Комил Алламжонов муассислигидаги «Миллий» телеканали «Заковат» намойишини тўхтатди. Дастур тақдири энди нима бўлади?
“Заковат” 20 йиллик тарихида учта телеканалда эфирга узатилди. “Ёшлар”да очилган теледастур “Ўзбекистон” телеканалига, охири “Миллий” ТВга ўтди. Аммо ижодий эркинлик ваъда қилинган бу каналда "Заковат"нинг намойиши бутунлай тўхтаб қолди.
“Заковат”нинг ёпилишига оид гап-сўзлар анчадан бери муҳокама марказида. Бу борада якуний фикрга келинмаган, расман ахборот берилмаган бўлса-да, бу дастур бўйича парда ортида ҳам жиддий баҳслар кетаётганини англаш қийин эмас.
“Заковат” интеллектуал телеўйини ўзининг 20 йиллик тарихида учта телеканалда фаолият юритиб кўрди. Дастлаб “Ёшлар”да очилган теледастур кейинчалик “Ўзбекистон” телеканалига, охири нодавлат каналлар орасида рейтинги юқорилаб бораётган “Миллий”га ўтди.
Кўрсатувнинг дастлабки сонини кўпчилик яхши эслайди. Ўшанда бошловчи Абдурасул Абдуллаев мазкур лойиҳанинг янгилик эмаслиги, бу шаклда бошқа давлатларда мавжудлиги, энди эса Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйилаётгани тўғрисида гапирганди.
Чиндан ҳам айнан шу шаклда жуда кўп давлатларда бўлган бу дастур Ўзбекистонда ҳам жуда тез оммалашди. Унда иштирок этишни, ҳеч бўлмаса жўнатган саволи янграшини истаганлар жуда кўпайиб кетди. “Заковат” узоқ вақт прайм-таймларнинг энг қулай пайтларида эфирга узатилди.
Кўрсатув эфирга узатилиш билан бирга “Заковат” клуби ҳам янгидан янги билимдонлар ҳисобига кенгая борди. Ҳомийлар пайдо бўлди, тузуккина совринлар қўйилди, хориждан нуфузли меҳмонлар жалб қилинди. Бир сўз билан айтганда, илм тарғиботида, тафаккурга ундашда, айниқса ёшларни изланишга ўргатишда бу лойиҳанинг ўрни катта бўлди.
Аммо замон, вазият ўзгарди. Интернет, ижтимоий тармоқлар, гаджетлар оммалашуви аксарият ёшларни бу каби мантиқий фикрлашга ундовчи дастурлардан узоқлаштирди. Қаторлаштириб ташланган хориж сериаллари эфирнинг “қаймоғи”ни эгаллади ва телеканалларнинг асосий даромад манбаига айланди.
Бу жараёнда “Заковат” вақти сурила-сурила охири дастур эфирга чиқишдан буткул тўхтади. Албатта, телеклуб ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Аммо энди томошабин интеллектуал озуқа ва завқли томошадан бебаҳра қолди.
“Заковат”нинг бугунги ҳолатга тушиш сабаблари, келгуси режаларига оид саволлар билан дастур муаллифи Абдурасул Абдуллаевга мурожаат қилдик:
– Абдурасул ака, “Заковат” “Миллий” телеканалида фақат рейтинг пасайганлиги туфайли эфирга узатилмай қолгани қанчалик асосли?
– Бу гаплар қисман тўғри. Лекин шу билан бирга, бунинг объектив сабаблари ҳам бор. Ўзи МТРКдан “Миллий” телеканалига ўтишимиз бўйича музокаралар 3 ойча давом этган, бизга жуда катта ваъдалар берилганди. Мен нодавлат телеканалида ижод эркинлиги кенгроқлиги, яхшироқ таклифлар билдиришгани учун қабул қилгандим. Аммо бизни таклиф қилганлар, келишганларнинг деярли барчаси ишдан бўшаб кетишди. Бизга ажратилган техник имкониятлар қисқартирила бошланди, “Заковат”нинг эфирга узатилиш вақти жуда кечиктириб юборилди, ҳатто соат 23:00га қўйилган вақтлар ҳам бўлди. Намойиш ойига икки мартага туширилди ва қайта эфирлар бутунлай тўхтатилди. Бу энди телеканалга боғлиқ жиҳатлари.
Ўзимизга боғлиқ томонларига келсак, мен ҳам 20 йил шу аравани тортдим, жисмонан ва руҳан чарчаган пайтларим бўлди, ўз ижодимга, янги лойиҳаларга вақт ажратдим. Унинг устига соғлигим ҳам панд берди – юрагимни маълум вақт даволатдим. Айни пайтда соппа-соғман ва янгича ғайрат билан ишлашга тайёрман. Бу вақт оралиғида бутун фаолиятни шогирдларга топширгандим. Улар ҳам албатта қўлларидан келганича ҳаракат қилишган, аммо айрим камчиликларга ҳам йўл қўйганлари табиий. Мана шу жиҳатлар бирлашиб рейтингга салбий таъсир қилди.
Энди учинчи бир жиҳат борки, уни ҳам албатта тилга олишимиз лозим. Томошабин, айниқса ёшлар енгил-елпи нарсаларга тобора муккасидан кетмоқдалар. Улар фикрлашни унутиб қўйяпти. Бу энди жиддий масала.
– Мана шундай узилиш пайтида бошқа телеканаллардан таклиф тушмадими?
– “Ёшлар” телеканалидан кўплаб таклифлар бўлган ҳамиша. Аслида ғоявий жиҳатдан олганда бизнинг жойимиз шу каналда. Лекин у тизимда фаолият учун чекловлар анчагина кўп, ҳар қандай янгилик учун жуда кўп жойдан рухсат олиниши керак. Яъни, ижодий эркинлик нодавлат телеканаллардагидек эмас.
– Дастурнинг келгуси тақдири бўйича нималар дея оласиз?
– “Заковат” тўхтаб қолиши бўйича жуда кўпчилик эътироз билдиргани, лойиҳа тақдирига бефарқ бўлмаган инсонлар кўплиги мени қувонтиради. Ана шундай юртдошларимизнинг мулоҳазалари, ўзимизнинг саъй-ҳаракатларимиз билан дастурни яна жонлантириш устида иш олиб боряпмиз. Бу нафақат қайта тиклаш, балки бутунлай янгитдан ва ўзига хос тарзда иш олиб боришни англатади.
“Миллий” телеканали муассиси Комилжон Алламжонов билан бу масала бўйича учрашдик. У “Заковат” эфирдан олинганлигидан бехабар бўлганини, бу ҳақда ижтимоий тармоқлар орқали хабар топганини, билимга чанқоқ ёшлар талаби албатта инобатга олиниши зарурлигини билдирди. Ўзи ҳозирги кунда фаолият олиб бораётган “Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди” ҳомийлиги остида “Заковат”ни қайта тиклаш, янада бойитиш, соврин учун ҳатто автомобиль қўйиш таклифини айтди. Биз бундан хурсанд бўлдик.
Комил Алламжонов давлат раҳбари томонидан ёшларга алоҳида эътибор берилаётган бир пайтда “Заковат” каби дастурлар ёпилмаслиги кераклигини билдириб, кўнглимизни кўтарди. Энди яхшиликлардан умид қилиб турибмиз.
– “Заковат” фаоли Хушнуд Худойбердиев ўз саҳифаларида дастурнинг янгича формати устида ишланаётгани ҳақида гапирганди. Бу режалар қайси босқичда ва умуман амалга ошадими?
– Ўзи умуман алоҳида платформа яратиш ғояси менда аввалдан бўлган, бу ҳақда МТРК раҳбариятига ҳам билдиргандим. Мақсад айнан интеллектуал дастурлар учун алоҳида телеканал очиш бўлганди. Майли, унда фильмлар ҳам берилсин, мультфилмлар ва бошқа дастурлар ҳам ўрин олсин. Лекин асосий ғояси интеллектуал лойиҳаларга асослансин деган фикр бор эди. Афсуски бу амалга ошмади.
Интернет имкониятлари кенгаяётгани, атрофимизда фаол ёшлар кўпаяётганидан фойдаланиб, ғояни янгича форматда йўлга қўйиш фикри яна жонланди. Бунда фақат “Заковат” бўлмайди албатта, “Брэйн ринг”, “Своя игра” каби лойиҳалар адаптация қилинади, янгилари ўйлаб топилади. Ана шундай режаларимиз ҳам бор.
“Заковат”ни томоша қилиб улғайганлар орасида бугун катта муваффақиятга эришган инсонлар жуда кўп. Чунки дастур ўз вақтида ёшларни жалб қила олганди ва ҳозир ҳам маълум истиқболга эга. Демак унинг эътибордан четда қолишига йўл қўйиб бўлмайди. Умид қиламизки, вазият бу даражага бормайди ва “Заковат” яна томошабин қаршисида пайдо бўлади.
Сарлавҳадаги саволга жавоб бериш вақти келди – “Заковат” сақланиб қолса, нафақат бу уч томон, балки бутун Ўзбекистон ютади.
Аввалроқ, Комил Алламжонов “Миллий” телеканалида хориж сериалларини эфирга узатиш камайтирилиб, кўпроқ миллий сериалларга эътибор қаратилишини маълум қилганди. Алламжонов сериаллар томошабин онгига таъсир кўрсатувчи кучли восита экани, аммо Ўзбекистондаги кўплаб телеканалларда асосан хориж сериаллари намойиш этилаётганини таъкидлаганди. Бироқ, ҳозирги кунда деярли барча хусусий телеканалларда хориж, хусусан, Туркия сериаллари асосий эфир вақтини эгаллаб турибди.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
11:41 / 11.11.2024
Рамзан Қодиров Алламжоновга уюштирилган суиқасд юзасидан муносабат билдирди
23:45 / 08.11.2024
“Агар журналист ҳақ бўлса, биз уни тан олишимиз керак” – президент
16:18 / 28.10.2024
Комил Алламжонов автомобилига ўқ узишда гумонланиб яна уч киши ушланди
23:51 / 27.10.2024