Тошкентга бир марталик иш учун келувчиларга гувоҳномалар берилади
26 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарор (pdf) асосида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан келган фуқароларга вақтинчалик бир марталик иш билан шуғулланиш учун гувоҳнома берилади. Бу ҳақда «Norma.uz» хабар берган.
Бундай гувоҳномага эга бўлиш учун Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказига тегишли ҳужжатларни топшириш талаб этилади.
Эндиликда, гувоҳнома олиш учун фуқаро Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказига ариза, асл нусха кўрсатилган ҳолда паспортнинг нусхаси, 3×4 см ўлчамли тўртта фотосурат ҳамда белгиланган шакл бўйича тўлдирилган сўровнома тақдим этиши керак. Ҳужжатлар топширилганидан 2 иш куни ўтиб, гувоҳнома берилади.
Бу гувоҳнома Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда вақтинчалик рўйхатдан ўтиш муддатига, шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинча ҳисобга олиш муддатига берилади. Гувоҳноманинг амал қилиш муддати олти ойдан ортиқ бўлмайди.
Бу ўзгариш фақат вақтинчаликка ишловчилар учун бўлиб, доимий тарзда ишловчи фуқаролар учун тааллуқли эмас.
Бу ўзгариш Паспорт-виза режимига риоя қилиш тартиби мустаҳкамланганлиги ва уй-жой фондидан фойдаланиш тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш доирасида жорий қилинди.