Спорт | 17:20 / 29.01.2016
3833
2 дақиқада ўқилади

Ван Гаал: Мени 3 марта «истеъфога чиқаришди», лекин мен ҳали ҳам «МЮ»даман

«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Луи ван Гаал Англия Кубогининг 1/16 босқичида «Дерби Каунти»га қарши ўтказиладиган баҳс олдидан ўзига қаратилган танқидларга муносабат билдирди.

«Агар бу ўйинда ҳам мағлуб бўлсак, журналистлар мени яна бир марта «истеъфога чиқаришади». Улар шу вақтгача бу ишни 3 марта амалга оширишди. Лекин мен ҳали ҳам ўз ўрнимдаман.

Мен «Саутгемптон»га қарши ўйиндан кейин истеъфога чиқмоқчи эканлигим ҳақида гапирмаганман. Бу ёлғонга уни тўқиб чиқарган журналистларнинг ўзларигина ишонишади.

Мен ҳамиша охиригача курашаман. Мен 3 йиллик шартномага имзо чекканман. Бу битта ўйиндан иборат эмас, бу бутун бошли жараён. Мен «МЮ»да ишлашда давом этишни истайман. Агар буни истамаганимда, бундан бир ярим йил аввал бу ишга киришмаган бўлардим.

Ўзим ишлаган барча клубларда жамоа директорлари ва хўжайинлари билан кўп гаплашганман ва доимо уларнинг қўллаб-қувватлашини ҳис қилганман, нафақат «МЮ»да, балки «Бавария» ва «Барселона»да ҳам. Лекин шу билан биргаликда ишончни оқлаш учун катта босим остида бўласан. Албатта, биз ишончни оқлашимиз мумкин, боиси, биз энди йўлнинг ярмига келдик», – дейди ван Гаал.

Эслатиб ўтамиз, АПЛнинг 23-туридан кейин «МЮ» жадвалда 5-ўринда бормоқда.

Англия Кубоги доирасида «Дерби Каунти»га қарши ўйин бугун, Тошкент вақти билан 00:55да бўлиб ўтади.