Жамият | 22:16 / 01.02.2016
8479
2 дақиқада ўқилади

Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри биноси реконструкция қилинади

Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг 2015 йил фаолияти якунларига бағишланган кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда qalampir.uz сайти хабар қилган.

Унда вазир ўринбосарлари, вазирлик марказий аппарати бошқармалари бошлиқлари, вазирлик тизимидаги республика ташкилотлари раҳбарлари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, музейлар, спорт мактаблари, театрлар директорлари ҳамда театрлар режиссёрлари қатнашди. 

Йиғилишда 2016 йилда маданият ва спорт соҳасини ривожлантириш борасида амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Ҳайъат мажлисида театрлар ва томоша муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини кучайтириш, репертуарларни замон талабларига мос равишда шакллантириш ҳақида сўз борди. "Томоша” болалар мусиқий театрга ажратилган бинони реконструксия қилиш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, Республика болалар қўғирчоқ театри биносини қуриш, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри биносини реконструксия қилиш каби масалалар ўртага ташланди.

Шунингдек, 2016 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига лицензия олган ва номзод спортчиларни тайёргарлик кўриш ҳолатини танқидий-таҳлилий ўрганиш ва бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган амалий чоралар белгиланади.

Маълумот учун, ушбу театр труппа сифатида 1939 йил 30 ноябрда ташкил топган. Театрга 1939 йили Муқимий номи берилган. Театр ўз фаолиятини 1939 йил 30 ноябрда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Майсаранинг иши” комедияси билан фаолиятини бошлаган.
Театр барча ёшдаги санъат шайдолари учун спектакллар яратади.