Жамият | 20:43 / 29.01.2016
23669
4 дақиқада ўқилади

Гулбаҳор Эрқулова: Аваз Олимов ва Илҳом Фармонов “Наво” каналини сотиб олишган

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова Sayyod.com сайтига берган интервьюсида бир қатор санъаткорларнинг турли сабабларга кўра танқид остига олди. Айримлар “саҳнага тайёр эмаслик”да, айримлар нотўғри имижда айбланди.

Муқаддам Эрқулова Гулсанам Мамазоитованинг бир видеоклипини танқид остига олган эди. Интервьюда бу мавзу давом эттирилди.

“Ўзингизнинг саҳнадаги ўрнингиздан келиб чиққанингизда, ўзингизга ҳар хил нарсаларни эп кўрмайсиз, - деди у. – Нуфузли саҳналарга чиқиб, ҳаммамиз учун азиз бўлган катта байрамлар борку, керак бўлса шу қўшиқларни эшитганда юрагингиз титрайдику, Ўзбекистон ҳақидаги қўшиқларни. Шунақа қўшиқларни айтишсаю, лекин тўй учун экан деб ҳуштак чолсанг, овозингдан танийман деб, Ўзбекистон халқ артисти бўлган, статусга эга бўлган одам... Майли айтсин тўйларда, лекин шуни илтимос, тўйда қолсин, шуни клип олиб оммага чиқариш керакми, деб ёздим”.

Унинг фикрича, саҳна ва тўй санъатини аралашиб кетгани боис кўпгина санъаткорлар ўз мақомини пастга тушириб қўймоқда.

Эрқулованинг таъкидлашича, саҳнада юксак савияли ишларга қўл урганлар шу мақомни сақлаб қола олиши, “ўша ердан туриб юлдузни бенарвон уриши” лозим, лекин аксарият тўй маросимларида ҳар қандай қўшиқларни куйлаб, обрўсини йўқотмоқда, “подага қўшилиб кетмоқда”.

“Саҳнага озгина эҳтиёт бўлиш керак, - таъкидлади у. – Давлатнинг концертларини кўрсангиз, тўйдаги қўшиқларни кўрмайсиз, сал режа бор. Охирги концертда Фарҳод билан Ширин Конституцияда чиққанида ярашмас эканда ҳали саҳнага, ҳали пишмабдида. Фарҳод-Ширин эканман, номим чиройли бўлди, фалончи саройда концерт қўйдик, давлат концертида чиқсак бўлаверар экан деса, ўзининг ўрни эмас эканда”.

“Бизнинг пайтимизда тўйга борсак, ишдан ҳайдарди, - сўзида давом этди артист. – Ҳозир ҳамма тўйда. Ишлайдиган одам йўқ, ҳамма тўйда”.

Эрқулова номи келтирилмаган санъаткорни “катта опамиз” сифатида тилга олди:
“Бир опамиз бор, катта. Кечаси билан тўйга борадилар, кейин ухлайдилар. “Бугун нечта жойга борамиз? Ануни айтиб қўйдингми?”. Лекин улар ҳам хизмат кўрсатган артист, улар ҳам санъаткор. Лекин уларнинг ўрни шунақа... Агар шуни ўзига лойиқ кўради. Мен эса раво кўрмайман. Эртага ҳеч қанақа маблағим ҳам қолмасин, ҳеч ким ҳам бўлмай, лекин ўзимнинг ҳолатимда қолишни хоҳлайман”.

Гулбаҳор Эрқулованинг танқидидан Авазбек Олимов, Илҳом Фармонов, Абдурашид Йўлдошев ҳам четда қолмади.

“Ишонасизми? Аваз Олимов билан Илҳом Фармонов кеча “Наво” каналини сотиб олган, - деди у. – Беш марта чиқди! Беш хил ашула билан. Ўзим кўрдим, ишонаверинг... Охири қаҳрамонларимиз чиқиб, ака чиқиб айтдилар, опа чиқдилар... кейин битта бир кулиб турадиган портретний ашулачимиз бор, шу билан кейин мусиқий дастуримиз тугади. Кейин яна концерт бошланиб, яна шулар чиқди”.