқ таълими вазирлигига электрон талабнома юборилганида, электрон тизимда улар яшаётган манзиллари ўрнига ҳарбий шаҳарчадан ташқаридаги бошқа бир номаълум манзилларда рўйхатга қўйилганлиги аниқланган.

Бу ҳолатга Нукус шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи майор Б.Алланазаров аниқлик киритган. 

Унинг сўзларига кўра, Кадастр бўлими томонидан электрон тизимга 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчадаги турар жойларининг кадастр рақамлари киритилмаган. Б.Алланазаров шу муаммолар сабаб, фуқароларни рўйхатга қўйиш бўйича электрон тизим базаси яратилганида 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарча аҳолисининг рўйхатга олиш манзиллари бўйича бошқа манзиллардаги кадастр рақамларини киритишга мажбур бўлганлигини билдирди. Бунга фуқароларнинг статистик ҳисобини юритиш зарурлиги сабаб қилиб кўрсатилган.

Ушбу масала бўйича Давлат кадастрлар палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Нукус шаҳар филиали бошлиғи А.Худайбергенов ҳам маълумот берди. Унга кўра, 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчадаги яшаш турар жойларининг кадастр ҳужжатлари махфийлик даражасига эга бўлганлиги сабаб, кадастр рақамлари электрон тизимга киритилмаганлиги айтиб ўтилди.  А.Худайбергенов томонидан, агар 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчадаги яшаш турар жойларининг кадастр ҳужжатларидан махфийлик даражаси олиб ташланса, кадастр рақамларини электрон тизимга киритиш мумкинлиги бўйича таклиф билдирилган.

Кун тартибидаги иккинчи масала, яъни 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшовчи ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий пенсионерларнинг фарзандларини мактабга жойлаштиришдаги юзага келган муаммолар бўйича Қорқалпоғистон Халқ таълими вазирлиги ходими Ғ.Болтаев тушунтириш берган. Мутахассис фикрига кўра, ҳозирги кунда болаларни мактабга қабул қилиш янги электрон тизим орқали амалга оширилиши, мактабга қабул қилиш бўйича талабномалар ота-оналар томонидан электрон тизимга киритилиши, талабномаларни қабул қилиш 2021 йил 25 июль кунига қадар узайтирилганлиги, шу муддатга қадар 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада яшовчи фуқароларни рўйхатга олиш бўйича муаммо ҳал қилинадиган бўлса, электрон тизим орқали талабнома беришда муаммо бўлмаслигини айтган.

10 июль куни ҳолатига кўра, 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчада жойлашган ҳар бир хизмат хонадонига алоҳида кадастр рақами берилиб, хозирда ушбу рақамларга асосан фуқароларнинг ўзлари яшаб турган манзил бўйича рўйхатга қўйиш ишлари бошланган.

Маълумот ўрнида, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 июндаги 552-сон фармойишига мувофиқ, Нукус гарнизонидаги 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарча ҳудудидаги 24 хонадондан иборат бўлган 37-сонли ҳамда 32 хонадондан иборат бўлган 38-сонли турар-жой бинолари, уларга туташ бўлган 10,09 гектар ер майдони билан Нукус шаҳар ҳокимлиги балансига топширилган.

Мавзуга оид