Жамият | 23:53 / 22.02.2020
20755
4 дақиқада ўқилади

Топаётганим фақат кун ўтказишимга етади - Москвадаги патентсиз муҳожирлар қаерда ишлайди?

Фото: ТАСС /Василий Кузьмиченок

Россияга меҳнат мигранти сифатида борсангиз, биринчи навбатда ҳал қилишингиз керак бўлган масалалар – патент ва регистрация.

Патент сизга расман ишга жойлашиш имконини беради. Регистрация эса – рус полицияси сўрайдиган асосий ҳужжатдир.

Патент учун имтиҳон топшириш керак (бу ҳақда навбатдаги мақолаларимизда батафсил тўхталамиз). Патент берилиши муддати ҳар хил, ўртача бир ой дейиш мумкин. Унгача эса расман ишлаш мумкин эмас. Лекин буни кутишга кимдадир имконият бор, кимдадир эса йўқ. 

Россияга хизмат сафаримиз давомида Москвада патентсиз ишлаётган ватандошларимизнинг иш жараёни билан ҳам танишдик.

Ҳужжатсиз ҳам ишлаш мумкин бўлган иш жойлари кам эмас. Биз шундай имкониятни берувчи типографияда бўлдик.

Типографияда асосан аёллар, талабалар, оғир иш қила олмайдиган ватандошларимиз ишлаётганига гувоҳ бўлдик. Бундан ташқари, кундузи асосий ишида ишлаб, кечаси ишлаш учун келадиганлар ҳам бор. Иш икки сменада ташкил этилган.

Иш ҳақи

Иккинчи сменадагилар 20:00дан тонгги соат 8гача ишлашади. Кунлик иш ҳақи – 1500 рубл (225 минг сўм атрофида), аммо унинг ҳаммасини ҳам уйга олиб кета олмаслигингиз мумкин.

Гап шундаки, меҳнат мигрантларига иш топишда кўмаклашувчи кўплаб ватандошларимиз бор. Улар ижтимоий тармоқлар ва Telegram`да ўзларининг канал ва гуруҳларини очиб, эълонлар беришади (Афсуски, уларнинг ҳаммаси ҳам ёлғон гапирмайди, деб айта олмаймиз).

Масалан, бир ватандошимиз типография билан келишув қилиб, корхонани ишчи кучи билан таъминлайди. Яъни патентсиз фуқароларимиз уларга мурожаат қилади. У эса манзилни айтиб, кейин ойлигини олиб беради.

Типографияда кунлик иш ҳақи 1500 рубл, қўлга олишингиз 1200-1300 рубл. Иш ҳақини ҳар 10-15 кунда ишни топиб берган ўртадаги одам тарқатади ва ўзининг хизмат ҳаққини олиб қолади.

Телефон ишлатсангиз, жарима тўлайсиз

Биз ҳам типографияга кечки сменада ишга чиқдик. Ишлаш асносида ватандошларимиз билан суҳбатлашдик. Уларнинг кўпчилигида патент йўқ. Асосан аёллар ва талабалар кечки сменада ишга чиқишади. Талабалар ўқишдан кейин келишади. Аёллар эса патенти йўқлиги ва ойлик маош камлиги сабабли ўзининг асосий ишидан чиқиб, кечки сменада ишлашади.

Иш вақтида телефон ишлатсангиз, жарима тўлайсиз. Ишингизни камералар орқали кузатиб туришади.

«Иш оғир эмас. Топаётганим эса фақат кун ўтказишимга етади»

Водийлик бир аёл билан суҳбатда бўлдик. Унинг айтишича, икки нафар ёш фарзандини онасига ташлаб Россияга келган. Патент қилишга маблағи йўқлиги сабаб ариза бермаган. Лекин ижарада туриш ва озиқ-овқатга пул кераклиги учун ноқонуний бўлса ҳам ишга чиққан.

«Бир танишимга ишониб келгандим. Лекин у айтган иш ўхшамади. Энди қайтиб кета олмайман. Патентга ҳам пулим йўқ. Фарзандларимни уйга ташлаб келганман. Шунинг учун патентсиз бўлса ҳам ишга чиқишга мажбурман.

Иш оғир эмас. Лекин топаётганим фақат куним ўтишига етаркан», дейди 30-35 ёшлардаги аёл.

Биз белгиланган иш вақтининг охиригача қолмадик, вақт алламаҳал бўлганда квартирамизга қайтдик. Типографияда қолганлар эса эрталабгача ишлашади... Шундан сўнг талаба ўқишига, мусофир аёлларимиз ўзининг асосий ишига кетишади.

Раҳматилло Исроилов.

Мавзуга оид