Жаҳон | 17:42 / 27.03.2019
30436
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған: Истанбулдаги Авлиё София ибодатхонаси масжидга айлантирилади

Фото: Diken

Истанбулдаги Авлиё София ибодатхона-музейининг масжидга айлантирилиши АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти ва Жўлан тепаликларини Исроилга тегишли деб тан олиш ҳақидаги қарорига жавоб бўлади. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдўған маълум қилди, деб хабар беради Anadolu агентлиги.

"Биз Авлиё Софияга киришни бепул қилиб қўйишимиз мумкин, аммо фақат бунигина қилмаймиз. Муниципал сайловлардан сўнг Авлия Софиянинг асл мақомини қайтарамиз. Бу нима дегани? Биз музейнинг мақомини масжидга ўзгартирамиз. Ҳозирда Трамп Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб эълон қилди. Шундайми? Жўлан тепаликларини босқинчи Исроилга берди. Сизлар Туркиядан жавоб оласизлар", - дея Туркия раҳбаридан иқтибос келтиради агентлик.

24 март куни Эрдўған Туркия ҳукумати Авлиё София ибодатхонасига киришни бепул қилиши мумкинлигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, "барча диндаги туристлар унинг ёнгинасида жойлашган Мовий масжидга бепул киришлари мумкин, шунинг учун Авлиё София билан ҳам худди шундай қилса бўлади".

Греция ташқи ишлар вазири Йоргос Катрунгалос Афина Истанбулдаги Авлиё София ибодатхонасининг масжидга айлантирилиши ғоясини христианлар ва халқаро ҳамжамият учун ҳақорат деб ҳисоблашини билдирди.

Ҳозирда унга кириш 60 турк лирасини ($10) ташкил этади.

Авлиё София ибодатхонаси 532-537 йилларда император Юстиниан буйруғи билан қурилган. 1453 йилда Византия империяси қулаганидан сўнг ибодатхона масжидга айлантирилган. 1935 йилда Мустафо Камол Отатурк имзолаган декретга мувофиқ у музейга айлантирилган.

Мавзуга оид