21:01 / 19.01.2022
57923

Камчиликлар у айтганидек “озроқ”ми? “Қудбиевча” анжумандан кейинги мулоҳазалар

Солиқ тизимидаги ўзгаришлар бўйича ДСҚ раиси Шерзод Қудбиевнинг анжуманидан кейин тадбиркорлар дучор қилинган жиддий муаммолар ҳал бўлиб қолгани йўқ. Kun.uz берилган изоҳлар бизнесни нега қониқтирмагани ва умуман муаммолар моҳияти ҳақида солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов билан суҳбатлашди.

17 январ кунги матбуот анжумани

“Имтиёзбозликдаги оғриқлар ёхуд уларни очиқлаш учун бир ҳафта керак эмас”

— Ҳозирги кунда 6 мингдан ортиқ компаниялар мол-мулк солиғидан озод. Тўғри, улар орасида, масалан, таълим ва тиббиёт соҳасидаги объектлар ҳам бор, лекин шу 6 мингтани фақат шулар ташкил қилганида эътироз бўлмасди. Рўйхатда Tashkent city'га ўхшаган энг бой объектлар ҳам борки, бу энг адолатсиз.

Молия вазири ўринбосари Дилшод Шуҳратович бир ҳафта ичида ҳамма имтиёзларни очиқлашини айтди. Менимча, бу маълумотларни очиқлаш учун бир ҳафта шарт эмас. Молия вазирлигида тайёр турган маълумот. Чунки, 10 фоиз солиқни ким тўламаяпти, деган маълумот уларда дастурхондек турибди.

Солиқ сиёсати маълум доирадаги шахслар учун алоҳида, кенг омма учун алоҳида қўлланмоқда. Бу жиҳатдан адолат бўлмаётгани учун эътироз жуда катта. Нега Тashkent city'даги объектлар мулк солиғидан озод? Нега Ўзбекистондаги аудиторлик корхоналари ҚҚС тўловчиси бўлмоқда-ю, дунё бўйича энг йирик аудиторлик компаниялар Ўзбекистонга келса, улар солиқдан озод? Бу саволларга жавоб берилгани йўқ.

ДСҚ раиси айтган “озгина камчиликлар” катта муаммоларни туғдирмоқда

— Электрон ҳукумат ҳамма жойда масала бўлмоқда, ДСҚ шунга ҳаракат қилмоқда. Лекин ҳаракат қилди дегани эплади дегани эмас. Матбуот анжуманида ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев: “Тўғри, дастурларимизда озгина камчиликлар бор”, деб айтдилар, асосий фожиа шу ерда. Масалан, “Таҳлил-таҳлика” дастури орқали контрагентингиз қанча солиқ тўламаганини сизга кўрсатиб турамиз, дейишяпти. Ҳа, мақсад шунақа, лекин дастур 70 фоиз ҳам тўғри ишламаяпти.

Тасаввур қилинг, сиз билан мен 10 йилдан бери бирга ишлаб келяпмиз, лекин сиз менга ҳисоб-фактура берсангиз, мен дастурда текширганимда “қизил” (шубҳали солиқ тўловчи)да турганингиз ойдинлашди. Энг ёмони, дастур тўғри ишламай, контрагентни шубҳали солиқ тўловчи, деб кўрсатмоқда, аслида бундай бўлмаса ҳам. 10 йиллаб бирга ишлаб келган тадбиркорлар ҳаммаси бир-бирига шубҳа билан қарай бошлади.Бу бизнесдаги соғлом муҳитни бузиб қўймоқда.

“Шубҳали” солиқ тўловчи солиқ тўламаган бўлса, ёки йўқ товарни сотган бўлса, дастур бу солиқ тўловчи “шубҳали” (қизилда) деб кўрсатиши керак. Амалда сиз ўзингиз чет элдан нарса импорт қилдингиз, мен сиздан товар сотиб олиб,  ҳисоб-фактурага электрон имзо қўймоқчи бўлсам, дастур сизни “шубҳали корхона” деб кўрсатмоқда. Сабабини бу ҳеч кимдан товар сотиб олмади, деб кўрсатмоқда.

Кейин мен сизга: “Сиз шубҳали корхона экансиз, солиқ органига мурожаат қилиб, буни тузатмасангиз, сиз билан ишламайман”, деб ҳамкорликни тўхтатаман. Сиз эса асосий фаолиятингизни қўйиб, солиқ органига бориб: “Нима учун қизилга тушдим?” десангиз, бир ёш кадр бамайлихотир: “Ҳеч нарса қилмайди, сизлар ким билан ишлаётганингизни кўрсатади. Бу дастурнинг хатоси экан-да”, деб қўяди.

Биринчидан, дастурингиз тўғри ишламаса, нега уни халққа нисбатан татбиқ қиласизлар? Иккинчидан, қизилга тушганларнинг ҳаммасига: “Мана бунақа камчиликларни тўғрилаб, қизилдан чиқиб кет”, деган мазмунда хабарнома келмоқда. Ўзингизнинг ҳақлигингизни исботлаш учун солиқ органига бориб қанча куч ва вақт сарфлаб айбсиз эканингизни исботлашга мажбурсиз.

Тадбиркор ҳамон ҳақлигини исботлаш учун овора-ю сарсон бўлиб, солиқ органига ҳужжатларини кўтариб боради. Электрон хат юборсангиз қарашмайди ҳам. Қизилга тушибсан деб, ҚҚС калитни блоклаб қўяди. 15 кунда кўриб чиқаман дейди, бу вақт ичида тадбиркор фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлади. Буларнинг ҳаммаси коррупцияга олиб келиши мумкин.

Шерзод Қудбиев 17 январ кунги матбуот анжуманида / Фото: Kun.uz

Жуда кўп ҳолларда тадбиркорлар айбсизлигини исботлашига тўғри келмоқда, ваҳоланки, Солиқ кодексида солиқ тўловчи ўзининг айбсиз эканини исботлаши шарт эмас, деб ёзиб қўйилган. Кейинги пунктда солиқ органи солиқ тўловчининг айбдорлигини исботлаши шарт, дейилган. Дейлик, солиқ органи гумон қиляпти-да, фаолиятингизни тўхтатиб қўйяпти.

“Биз фаолиятини тўхтатиб қўймаяпмиз, ҚҚС калитини блоклаб қўйяпмиз”, дейди солиқчилар. Лекин сизнинг ҚҚС калитингиз ўчирилган бўлса, мен сиздан товар олсам, сиздан олган товаримнинг қўшилган қиймат солиғини ҳисобга ололмайман, бу сиздан олган товарим 15 фоизга қимматга тушди, дегани. Кейин сиз билан ишламайман, сиз ҳамкорни йўқотдингиз.

Сиз ҳисоб-фактура берадиган бўлсангиз, ҳеч қандай ҚҚСни ҳисобга олмайсиз, айбсиз эмаслигингизни исботлашга эса бир-икки ой вақт кетиб қолади. Алалоқибат бу айрим ҳолларда дастурнинг хам хатоси бўлиб чиқиши мумкин. Калит блокда турган вақтда сиздан ҳеч ким ҳисоб-фактура ололмайди, олган бўлса ҳисобга ололмайди, сиз ўз ёнингиздан ҚҚС тўлайсиз. Дастур хатоси билан калитни блоклаб қўйди, у даврда сизда худди айбдорлар қатори солиқ оқибатлари юзага келаверади.

Ишлаб чиқарувчилар қоғоз сотиб оляпти-да, дафтар ишлаб чиқаряпти, “Таҳлил-таҳлика” дастури бу нима эканини ўқий олмаяпти. У дафтар сотиб олмаганди, лекин дафтар сотяпти деб шубҳали солиқ тўловчиларга қўшиб қўйяпти, тадбиркор йўқотилган вақт ва маблағ билан товон тўлашга мажбур бўлмоқда.

Тушуняпсизми, дастурнинг хатоси деб тадбиркор жавобгар бўляпти.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида “Таҳлил таҳлика” дастури орқали қизил (шубҳали солиқ тўловчи)га тушадиган омиллар берилган. Ҳозир уларнинг сони 201тага етган дейишмоқда. Бу омилларнинг бир қанчаси махфий маълумот ҳисобланади, тадбиркор нима қилса шубҳали тадбиркорга айланиши  очиқланмайди. “Таҳлил-таҳлика” дастуридаги  омилларнинг яшириб қўйилиши, тадбиркорларда солиқ органи хоҳлаган вақтда электрон калитни блоклаб,  хоҳлаган вақтда очмоқда, деган гумонга олиб келмоқда. Бу эса коррупция учун энг яхши об-ҳаво яратиб беради.

Журналистлар эътибор бермаган нарса  – Шерзод Давлятовичнинг “Тўғри, дастурларимизда камчилик бор” деган гапи бўлди. "Камчилик бўлса, нега бутун халққа қўллаяпсиз? Одамлар тажриба қуёни эмаски?", деган савол берилмади журналистлар томонидан.

МХИК муаммоси: “Россиянинг ўзини оқламаган тажрибаси шундоқлигича кўчирилган”

— МХИК (маҳсулот ва хизматларнинг идентификация кодлари)да ҳар бир маҳсулотнинг алоҳида коди бор. МХИКнинг оғриқли жиҳати шундаки, оддий мисол билан тушунтирганда, юмшоқ муқовали дафтарга бошқа, қаттиқ муқовали дафтарга бошқа код тўлдирасиз. Агар қаттиқ муқовали дафтар чармли бўлса, бошқа код тўлдирасиз. Шунақа 86 мингдан ортиқ код бор. Олдин дафтарми дафтар сотдим деб код тўлдирардингиз, ҳозир майда-чуйда таснифига кўра фарқланса ҳам, бошқа код теришга мажбурсиз.

Бизнесни бундай мураккаблаштиришдан мақсад – бизнесни жазолашдан бошқа нарса эмас. Энг ёмони, минглаб кодлар орасидан маҳсулот кодини топиш қийин бўляпти. Натижада, тадбиркор айнан товарга мос кодни топмаса, ҳисоб-фактурада хатолик юзага келаверади.

Хизмат ва товар турлари шунақа тез ўзгарадиган нарсаки, уларнинг ҳаммасини кодлаб бўлмайди. Бу билан солиқ органи назорат функцияси қолиб, бизнесга аралашиб кетяпти. Тадбиркорнинг тепасида нима қиляпсан, деб қараб турмоқчи. Бу нарсаларни Россиядан кўчирдик дейишяпти, бу тажриба Россияда ҳам ўзини оқламаяпти.

E-Aktiv: “Кўр-кўрона кўчирилган ва бизнесга ортиқча юк”

— Биз томонимиздан E-Aktiv масаласи кўтарилганда, бу тизимни тадбиркорларнинг бўйнига қўйиш нотўғри деган видеомурожаат чиқарилганди. Кейин Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментидаги учрашувда бу тизимни қаердан олишганини сўрадик. Айтилишича, Полша, Дания, Германия, Япония ва Россия тажрибасини ўрганиб чиқишган ва Россияникини танлашган. Нима сабабдан шунча давлатдан энг қашшоғининг йўлини танлаяпсиз, деган саволга жавоб бўлмади. Кўриб турибди, хаскашни босди, бошига урилди, хатолигини билиб нега бу йўлдан қайтишмаяпти?

Давлат солиқ органларининг бизнес муҳитини билмаслиги натижасида қўлланилаётган нарса E-Aktiv'дир. Ўтган йили солиқ органлари томонидан ҳар кунлик товарга ҳар куни ҳисоб-фактура берасизлар, деган талаб қўйилди. Ҳар куни мана шунча товар сотдим деб ҳисобот бериб қўймасанглар, шу товар қийматининг 20 фоизи миқдорда жарима қиламан дейилди. Қонун эса: “Ҳисоб варақ фактурага чалғима, бизнесинг билан шуғулланиб, ой тугагандан кейин 10 кун ичида ҳамма ҳисоб-фактурларингни бер”, деяпти.

Тадбиркор ҳар кунлик нарсага ҳар куни ҳисоб-фактура бера олмайди, бунақа массани солиқ порталининг ўзи ҳам  кўтаролмай қолмоқда, бунинг физик жиҳатдан ҳам имконияти йўқ. Бу нарсанинг хатолигини исботлаб бердик, қонунга зид ҳаракат қиляпсизлар, дедик. Давлат солиқ қўмитаси раиси ҳар кунлик ҳисоб-варақ фактураси қилишни талаб этиш хато экани, ҳар ойлик ҳисобот топширавериш керак деган қарорга келди. Бироқ кетидан E-aktiv деган нарсани ўйлаб топишди.

E-Aktiv – товар-моддий бойликларингиз, асосий воситалар ҳақидаги маълумот. Ҳар куни E-Aktiv'га маълумот бериб туришингиз керак. Унда ойлик ҳисоботни нега топширамиз?  Яна ўша ҳар кунлик ҳисоб-варақ фактурани расмийлаштиришни E-Aktiv деб номлаб қайта жорий қилишди, десак бўлади. Бу E-Aktiv'га ҳар куни ҳисобот жойлаш учун бир вагон иш қилиш керак. Иш тугаса ҳам,  бухгалтерлар кечгача ўтириб ҳисоб варақ фактура тўлдириши, иккинчи томон қабул қилиб ўтириши керак бўлади. Ўша ДСҚ оддий жадвал деб атаётган нарсагача қанча иш борлигини қўмита мутахассислари тушунмаяпти, бухгалтерлар бекорга додламаяпти.

Менинг назаримда, биз 30 йил орқага қайтиб бўлдик, шунча орқага қайтиб бошидан бошлаяпмиз. Кеча Солиқ қўмитаси раиси матбуот матбуот анжуманида: “Бу бўйича чора кўрилмаяпти, тест режимида ишланяпти”, деди. Қонун бўйича июлдан шу нарсани қилмасанг жазоланасан, лекин ҳозир қилмаганинг учун июлдан жазоланишинг аниқ.

ҚҚСга ҳамма 2020 йилдан ўтганда президент 6 ойгача тадбиркорларни жазоламасликни айтганди, лекин 6 ой ўтгандан кейин синов даври учун ҳам тадбиркорлар жазоланяптику.

Шахсий фикрим, E-Aktiv – солиқ тўловчиларни жарима қилиш учун қўшимча манба холос, бошқа ҳеч нарса эмас.

E-aktiv'дан солиқ органи ҳеч қандай натижа ололмайди, фойдаси нолга тенг, ортиқча куч ва харажат талаб қиладиган нарса холос.

Солиқ қўмитаси шунча нарсани тадбиркорларнинг бўйнига юклагандан кўра, солиқ органидаги базага қўшимча божхонада келадиган 2-3 дона рақам (масалан, маҳсулот номи ва ўлчов бирлиги) киритса бўлди, бутун E-Aktiv қила оладиган ишни битта одам кўриб тура олади.

Менинг фикримча, E-Aktiv ҳеч қачон тўлиқ ишлаб кета олмайди, ишлаб чиқарувчи бугун бошқача эртага бошқача шаклдаги товар чиқараверади. Калкуляция ҳар куни ўзгаради, E-Aktiv'даги дастур уни тўлиқ ҳисоблай олмайди.

Мен кузатган давлатларда бу даражада электронлашув йўқ, бизникилар кашфиёт қилишмоқчи ва юрмайдиган нарсани амалга татбиқ қилишмоқда. Юрадиган бўлса, ривожланган давлатлар буни қилган бўларди.

“Мол-мулк солиғи бўйича ўзгариш фожиа эмас, муаммо – бу биринчи қадам бўлгани”

— Фикримизча, 2022 йилдаги ўзгартиришлар орасида адолатлироғи – мол-мулк солиғи. Мен бу билан бу ҳам 100 фоиз адолатли демоқчи эмасман, лекин Солиқ қўмитасининг қилган ўзгаришлар ичида бу нисбатан адолатли. Нега? Тошкент шаҳарда ҳозир қуруқ ер квадрати 2,5 миллион сўмдан қиммат. Унинг устига қурилган ҳар қандай нарса унинг қийматини оширади. Тўғри, у жойдан тадбиркорлик фаолияти мақсадида фойдалана олиш ёки олмаслик, бу – иккинчи масала. Ресурс солиқларини оширишдан мақсад ҳам табиий ресурслардан унумли фойдаланиш. Ҳозир Сергелининг бир бурчагидаги қуруқ ерни сотиб оламан десангиз, сотихини 10 минг доллар дейди. Бу бир квадрат метр қуруқ ернинг қиймати 1 миллион сўм дегани. Ҳар қандай қурилишда ўртача квадратига 200 доллар харажат кетади. Тошкент шаҳрида бинонинг квадрат метри 2,5 миллион сўм этиб белгиланди, лекин тадбиркорнинг баҳоси ушбу нархдан паст бўлса, мустақил ҳисоблаш натижаларини тақдим этиш имконияти ҳам берилмоқда. Бироқ ҳозир бу солиқ турини қўллашнинг вақти эмас эди, шунинг учун бу ўзгариш одамларга оғирлик қилмоқда.

Рейган тажрибасидан нимани ўрганиш керак: Ставка бирдан оширилиши нега хато йўл?

— Ривожланган давлатларнинг тажрибасига қарасак. 1980-йилларда АҚШ президенти бўлган Роналд Рейганнинг солиқ сиёсати – энг оптимал мисол. Ўшанда Америкада барча солиқлар бўйича имтиёзлар 100 фоиз бекор қилинган, ставкалар кескин 3-4 баробар пасайтирилган. Ўша йиллардаги ҳамма иқтисодчилар “Америка ўлди” деган, лекин Американинг бюджет режаси ўша йили 2 баробар ортиғи билан бажарилган.

Нега? Соғлом муҳит яратилгани натижасида одамлар хотиржам ишлаб, ҳамма даромадларини кўрсатишни бошлаган, бу эса 2 баробар натижа берган. Рейган биринчи босқичда иқтисодни кўтариб олди, кейинги босқичда реинвестиция учун имтиёз бера бошлади. Яъни корхона фойдага эришса ва ўша фойдасига корхонани кенгайтириш учун қўшимча кўчмас мулк объектлари қурадиган бўлса, ўша сарфлаган пулининг ҳаммаси солиқдан озод этилади.

Натижада ҳамма “бизнесимни кенгайтирсам, солиқ тўламас эканман”, деган тушунчага келиб, ҳамма жойда ишлаб чиқариш объектлари қурила бошланди. Битта фабрикаси борлар иккита қилди, иккита фабрикаси борлар эса учта. Ҳамма ёққа объектлар қуриб ташлаб, кейинги босқичда секин ресурс солиқлари оширила бошланди. “Реинвестиция қилсанг қил, қилмасанг қилма, ҳаммангга имкон берилди, қуриб олдинг, энди солиғини тўлайсан”, деди ҳукумат.

Энди ер ва мулк солиғини ошира бошлашди. Бўш турган объект қимматга туша бошлади. Объект қимматга тушмаслиги учун, уни ишлатиш керак бўлди. Ҳамма завод фабрикалар энди мажбур ишлатилишга тушди. Бу Американинг иқтисодиётини яна бир неча баробар кўтариб юборди.

Бизда ҳам ставкани бозор нархида қўллашда, ресурс солиқларини оширишда шу мақсадни кўриш мумкин, лекин унга олиб борадиган йўл хато танланди. Яъни асос унга мослаб келинмаганди, одамларнинг шикояти шундан бўлмоқда. Агар одамларга: “Мана сенга қуришга имконият, солиқлардан озод қиламан”, деганда, одамлар бўш жойларга объектлар қуриб олганда,  тадбиркор солиқ тўламасдан қуриб олгани учун норози бўлмасди. Ресурс солиқларини оширишдан мақсад ҳам шу – ривожланишга, ҳаракат қилишга мажбур қилиш.

Жаҳон амалиётида ресурс солиқларини оширишда тадбиркор юрсин олдинга, ўтириб қолмасин, деган мақсад бўлган. Бу айланма билан боғлиқ бўлмаган солиқ ҳисобланади. Хусусий жойга тўланадиган ижара, давлат халқнинг ерини бир одамга бериб қўйгани учун тўланадиган тўловдан кўра 10 баробар қиммат бўлса ҳам тўлайди.

Давлат халқнинг ерини сизга бериб қўйди ва солиғини сўраяпти. Лекин ижарага олган ери учун ойига 20-30 млн сўм ижара тўлаяпти-ку, ҳеч ким шикоят қилмаяпти. Буни олдиндан тайёрлаб келиш керак эди, одамлар ҳам имтиёз бўлмай туриб, 15 фоиз фойда солиғи тўлаб ўша фойдасидан қурадиган бўлса, қуриш қимматга айланаётганди. Агар ўшани солиқдан озод қилиб туриб қуришга имкон берганда, тадбиркор ўз фойдасини биларди.

Нимадир мотивация бермасдан нарх шунчаки ошириб қўйилгани учун резонанс келиб чиқмоқда. Мақсад тўғри, унга олиб борадиган йўл хато. Чунки бу биринчи қадам эмас, икки ёки учинчи қадам бўлиши керак эди.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Top