Жаҳон | 14:14 / 07.06.2024
5320
8 дақиқада ўқилади

Ғазони тарк этолмаётган беморлар, Франциядан Украинага ёрдам ва Россиянинг Донбассдаги режалари — кун дайжести

Жаҳонда ўтган кун давомида рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазода 25 мингга яқин Исроил ҳужумидан ярадор бўлганлар ва бошқа беморлар сектордан ташқарида даволанишга муҳтож, дейилади Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазодаги бўлими баёнотида.

2023 йил 7 октябрдан бери фақат 4895 киши даволаниш учун Ғазодан ташқарига чиқиб кетишга муваффақ бўлган.

Исроил армияси Рафаҳ шаҳрига ҳужум уюштириб, Миср билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктини ўз назоратига олгач, бирорта бемор ёки ярадор секторни тарк эта олмаган. Бу эса минглаб одамларнинг ҳаётини хавф остида қолдирмоқда, — дейилади баёнотда.

Вазирликка кўра, Исроил Ғазодаги шифохоналарга атайлаб ҳужумлар уюштиргани ва уларни вайрон қилганидан сўнг, касал ва ярадорларнинг аҳволи ёмонлашмоқда.

Исроил агрессияcи туфайли урушнинг 244-кунига келиб Ғазодаги қурбонлар сони 36 минг 654 кишига етган. Ярадорлар сони камида 83 минг 309 кишини ташкил этмоқда, деб хабар беради Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазодаги бўлими.

Сўнгги бир сутка ичида Исроил ҳарбийлари 6 та оммавий қирғин ташкиллаштириб, 68 кишининг ўлимига ва 235 кишининг яраланишига сабабчи бўлишди.

Бу орада АҚШ, Германия, Франция ва Британия давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҲАМАС ҳаракатини АҚШ президенти Жо Байден яқинда эълон қилган Ғазо секторидаги ҳарбий можарога барҳам бериш режасини қабул қилишга чақирди.

Елисей саройи томонидан 6 июн куни кечқурун эълон қилинган қўшма хатга кўра, улар бу режани тўлиқ қўллаб-қувватламоқда. Ҳужжатда, шунингдек, «давлат ва ҳукумат раҳбарлари Исроил хавфсизлигига содиқликларини» таъкидлаб, «Байден режаси»ни зудлик билан амалга оширишга чақиришган.

Тўрт давлат вакиллари «Фаластин маъмурияти ва бош вазир Муҳаммад Мустафонинг ислоҳот дастурини қўллаб-қувватлашларини» яна бир бор тасдиқладилар ва ҳукуматни минтақавий ва халқаро қўллаб-қувватлашни кучайтиришга чақирдилар.

Ҳужжатдан кўриниб турибдики, имзоловчилар «Исроилнинг хавфсизлик эҳтиёжларини қондириш билан бирга, тегишли халқаро ёрдам билан Ғазо секторида қонуний Фаластин бошқарувини тиклаш заруриятини» кўрмоқда. 

Исроил иқтисодиёти учун хатар

Иқтисодчилар Исроилда «йўқотилган ўн йиллик» такрорланишидан ўз хавотирларини билдиришмоқда, деб ёзади Bloomberg нашри.

ҲАМАСнинг 7 октябр кунги ҳужуми — Исроил ғафлатда қолиб ҳужумга дучор бўлган, оқибатда иттифоқчиларига ёрдам сўраб мурожаат қилган, сиёсатчилар эса мудофаага харажатларни кўпайтиришни талаб қилган ягона ҳодиса эмас. Худди шундай вазият 1973 йилги «Қиёмат куни уруши»да ҳам рўй берган.

Ўша можаро натижасида Исроил ҳарбий харажатларни ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 30 фоизига етказган ва йиллик 500 фоиз даражасидаги инфляцияга дучор бўлган. Мана шу давр «йўқотилган ўн йиллик» деб ном олган ҳамда мудофаа ва ривожланиш ўртасидаги мувозанатни топиш узоқ йилларни талаб қилган.

Бугунга келиб Исроил бутунлай бошқа давлатга айланган, бироқ тарихий параллеллар барибир хавотир уйғотмоқда. ҲАМАС билан жангга киришишдан аввал мудофаа харажатлари рекорд даражада паст — ялпи ички маҳсулотнинг 4,5 фоизи даражасида эди. Бироқ, 2024 йилнинг ўзида унинг миқдори икки баробарга — 9 фоизгача ортган. Бу мамлакатдан инвестициялар оқиб чиқиб кетиши ва бир қанча технологик компаниялар Исроилни тарк этишига сабаб бўлиши мумкин.

 

Украинага ёрдам

Франция президенти Эммануэл Макрон Украина француз қуроллари билан Россиянинг халқаро тан олинган ҳудудига зарба беришига рухсат берганини тасдиқлади.

Франция президенти Киев руслар Украинага қарата ракета учираётган ҳарбий объектларга зарба бериши мумкинлигини таъкидлаган. Фақат тинч аҳоли истиқомат қилаётган жойларга зарба бериш тақиқланган.

«Франция Украинада тинчлик ўрнатилишини истайди. Аммо бу тинчлик Украинанинг таслим бўлиши эвазига ўрнатилишига қарши», — деган Макрон.

Франция, шунингдек, украиналик ҳарбий учувчиларни тайёрлаш ва 5 та Mirage 2000-5 ҳарбий қирувчи учоғини Украинага топширишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, Франция Украина қуролли кучларининг бир бригадасини ўқитиб, тайёрлаб бермоқчи.

«Вазифа — 4500 нафар украин аскарини ўқитиш, қурол-аслаҳалар билан таъминлаш, уларга ўз тупроғини ҳимоя қилишни ўргатиш ва ўзига хос «француз бригадаси»ни ташкил қилишдан иборат», — деган Макрон.

Эммануэл Макрон бугун Украина президенти Володимир Зеленскийни Елисей саройида қабул қилади. Бу учрашувда Макрон «нималар қилиш» ҳақида «жуда аниқ баёнот» билан чиқишга ваъда берди.

Зеленский Франция президентидан ташқари, Франция Мудофаа вазирлиги раҳбари Себастьен Лекорню билан ҳам учрашиб, бир қанча келишувларни имзолайди.

AFP хабарига кўра, Франция Украинанинг уруш пайтида Россия томонидан вайрон қилинган инфратузилмасини тиклашга ёрдам бериш учун кредит ва хайрия кўринишида 650 млн евро ажратмоқчи. 

Россиянинг Украинадаги режалари

Россия Украинадаги аннексия ва оккупация қилинган ҳудудлардан алоҳида федерал округ барпо этмоқчи.

Унга аннексия қилинган Қрим яримороли ва Украинага кенг кўламли босқин давомида оккупация қилинган ҳудудлар киритилиши режалагтирилган.

«Янги федерал округ тузилади ва бу иш тез фурсатларда амалга оширилади. Фикримча, унга Донецк, Луганск, Запорожье, Херсон областлари ва Қрим киритилади», — дея «РИА Новости» Украинанинг оккупация қилинган Запорижжя областининг бир қисмига раҳбар этиб тайинланган Евгений Балицкийнинг сўзларини келтирган.

Балицкийнинг сўзларига кўра, янги округ «Новороссия» деб аталиши мумкин.

2022 йилда, Россия томонидан Украинанинг Запорижжя областининг бир қисми Россия томонидан оккупация қилингач, Балкицкий Россия билан ҳамкорлик қилган ва «Запорожье областининг ҳарбий-фуқаролик маъмурияти» раҳбари этиб тайинланган эди.

2023 йилнинг ёзида Украина суди Балицкийни ноқонуний референдум ўтказиш ва мамлакат чегараларини ўзгартиришни ташкиллаштиришда айблаб, сиртдан 15 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган. 

Россияга қарши санкциялар

Россия тўлов билан боғлиқ муаммолар туфайли импортининг учдан бир қисмини йўқотди.

Масалан, феврал ойидан буён Хитойга жўнатилган тўловларнинг фақатгина 15 фоизи эсон-омон эгаларига етиб борган. Ҳисоб-китоблар билан боғлиқ муаммолар Россия импортининг учдан бир қисми қисқаришига олиб келган бўлиши мумкин.

The Moscow Times нашри Россиянинг ташқи савдо фирмалар билан ишловчи консалтинг компанияларидан ўз мижозлари орасида трансчегаравий тўловлар борасида сўров ўтказиб беришни илтимос қилган. 1000 дан ортиқ компаниялар сўровдан ўтказилган ва бир-бирига жуда яқин натижалар олинган.

Аниқланишича, хитойлик етказувчиларга доллар ёки кам ҳолларда юан ўтказиб берган компанияларнинг камида чорак қисмига май ойи охирига келиб тўлаган пуллари қайтиб келган. Гап феврал ойи охирлари — АҚШ Хитой, Туркия, БАА ва бошқа давлатларнинг банкларига иккиламчи санкциялар билан таҳдид қилгандан сўнг амалга оширилган тўловлар ҳақида бормоқда. Импортёрларнинг сўзларига кўра, пуллар бир неча ой давомида Хитой банкларида текшириш учун «осилиб» ётган, банкирлар товар кодлари, якуний харидор, етказиш йўналиши каби қўшимча маълумотлар сўрашган, алалоқибатда пуллар барибир қайтиб келган.

Импортчиларнинг 40 фоизи Хитойга тўғридан тўғри пул ўтказишни бас қилиб, пулларни учинчи давлатлар орқали тўлов агентлари ёки ўз схемалари воситасида ўтказишга ўтган. Россия президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари Максим Орешкин бўлаётган воқеаларни кичик қийинчиликлар деб атаган: Россия ва Хитой савдо муносабатларида «қандайдир арзимас муаммолар бор, ғарбдаги бадкирдорларнинг фитналари ҳам бўлиб турибди, бироқ буларнинг барчасини енгиб ўтса бўлади», деган у. 

Мавзуга оид