Жаҳон | 21:03 / 25.01.2016
22234
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Владимир Путиннинг собиқ рафиқаси Людмила Путина турмушга чиқди(ми)

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальный томонидан яратилган Коррупцияга қарши кураш жамғармасининг терговлар бўлими бошлиғи Георгий Албуров баъзи ҳужжатлар асосида Россия президенти Владимир Путиннинг собиқ рафиқаси Людмила Путина фамилиясини ўзгартиргани ҳақидаги хулосага келди. Бу ҳақда “Собеседник” нашрининг терговида айтилмоқда.

Росреестрдан Путин, унинг рафиқаси ва қизларига тегишли бўлган Санкт-Петербургдаги квартирага эгалик қилиш ҳуқуқи ҳақида олинган кўчирмага кўра, бу квартира 2015 йил августда туғилган санаси, исми-шарифи Путиннинг собиқ рафиқасиники билан бир хил бўлган Людмила Александровна Очеретная исмли аёл номига ўтган.

Нашр маълумотларига кўра, 2015 йилнинг 2 февралида Очеретная фамилиясига Москва шаҳри бўйича Федерал миграция хизмати бошқармасида янги паспорт олинган.

“Собеседник”нинг маълум қилишича, Очеретный фамилияси Шахслараро алоқаларни ривожлантириш маркази раиси, 37 ёшли Артур Очеретныйга тегишли. Очеретный Путиннинг собиқ рафиқаси билан алоқалари борлиги ҳақидаги ёзма мактубга жавоб бермаган.

Нашр юқоридаги маълумотларга таяниб, Путиннинг собиқ рафиқаси турмушга чиққан бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Владимир ва Людмила Путинлар 2013 йил 6 июнда ажрашишга қарор қилишганини маълум қилишган. Улар деярли 30 йиллик биргаликдаги турмушдан кейин ажрашишган. 2014 йилда Путин россияликлар билан ўтказган “жонли мулоқот” вақтида келгуси шахсий ҳаёти ҳақидаги саволга ҳазиломуз тарзда аввал ўзининг собиқ рафиқасини турмушга бериши кераклигини, сўнгра уйланиш ҳақида ўйлаб кўришини айтганди.