Спорт | 00:22 / 19.01.2026
7328
3 дақиқада ўқилади

Шомуродов Туркия Суперлигасининг биринчи даврасида энг яхши тўпурар бўлди

Айни пайтда Элдор Шомуродовнинг ҳисобида 13 та гол ва 3 та голли пас бор. "Истанбул Бошоқшеҳир” 18 ўйиндан сўнг 26 очко жамғариб, турнир жадвалининг 6-поғонасидан жой олган. 

Фото: Истанбул Бошоқшеҳир

Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов билан интервюни эълон қилди, деб хабар берди “Дунё” АА.

Унда ёзилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда спорт, хусусан, футболда катта натижаларга эришилган. Ўзбек футболчилари нафақат мамлакатда, балки хориж мухлислари орасида ҳам меҳр қозониб, юрт довруғини жаҳонга ёймоқда. 

“Истанбул Бошоқшеҳир” жамоаси таркибида тўп сураётган Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасининг биринчи мавсумида 17 ўйинда 12 та гол уриб, энг яхши тўпурар бўлди.

Элдор ўзбек футболи сўнгги йилларда катта ютуқларга эришганини таъкидлар экан, бундай натижаларда, аввало, давлат раҳбарининг футболга кўрсатаётган катта эътиборини алоҳида эътироф этган.

“Ёшларга ҳар бир соҳада кенг имконият тақдим этилмоқда. Бунинг натижасида, ёшлар ўз салоҳиятини намойиш этиб, юксак натижаларга эришмоқда. Ўйлайманки, сўнгги 10-15 йил ичида биз катта юксалишни бошдан кечирдик”, деб таъкидлаган Элдор Шомуродов.

Интервюда Ўзбекистон терма жамоаси сардори 2026 йил АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказиладиган Жаҳон чемпионати ҳақида ҳам фикр юритган.

“Биз тарихда илк бор 2026 йилги Жаҳон чемпионатига чиқди. Бу, албатта, ажойиб! Мундиалга чиқишни неча йиллардан буён кутиб юрган халқимиз бундан жуда хурсанд бўлди. Ҳозирда жаҳон чемпионатига астойдил тайёргарлик кўрмоқдамиз. Мақсадимиз – муносиб иштирок этиш, Ўзбекистоннинг футбол бўйича ҳам дунёга ўзини кўрсатиш.  

Гуруҳдан чиқиш учун доим имконият бўлган. Албатта, биз фақат иштирок билан чекланмай, яхши натижага эришишга ҳаракат қиламиз. Энг муҳими, нуфузли чемпионатда кучли терма жамоалар билан муносиб тарзда рақобатлашамиз”, деган футболчи.

Элдор Шомуродов суҳбат давомида 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўл олишга имкон берган Бирлашган Араб Амирликлари билан ўйинни унута олмаслигини таъкидлаган:

“Бу энг унутилмас ўйин эди. Айнан шу ўйин бизга мундиалда қатнашиш имконини берди. Ўша ўйинни ҳеч қачон эсимдан чиқармайман, чунки ўша куни бутун футбол фаолиятим кўз ўнгимда ўтган”, деган у.

Элдор ўзбек миллий таомлари, қадрият ва анъаналари ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.

“Ўзбек ошхонаси турк ошхонасидан қолишмайди. Бизнинг турфа миллий таомларимиз баробарида, Самарқанд, Хива ва Бухоро каби тарихий шаҳарларимиз ҳам бор. Тошкентда ҳам кўплаб ўзгаришлар бўлди. Кўплаб гўзал манзиллар бор. Қисқаси, Ўзбекистонга ташриф буюрган киши ҳеч ҳам афсусланмайди”, деган ўзбекистонлик футболчи.

Айни пайтда Шомуродовнинг ҳисобида 13 та гол ва 3 та голли пас бор. "Истанбул Бошоқшеҳир” 18 ўйиндан сўнг 26 очко жамғариб, турнир жадвалининг 6-поғонасидан жой олган. 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид