Ўзбекистон | 00:02 / 12.08.2016
21792
2 дақиқада ўқилади

Қарши-Бухоро трассасидаги кўприк ортиқча юкланишлардан бузилгани маълум қилинди

А-380 Қарши-Бухоро трассасининг 185-километридаги кўприк ортиқча юкланишлар ва эскириб қолган конструкция сабабли бузилгани маълум қилинди. Бу ҳақда Республика йўл жамғармаси директори ўринбосари Шуҳрат Давлатёров маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, бир ой олдин кўприкнинг 5 та устунидан бири ундан юк машинаси ўтаётганда қулаган. Жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаганди.

Давлатёровнинг айтишича, 1965 йилда қурилган кўприкдан фойдаланиш муддати 30 йилга, ўқ бўйича юкланишни кўтариши эса 10 тоннани кўтаришга мўлжалланган бўлган. Эскириб қолган кўприк ташқи юкланишларни кўтара олмаган.

"Ҳозирги кунда йўллар жаҳон стандартлари бўйича 50 йиллик фойдаланишга мўлжаллаб қурилмоқда. Ўзбекистонда ўқ бўйича юк кўтариши 13 тонна бўлган 341 км йўл ўтказилган. Бундан ташқари, Қўқон, Тошкент, Бўка, Гулистон, Каттақўрғон ва Бухорода 228 км айланма йўллар ўтказилган", деб маълумот берди Давлатёров.

"Бузилган кўприк маҳаллий корхоналар кучи билан реконструкция қилинади. Реконструкция ишлари бу йил бошланади", деб қўшимча қилди Давлатёров.

Ҳозирда кўприк авариявий ҳолатда деб ҳисобланиб, ундан фақатгина енгил автомобиллар ўтишига рухсат берилган. Юк машиналарининг кўприкдан ўтиши чеклаб қўйилган, улар бошқа йўллардан фойдаланишмоқда. Мисол учун, Навоий орқали ўтувчи трасса бор.