18:56 / 05.05.2024
11898

Анталядаги тураржой кризиси: Украинадаги уруш таъсирими ёки Туркия иқтисодиётидаги муаммолар?

Уруш бошланганидан сўнг Туркияга Россия ва Украинадан оқиб кирган мигрантлар оқими тураржойлар нархини осмонга кўтариб юборди. Маҳаллий аҳоли келганларни яшаш нархи кескин кўтарилиб кетганида айблаб келмоқда.

Туркияда Анталя «кичик Россия» деб аталади. Фото: dzen.ru/alenavturkey

«Эгалари уйларини бизга эмас, россияликларга ижарага беришни исташади, чунки улар икки баробар кўпроқ ҳақ тўлашади. Бизнинг ижара ҳақимиз ҳам кўтарилиб кетди», дейди 23 ёшли Дилян. У гўзаллик салонида ишлайди ва кунига 300 лира (9,3 доллар) пул топади. У ўзининг ёш болаларига сўнгги марта қачон гўшт харид қилганини эслай олмайди.

Анталя — Туркиянинг йирик шаҳарлари бири, мамлакат ташқарисида машҳур курорт. Лекин унинг иккинчи номи ҳам бор: «Кичик Россия».

Шаҳар мэри Муҳиддин Бўчекнинг айтишича, шаҳарнинг 2,5 млн аҳолисидан 200 минги рус тилида сўзлашади.

Расмий маълумотларга кўра, руслар — Анталядаги энг йирик хорижий қатлам, улардан кейин қозоқлар ва украинлар туради.

Туркия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 32 минг россиялик ва 14 минг украиналик Анталяда яшаш учун истиқомат гувоҳномаси олган.

BBC’нинг туркиялик мухбири Фунданур Ўзтурк Анталядан репортаж тайёрлади.

Россия Украинага бостириб киргач, янги миграция оқимлари туфайли шаҳарда жузъий ўзгаришлар рўй берди. Тураржойларнинг нархи ва ижара баҳоси кескин кўтарилиши баробарида маҳаллий аҳолининг хорижликларга ёвқараши ҳам оша бошлади.

Уруш бошланганидан сўнг шаҳарда тураржой ижараси баҳоси осмонга ўрлаб, икки ой ичида беш баробарга кўтарилди.

Анталя — хорижликлар мамлакат аҳолисидан кўра кўпроқ тураржой харид қилган Туркиянинг ягона шаҳри. Муҳиддин Бўчекнинг сўзларига кўра, биргина россияликларнинг ўзи 90 мингдан ортиқ уй ва хонадонларни харид қилишган.

Шаҳарнинг шаҳар ва маҳаллий режалаштириш бўйича мутахассиси Бугра Гўкчанинг айтишича, 2022 йил мартидан буён Анталяда тураржойлар нархи қарийб 4 баробарга кўтарилган.

Унинг сўзларига кўра, шаҳарда аввал квартира ижараси ойига 3600 лира (112 доллар) бўлган бўлса, ҳозир 14 минг лира (435 доллар)ни ташкил этади.

«Ўз давлатидаги иммигрантлар»

23 ёшли Дилян суриялик қочқинлар ва мигрантлар энг кўп тўпланган туманда истиқомат қилади. Унинг айтишича, қочқин сурияликлар ва қочқин россияликлар тушиб қолган вазиятни ҳаттоки солиштириб ҳам бўлмайди.

«Мен сурияликлар бизга келиб жойлашганини қоралай олмайман, чунки уларнинг устидан бомба ёғдириб турилган. Россияликларда эса вазият бошқача. Уларда пул бор, бу ерда ҳамма нарса арзонлиги учун келиб олишган. Улар бизнинг ҳаётимизни ўғирлаш баробарида уни қийинлаштирмоқда», — деган сартарош қиз.

«Улар бир ойлик маошига бу ерда бир йил яшаши мумкин. Биз эса қўлни қўлга уриб ишлашимиз керак. Мен масалан ойига 100 лира ҳам орттиролмайман. Ҳар сафар бозорга тушганимда 1000 лира ташлаб чиқаман», — дея нолийди Дилян.

Анталядаги чебурекхоналар тармоғи Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яримороли асрлар давомида Усмонийлар империясининг бир қисми бўлганини эслатади. Фото: BBC

Унинг сўзларини мебелга материал қопловчи Тунай Сарпқая ҳам маъқуллайди. Унинг тасдиқлашича, хорижликларнинг оқими яшаш қийматини сезиларли даражада ошириб юборган.

Тунайнинг сўзларига кўра, у яшаётган ҳудудда Россиянинг Украинага очган урушигача ижара ҳақи 2000 лира (62 доллар) атрофида бўлган, ҳозир эса 13 минг лира (400 доллар)гача чиқиб кетган.

Бугра Гўкченинг қайд этишича, тураржой ижараси нархлари ўсиши кўплаб омиллар, жумладан турк валютасининг долларга нисбатан қиймати тушиб кетгани, мамлакат иқтисодиётидаги муаммолар билан боғлиқ. Бироқ, бадавлат хорижликларнинг Туркиядан уй-жой сотиб олиши ва бунинг ортидан фуқаролик олишаётгани ҳам катта рол ўйнайди.

«Пировардида маҳаллий фуқароларимиз қашшоқ ҳолатга тушиб қолишмоқда. Улар она шаҳрида яшашга имкон тополмай қоляпти, чунки олаётган маоши ижара ҳақини қопламайди, қора кунларга пул йиғишни-ку қўятуринг, — дейди Гўкче. — Агар ҳукумат ҳозирги сиёсатини давом эттираверса беш йилдан сўнг Анталяда турклар қолмайди. Тураржой фондида хорижликларнинг етакчилик қилаётгани кундек равшан бўлиб қолади. Биз аллақачон жиддий ижтимоий инқирозга дуч келиб бўлдик».

Мина Пўлат сувенирлар дўконида ишлайди. Унинг олти кишидан иборат оиласи иккита ётоқхонага эга уйда яшамоқда. «Уйнинг аҳволи шунчаки даҳшат, лекин бизда танлов йўқ. Биз ўз мамлакатимизда иммигрантларга айландик», дейди у.

9500 лира (294 доллар) пенсияга яшовчи 66 ёшли Дўне Қанатни ижара ҳақини тўлай олмай қолгани учун уйдан ҳайдаб чиқаришган. Энди 4000 лира (125 доллар) эвазига ташландиқ дўконда яшашга мажбур.

Анталя кўчаларида рус тилидаги менюлар одатий ҳол. Фото: BBC

Анталянинг маҳаллий сиёсатчиларидан бири, миллиятчилар ҳаракати партиясининг ижрочи директори Демет Селек россияликлар аллақачон бошқалардан ажралиб турувчи жамоа бўлиб яшашга ўтиб олишганини айтади. Уларнинг ўз супермаркетлари ва такси ҳайдовчилари ҳам бор.

«Улар бутун бир тураржой мажмуасини харид қилишади ва уни фақат россияликларга ижарага беришади. Бу нотўғри», — деган у.

«Мен илк марта ўзимни исталмас бегона ҳис қилдим»

BBC мухбири Украина фуқароси Иринани шаҳар туманларидаги бозорлардан бирида учратган. Унинг айтишича, Анталяда истиқомат қилаётганига 8 йил тўлган бўлса-да, яқинда у ўзини илк марта бу шаҳарга бегона ҳис қилган.

«Мен автобусда кетаётганимда, ёнимда ўтирган маҳаллий турк аёллари хорижликлардан шикоят қила бошлашди, — дейди Ирина. — Мен эътироз билдириб, уларга турк тилида мурожаат қилдим, бироқ улардан бири менга қарата «сизлар бу ерни тарк этсаларинг бизга яхшироқ бўлади», деди. Мен бунақасини биринчи марта эшитдим ва жуда кўнглим оғриди».

Украиналик Ирина Анталяга 8 йил муқаддам кўчиб ўтган, ҳозир у ўзини бу ерда бегона ҳис қилмоқда. Фото: BBC.

Ирина каби ишлаш учун рухсатномаси бўлмаган кўплаб аёллар хос буюртма асосида мижозларининг уйига бориб, маникюр, педикюр ва киприкларни парваришлаш хизматларини кўрсатишади.

Унинг сўзларига кўра, у ҳар доим хорижликлар кўпроқ истиқомат қиладиган ҳудудлардан четроққа чиқса маҳаллий аҳолининг «нафратли нигоҳлари»га дуч келади.

«Кийим дўконларидан бирида кийиниш хонасига кирмоқчи бўлганимда турк аёли мени тўхтатди. У дўкон ходимига қарата: «мен биринчи кираман, мен туркман, у эса хорижлик, кутиб турсин», деди. Мен кийиб кўрмоқчи бўлган кийимларимни ташлаб, чиқиб кетдим. Дўкон эгалари эса умуман вазиятга аралашишмади, шунчаки сукут сақлаганча менга тикилиб туришди. Авваллари ҳеч бунақа бўлмасди», — дейди Ирина.

Анталядаги озиқ-овқатлар нархи ҳам яхшигина кўтарилган. Фото: BBC

«Ҳаммаси уруш бошлангач ўзгарди»

Инглиз тилидан дарс берувчи россиялик 47 ёшли Наталянинг айтишича, Россиянинг кенг кўламли босқинидан сўнг руслар ва украинлар ўртасидаги таранглик кескин ошган ва Анталядаги ҳаёт бутунлай ўзгариб кетган.

«Айрим украин дўстларим мен билан алоқани узишди. Мен болаларига дарс бериб келган украиналик оила хизматларимдан воз кечди. Авваллари бу ерда бир оиладек яшардик, энди эса менинг оиламни ичида ҳам баҳс-жанжаллар бўляпти. Ҳаёт энди аввалгидек бўлмайди, биз жуда кўп нарсани йўқотдик», — дейди Наталя.

Россиялик Наталя кун кўриш оғирлашгани, Анталяни тарк этишини айтган. Фото: BBC

Наталянинг ҳаётига тураржойлар нархи ошгани ҳам таъсир ўтказган. У харажатларни кескин камайтирган. Бироқ ойига 1000 доллар даромад энди камлигини тушуниб етган. Унинг айтишича, оиласи ресторанларга боришни бас қилган, балиқ ва гўштни рациондан чиқариб ташлаган.

Унинг энг қўрқадигани — қандайдир фурсат етиб, у ортиқ ўзини бажара олмай қолиши ва уни депортация қилишлари мумкинлигида.

2022 йилда ҳукумат шаҳарнинг 10 та туманида истиқомат изни берилишини бекор қилди, энди Анталияда яшовчи хорижликлар истиқомат гувоҳномаси ололмайди, олганлари эса муддатини чўза олмайди.

Уруш бошланганидан сўнг россияликлар учун ҳам, украинлар учун ҳам туристик истиқомат изнини олиш соддалаштирилган эди. Энди бу қоида ҳам яқинда бекор қилинди.

Агар туристик истиқомат гувоҳномаси соҳиби ўз ватанида доимий даромадга эгалигини исботлай олмаса, унинг истиқомат изни чўзиб берилмайди, чунки молиявий вазият зарур талабларга жавоб бермаётган бўлади.

Наталянинг айтишича, унинг узоқ вақтлардан буён Туркияда яшаб келган дўстлари айнан истиқомат изни чўзиб берилмагани учун Анталяни тарк этишга мажбур бўлишган.

«Мен бу мамлакатга нима бўлганини тушунолмаяпман. Нима ўзгарди? Нега улар бизни ортиқ исташмаяпти? Ўтган йили менинг визамни осонгина чўзиш мумкин эди, энди эса бу амалда имконсиз», — дейди у.

Украиналик Олга ҳам унинг визаси чўзиб берилмаслигига ишончи комил ва у ўз қизи келажаги учун курашиши, ҳеч қаерга кетмаслигини таъкидлаган. Фото: BBC

«Хорижликлар шаҳар иқтисодиётига сармоя ётқизишмоқда»

Анталядаги кўчмас мулк бўйича агентлар палатаси аъзоси Исмоил Чағларнинг BBC’га ҳикоя қилиб беришича, шаҳарда хорижликлар томонидан бошқарилаётган 3 мингдан ортиқ рўйхатдан ўтмаган кўчмас мулк агентлари ишламоқда.

«Уруш бошланганидан буён Россия ва Украина фуқаролари илк марта уларнинг она тилида гаплашувчи риэлторлар билан тўқнаш келишди, — дейди Чағлар. — Улар одамларни алдаб, беш баробар кўпроқ ижара ҳақи талаб қилишган. Урушдан қочиб келаётган одамлар уларга ишонган ва пулига куйиб қолган. Ўз навбатида, буни кўрган турк риэлторлари ҳам нархларни ошира бошлашган. Ижара ҳақи кун сайин кўтарилиб борганининг бош сабаби шу».

Анталя кўчаларида. Фото: BBC

Бироқ нархларни хорижликлар эмас, вазиятдан фойдаланиб қолишга уринган турк риэлторлари ва ижарага берувчилар кўтарган, деган фикрлар ҳам бор.

Шаҳарда тураржойи бўлган маҳаллий оилаларнинг бир қисми яқин атрофдаги қишлоқларга кўчиб, ўз уйларини хорижликларга, асосан русларга ижарага қолдириб кетишган. Бундан ташқари, кўплаб маҳаллий агентликларда эндиликда русийзабон ходимлар ҳам пайдо бўлган.

Маҳаллий сиёсатчи Демет Селекнинг айтишича, гарчи ҳамма нолиётган бўлса-да, нархлар ошишига тезда кўникиб бўлишган: «Алал оқибатда жуда кўп одамлар ўз уйларини қимматроққа сотишга муваффақ бўлишган», дейди у.

Анталя бозори. Фото: BBC

Урушга чақиришларидан Анталяга қочган россиялик ёш риэлтор Владимирнинг айтишича, россияликлар тураржой нархларини оширмаяпти, аксинча, шаҳар иқтисодиётига сармоя киритмоқда.

«Туркияга доимий яшаш учун кириб келаётганлар асло камбағал одамлар эмас. Улар маҳаллий иқтисодиётга пул ётқизишмоқда. Кўплаб турклар, уларнинг айримлари менинг мижозларим, шаҳар хорижликлар туфайли ривожланиб кетганини очиқча тан олишади», — дейди Владимир.

Унинг айтишича, Туркиядаги инфляция шу даражадаки, маҳсулотлар ва хизматлар нархи ҳар икки ҳафтада ўзгариб туради. Мамлакатдаги иқтисодий муаммоларнинг хорижликларга дахли йўқ. Боз устига, айни пайтга келиб кўплаб одамларга истиқомат изни берилмаяпти ва улар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишмоқда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top