Ўзбекистон | 19:32 / 26.01.2016
4402
3 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятининг 14 туман шифохонасига 11 минг 900 долларлик “Mirror-2” УТТ аппаратлари келтирилди

Андижон вилоятида 36 шифохона, 8 оилавий поликлиника, 312 қишлоқ врачлик пункти, шунингдек, 200 дан зиёд хусусий тиббий муассаса фаолият юритмоқда. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, инвестиция дастури доирасида 2010-2015 йилларда Андижон, Хонобод, Қорасув шаҳарлари, Избоскан, Бўз, Олтинкўл, Балиқчи, Асака, Улуғнор, Пахтаобод, Шаҳрихон, Марҳамат туманлари тиббиёт бирлашмалари, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт ва кўп тармоқли тиббиёт марказлари, онкология диспансери, қон қуйиш, силга қарши кураш, ОИТСга қарши кураш марказлари, давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, Саломатлик ва тиббий статистика институти Андижон филиалида қарийб 103 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди. 2015 йилда 10 тиббий муассасадаги қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 30 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилди.

Айниқса, қишлоқ жойларда тиббий хизмат самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили 581 миллион сўм маблағ эвазига 33 қишлоқ врачлик пункти таъмирланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасиниг 2014 йил 5 мартдаги “Қишлоқ врачлик пунктларини янада мақбуллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 29 қишлоқ врачлик пункти мақбуллаштирилди. Барча қишлоқ врачлик пунктлари “Саломатлик-1”, “Саломатлик-2” лойиҳалари доирасида замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Аксарият қишлоқ врачлик пунктларида янги лабораториялар ишга туширилгани шу ернинг ўзида турли қон таҳлилларини олиш, касалликни аниқлаш имконини бермоқда. Қишлоқ врачлик пунктларининг фаолиятини яхшилашга қаратилаётган доимий эътибор туфайли чекка ҳудудларда ҳам аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида салмоқли натижаларга эришилмоқда.

“Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида 2015 йилда барча туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли марказий поликлиникаларга замонавий тиббий аппаратлар ўрнатилди. Жумладан, 14 тумандаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларнинг ҳар бирига 11 минг 900 долларлик “Mirror-2” русумдаги икки ўлчамли, рақамли УТТ аппаратлари келтирилди. Туман тиббиёт бирлашмаларига гастродуоденоскоп, дигитайзерли компьютер жамламалари берилди.

Аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Маҳаллалар, таълим муассасаларида ўтказилаётган семинарлар, “Саломатлик ҳафталиги” тадбирлари самарали бўлаётир.