Жаҳон | 22:03 / 08.01.2024
12177
11 дақиқада ўқилади

Гиёҳвандликда гумон қилинаётган Илон Маск, Хитойдаги коррупция ва Скандинавиядаги аёзлар — кун дайжести

Жаҳонда якшанба ва душанба кунлари рўй берган воқеалар, ҳодисалар ва баёнотлардан иборат янгиликлар жамланмасини одатдагидек эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ғазодаги вазият

ҲАМАС ҳаракати етакчиси Усома Ҳамдан Ғазо аҳолисини депортация қилишни таклиф этган Исроил молия вазири, ултрарадикал ўнг миллатчи Бецалел Смотричга Украина паспортини тайёрлаб қўйишни таклиф қилди.

«Бу бизнинг еримиз ва биз ҳеч қаёққа кўчмаймиз. Лекин сен Украина томонидан берилган паспортингни тайёрлаб қўявер», — деган Усома Ҳамдан.

Усома Ҳамданнинг айтишича, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашув бошланганидан буён Ғазо сектори ва Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида 30 мингдан ортиқ фаластинликлар Исроил ҳарбийларининг қурбонига айланишган.

ҲАМАС етакчиларидан бири Солиҳ ал-Арурийнинг ўлдирилиши исроиллик гаровда ушлаб турилганларни озод қилиш бўйича музокараларга нуқта қўйган, деб хабар беради NBC News .

Исроил махсус кучлари Ливан пойтахти Байрут шаҳрининг Машрафия даҳасида жойлашган ҲАМАСнинг қароргоҳига бошқариладиган ракета ёрдамида ҳужум қилган ва ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбарларидан бири Солиҳ ал-Арурий дохил бир неча кишиларни ўлдирган эди.

Телеканал суҳбатдошларидан бирининг айтишича, ҳозирча ҲАМАСда музокара ўтказиш учун стимул йўқ: чунки гаровдагилар озод қилиниши ҳамоно Исроил бомбалашларни қайта бошлайди.

Бу орада Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант ҳам Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар гаровда ушлаб турилганларнинг барчаси қайтарилмагунча давом этишини билдирди.

Исроилнинг Едиот Ахронот газетасининг ёзишича, Исроил армияси гарчи 60 млрд доллар сарфлаган бўлса-да, Ғазода ўз олдига қўйган мақсадларга эриша олмаган. 

Исроилдаги вазият

Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ва Исроил ўртасидаги вазият ҳам хавфлилигача қолмоқда. Бу борада Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Вазирлар Маҳкамасида чиқиш қилган.

Унинг айтишича, Исроил «Ҳизбуллоҳ» билан можарони сиёсий усуллар билан ҳал қилишга тайёр, бироқ дипломатия ёрдам бермаса, «бошқа» чоралар кўрилади.

«Мен «Ҳизбуллоҳ»ни ҲАМАС сўнгги ойлар ичида чиқарган хулосадан сабоқ олишга чақираман — уларнинг бирортаси бундан суғурталанмаган. Биз шимолдаги фуқароларимизни ҳимоя қилиб, уларни ўз уйларига қайтаришга тўлиқ тайёрмиз. Биз миллий мақсад, уни ҳамма қўллайди ва унга эришиш учун ҳаракат қиламиз. Бунга сиёсий йўл билан эришишга уринамиз, агар имкони бўлмаса, бошқа йўлларни кўрамиз», — деган Нетаняҳу.

АҚШ ҳокимияти ҳам Исроилнинг урушни Ливанга ёйиш режаларидан хавотирда, деб ёзади Washington Post нашри. Газетанинг манбалари хусусий суҳбатларда АҚШ маъмурияти Исроилни Ливандаги вазиятни авж олдирмасликка чақираётганини таъкидлашган.

Бу орада Ироқдаги ислом қаршилик ҳаракати Исроилнинг Ҳайфа шаҳрига замонавий қанотли ракеталар билан ҳужум қилган. Ракеталар Ҳайфа портини нишонга олган. 

Қизил денгиздаги таранглик

Яманнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати — ҳусийчилар томонидан Қизил денгизда амалга оширилаётган ҳужумлар 40 дан ортиқ мамлакатларнинг манфаатига зарар етказмоқда ва жаҳондаги денгиз ташувларининг 20 фоизига тасъир ўтказмоқда.

Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Қатарнинг бош вазири Муҳаммад ибн Абдурроҳман Ол Соний билан бирга ўтказилган матбуот анжуманида баён қилган.

Яманнинг олий сиёсий кенгаши аъзоси Муҳаммад Али ал-Ҳусий Байден, Макрон ва Сунакнинг ҳукуматлари Нетаняҳунинг қўшниси бўлмаса ҳам минглаб километрдан Исроилни қўллаб-қувватлашга келганини BBC мухбирига писанда қилган.

«BBC 2015 йилдан буён ўз янгиликларида биз халқ ўртасида қўлловга эга эмаслигимизни бот-бот такрорлаб келади. Агар халқ бизни қўлламаса, 9 йил мобайнида АҚШ ва Британия дохил 17 та мамлакатга қарши кураша олган бўлармидик?» — деган ал-Ҳусий. 

Украинага ёрдам

Украина ғарб давлатларининг ёрдамисиз бюджет харажатларини қисқартириш ёки тақчилликни тўлдириш учун пул чоп этишга мажбур бўлади. Ҳар икки вариант мамлакат иқтисодиёти учун жиддий хавф уйғотади, деб ёзади The Wall Street Journal.

Даниянинг Berlingske газетаси мамлакат Украинага тақдим этишга ваъда қилган F-16 самолётларини етказиш ярим йилга сурилишини маълум қилган. Аввалига етказиш 2024 йилнинг бошларига мўлжалланганди, энди муддат иккинчи чоракнинг охирларига сурилган.

Бироқ Украина F-16 самолётларини тез орада Норвегиядан қабул қилиб олиб, яна қарши ҳужумга ўтиши мумкин, деб ёзади немисларнинг Welt нашри.

Нашрга кўра, Кринки дарёсининг сўл қирғоғидаги Украина плацдармидан Қримгача бор-йўғи 60 км қолган. Қрим эса айни пайтда Россия назоратида остидаги энг муаммоли ҳудуд бўлиб турибди. Украина армияси у ерда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва радиолокацион тизимларни фаол йўқ қилмоқда.

Япония ташқи ишлар вазири Йоко Камикава хоним Киевга ташриф билан келиб, украиналик ҳамкасби Дмитро Кулеба билан суҳбатлашган.

Kyodo агентлигининг қайд этишича, Япония НАТО фондига 37 млн доллар ажратадиган бўлди. Бу пуллар Украианага пилотсиз парвоз қурилмаларини аниқлаш тизимини харид қилиш учун йўналтирилади.

Токио Украинага етишмаётган Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини АҚШга етказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Вашингтон бу қурилмаларни Украинага беради. Токио шунингдек, билвосита етказиб бериш схемаси орқали Украина қуролли кучларига 155 миллиметрли снарядлар ҳам етказишга розилик берган. 

КХДР снаряд отишда давом этмоқда

Шимолий Корея Жанубий Корея билан чегарани учинчи кун ҳам ўққа тутди. Бу сафар КХДР Сариқ денгизда жойлашган Ёнпёнгдо оролининг шимолига ўқ узган. Жанубий Корея ҳукумати Ёнпёнгдо ва унга қўшни ороллар аҳолисини уйда қолишга чақирди.

КХДР томонидан дастлаб жума куни 200 та снаряд учирилган бўлса, шанба куни 60 та снаряд отилган.

Бунга сабаб қилиб, Жанубий Корея Украина учун қурол-яроғ етказиб бераётган асосий давлатлардан бири бўлганини кўрсатишмоқда.

Жанубий Корея ёзги қарши ҳужум чоғида асосий ҳомийлардан бири бўлган. У Европа Иттифоқидан ҳам кўпроқ снарядлар етказган. The Wall Street Journal нашрига кўра, ўтган йили Жанубий Корея 41 кун ичида 300 мингта 155 миллиметрли артиллерия снарядларини Украинага махфий етказган. Россиянинг иттифоқчиси бўлмиш КХДРнинг бу провокациясидан кўзланган мақсад — Украинага снарядлар ва ўқ-дорилар етказилишини тўхтатиш бўлиши мумкин. 

Европада президент ўзгаради

Европа Кенгаши президенти Шарл Мишел 2024 йилнинг июлида бўлиб ўтадиган Европа парламентига сайловларда иштирок этиш ниятини эълон қилди. Бунинг учун у ўз лавозимини муддатидан аввал тарк этади. Чунки бир вақтнинг ўзида у ҳам Европа Кенгаши президенти, ҳам Европа парламенти депутати бўла олмайди.

Шарл Мишел 16 июл кунигача — Европа парламенти депутати сифатида қасамёдга келтирилгунга қадар ўзининг ҳозирги лавозимида ишлаб туради. У ОАВ билан суҳбатда ўзининг ворисини июн ойининг охирлари ёки июлнинг бошларида маълум қилишини айтган.

Politico нашрининг хабар беришича, агар Европа иттифоқи давлатлари бу лавозимга янги номзодни тасдиқлай олишмаса, уни Венгрия бош вазири Виктор Орбан эгаллайди. Чунки бу даврда Венгрия Европа Кенгашига раислик қилаётган бўлади. 

Гиёҳванд Илон Маск

Дунёнинг энг бой одами бўлмиш Илон Маскнинг наркотик моддалар истеъмол қилиши Tesla ва SpaceX компанияларига жиддий соя солиши мумкин, деб ёзади The Wall Street Journal нашри.

Газета Илон Маск тақиқланган препаратларни мунтазам истеъмол қилиб келгани тўғрисида катта материал чоп этган. У бутун дунёдаги хос меҳмондорчиликларда LSD, кокаин, экстази, руҳиятга таъсир ўтказувчи қўзиқоринлар истеъмол қилган, деб ёзади нашр бу воқеаларни ўз кўзлари билан кўрган гувоҳларига асосланиб. Аслида, бундай кечаларга ташриф буюрганлар кўрган-билганларини ошкор қилмаслик тўғрисида битим имзолаб, телефонларини кираверишда қолдиришади. Лекин барибир оғзидан гуллаб қўйганлар топилибди.

Илон Маскка яқин инсонларнинг айтишича, 52 ёшли миллиардер ҳамон наркотик моддалар истеъмол қилишда давом этмоқда.

Tesla ва SpaceX компаниялари директорлар кенгаши хўжайиннинг наркоманлиги компанияларнинг обрўсига путур етказишидан ҳайиқишмоқда. 

Хитойдан янгиликлар

Америка разведкасига кўра, Си Жинпинг томонидан ўтказилган Хитойдаги ҳарбий доиралардаги тозалашларга қуролли кучлардаги кенг кўламли коррупция сабаб бўлган, деб ёзади Bloomberg. Мисол тариқасида агентлик ёқилғи ўрнига сув тўлдирилган ракеталар аниқланганини келтирмоқда. Хитой олий армия раҳбариятидаги муаммолар ва силкитишлар Хитой томонидан йирик ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилиши эҳтимолини пасайтиради.

Бу орада Хитой Тайванга қурол-яроғ сотгани учун Американинг 5 та компаниясига нисбатан санкциялар жорий қилди. Қўлланадиган чораларга кўра, активлар музлатилади. Ташкилотлар ва хусусий шахсларга бу компаниялар билан битим имзолаш ва ҳар қандай кўринишда ҳамкорлик қилиш тақиқланади. 

АҚШ Конгрессидаги муроса

АҚШ Конгрессининг республикачилар ва демократлар партияси вакиллари федерал ҳукуматнинг жорий йилдаги ишини молиялаштириш масаласида келишувга эришишган. Бу ҳақда Жо Байденнинг ёзма баёнотида маълум қилинади.

Reuters агентлигининг қайд этишича, АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон АҚШнинг 2024 йилнинг умумий бюджети 1,6 триллион долларни ташкил этишини маълум қилган. Уларнинг 886 млрд доллари мудофаа соҳасидаги харажатларга йўналтирилади.

АҚШ энди Украина учун ёрдам пакетини қийналмасдан қабул қилиши мумкин, икки йил учун ҳарбий бюджет 1,7 триллион долларни ташкил этмоқда, деган Марказий разведка бошқараси собиқ директори ЦРУ Дэвид Петреус. Унинг айтишича, Украинани молиялаштиришдан АҚШ манфаатдор, чунки ҳарбий ҳаракатлар НАТО чегарасида юз бермоқда. Агар Россия Украина устидан ғалаба қозонса у тўхтамайди ва кейинги нишон Молдова ёки Болтиқбўйи давлатлари бўлиши мумкин, деган Петреус. 

Германиядаги жосуслик

Бир йилдан зиёд вақт мобайнида Германиядаги ҳарбий полигонлар узра номаълум дронлар учиб юрибди ва уларни тута олишмаяпти, деб ёзади Bild нашри.

Шубҳали пилотсиз парвоз қурилмалари ҳар ҳафта кўзга ташланмоқда. Улар кўпроқ украиналик ҳарбийлар машқ қилаётган жойда пайдо бўлмоқда. Германияликлар дронларни россияликлар учиряпти, деган гумонга боришмоқда, бироқ ҳозирча буни исботлай олишмаяпти. 

Скандинавиядаги рекорд изғиринлар

Шимолий Европа давлатларига –40 даражадан совуқ ҳаво ёпирилди. Масалан, Норвегия пойтахти Осло шаҳрида метеорологик кузатувлар тарзида илк марта ҳаво ҳарорати –31°С гача пасайган. Швецияда –43°С даражали изғиринлар сўнгги 25 йил ичида илк марта кузатилмоқда. Финландияда ҳаво ҳаврорати –44,3°С гача пасайган. Қаттиқ совуқ Болтиқбўйи давлатлари, Беларус ва Украинанинг шимолий ҳудудларида ҳам кузатилмоқда.

Мавзуга оид