10:47 / 26.02.2016
9819

Тўдакўл ва Қуйимозор Халқаро аҳамиятдаги сувли-ботқоқ ерларнинг Рўйхатига киритилади

Бухоро вилоятидаги Тўдакўл кўли ва Қуйимозор сув омбори ҳудудида ҳозирда 34 хил ўсимлик ўсади ва улардан 8 тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган, 12 тури эса Марказий Осиё эндемикаси саналади.

Айни пайтда Тўдакўл кўли ва Қуйимозор сув омборини Рамсар рўйхатига киритиш режалаштирилган. Ҳозирда бу хусусида вазирлик ва идораларнинг тегишли хулосалари олинган, деб хабар беради Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, мамлакатимиз ҳудудидаги Денгизкўл (2001) ва Айдар-Арнасой кўллар(2008) тизими Халқаро аҳамиятдаги сувли-ботқоқ ерларнинг Рўйхатига киритилган. Экологик барқарорликни сақлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасидаги Судоче, Қашқадарё вилоятидаги Ачиқкўл каби қатор кўлларни ҳам Рамсар рўйхатига киритиш буйича ишлар олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида: Жаҳон ҳамжамияти томонидан сув-ботқоқли ҳудудларни муҳофаза қилиш, бундай ҳудудларга кенг жамоатчиликнинг эътиборини жалб этиш мақсадида 1971 йил 2 февраль куни Эроннинг Рамсар шаҳрида махсус Конвенция қабул қилинган бўлиб, айни пайтда мазкур Конвенцияга 168 та давлат аъзодир. Бугунги кунда Рамсар рўйхатига 2200 та сувли-ботқоқли ҳудудлар киритилган ва уларнинг умумий майдони 2,1 млн.км.квадратни ташкил этади. Ўзбекистон ҳам мазкур Конвенцияга қўшилган.

 

Top