Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Инглиз тили ўқитувчилари учун Британия гранти эълон қилинди
Британия Кенгаши Буюк Британиядаги А.С. Хорнби номли таълим жамғармасининг 2016 йил октябрдан 2017 йил сентябрга қадар муддатга грант олиш учун танлов эълон қилди. Бу ҳақда Британия Кенгашининг Тошкентдаги идораси Kun.uz`га маълум қилди. Ариза топширишнинг энг сўнгги муддати 29 февраль 17:00 гача (Лондон вақти билан).
А.С. Хорнби номли таълим жамғармасининг грантлари ҳар йили Британия фуқароси бўлмаган инглиз тили ўқитувчиларига Уорик университетида магистр даражасини олишлари учун тақдим этилади.
Жамғармага 1961 йилда А.С. Хорнби томонидан бутун дунёдаги инглиз тили ўқитувчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида асос солинган. Мазкур жамғарма инсонпарварлик ташкилоти саналиб, Британияда рўйхатдан ўтган. Унинг асосчиси ҳисобланган А.С. Хорнби инглиз тилини ўқитиш бўйича салмоқли ишларни амалга оширган инсон сифатида тарихга кирган. У Oxford University Press томонидан саккизинчи марота қайта чоп этилаётган «Oxford Advanced Learners’ Dictionary» луғатини тузган.
Грант шартларига кўра, жамғарма Британиядаги барча харажатларни ўз зиммасига олади. Жумладан, ҳар ойлик стипендия, таълим, авиачипталар, виза ва IELTS имтиҳони учун тўловларни қоплайди.
Энг камида икки йил инглиз тили фанидан дарс ўтган, бакалавр дипломига эга бўлган номзодлар грантда қатнашиш учун ариза тақдим этиш ҳуқуқига эга.
Номзодлар тўрт боқичли саралашдан ўтишлари талаб қилинади. Биринчи босқичда номзоднинг ариза бланкаси баҳоланади. Иккинчи босқичда эса саралаб олинган номзодлар Тошкентдаги Британия Кенгаши идорасида суҳбатдан ўтадилар. Учинчи босқичда суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодлар университетга мурожаат этадилар. Тўртинчи босқичда университет номзодларнинг ўқиш-ўқимаслигини тасдиқлаши керак. Шундан сўнг грант тақдим этилади.
Мазкур грант бўйича батафсил маълумотларни Британия Кенгаши сайти орқали билиб олишингиз мумкин.