15:16 / 10.11.2022
9610

Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасидаги давлат улуши 87 млн долларга сотилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасининг балансда сақловчиси Poytaxt qurilish va xizmat МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини 87 млн долларга Abu Dhabi Uzbek Investment МЧЖ ҚКга сотиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.

Фото: Hyatt Regency

Сотув жараёнида KPMG Valuation and Consulting МЧЖ халқаро консалтинг компанияси Давактив агентлигининг хусусийлаштириш бўйича консультанти вазифасини бажарди, акциялар пакетини мустақил баҳолаш халқаро баҳоловчи компания PricewaterhouseCoopers МЧЖ томонидан амалга оширилган.

Мажбуриятга эга бўлган таклифларни белгиланган малака мезонларига мувофиқлиги, минтақадаги иш фаолияти, битимни ёпиш шартлари ва меҳмонхона баҳоланган қийматидан юқорилиги бўйича энг яхши харид қийматини тақдим этган Abu Dhabi Uzbek Investment МЧЖ ҚК халқаро тендер натижалари бўйича ғолиб деб топилди.

Abu Dhabi Uzbek Investment МЧЖ ҚК таклифи халқаро консультант томонидан ҳисобланган меҳмонхона индикатив нархлар оралиғи юқори қисмида жойлашгани ҳамда меҳмонхона баҳоланган қийматидан анча юқори экани айтилади. Битим талабгор томонидан сотиб олиш тўловига қўшимча равишда меҳмонхонани ривожлантириш учун 12 млн доллар миқдорида инвестиция киритиш мажбурияти билан бирга тўловни тўлиқ бир йўла тўлаш орқали амалга оширилади.

Abu Dhabi Uzbek Investment (БАА-Ўзбекисон) 1 миллиард долларга тенг капиталга эга бўлган инвестиция компанияси бўлиб, унинг мақсади Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган лойиҳаларга сармоя киритишдир. Компания ҳозиргача Ўзбекистон иқтисодиёти турли тармоқларига 100 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган. 

Беш юлдузли Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси 2016 йилда Тошкент марказида фаолият бошлаган ва Ўзбекистондаги халқаро Hyatt бренди биринчи меҳмонхонасига айланган. Умумий ер майдони - 3,1 гектар, бино ва иншоотлар қурилиш ости майдони - 60,1 минг квадрат метрни ташкил этади. Меҳмонхона 8 қаватдан иборат, меҳмонлар учун 300 та хоналар, 248 та стандарт ва 52 та люкс/полулюкс хоналар мавжуд. 

Top