Европадаги Euromonitor International тадқиқот компанияси сайёҳларни жалб қилиш бўйича дунёнинг энг яхши шаҳарлари йўналишидаги рейтингни эълон қилди. Бу рейтингда энг кўп ўринни Туркиядаги шаҳарлар эгаллаган.

Бу бежизга эмас. Сўнгги йилларда Туркияга келаётган сайёҳлар сони кескин ошди.

2022 йилдаги натижалар солиштирилганда энг катта ўсиш Ҳонгконг шаҳрида бўлган (+2 495 фоиз). 2020-2022 йилларда пандемия туфайли жорий қилинган турли чекловлар олиб ташлангач бу шаҳарга сайёҳлар оқиб кела бошлаган.

Шунингдек, 2023 йилда Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида салмоқли ўсиш кузатилган. Бунга сабаб пандемия чекловлари бекор қилингандан сўнг Хитойдан Таиландга борувчи сайёҳлар сони кескин ошган.

Сайёҳлар энг кўп борган шаҳарлар рейтингида Париж ёки Рим каби шаҳарлар эмас, Истанбул биринчи ўринни эгаллаган ва 2022 йилга қараганда ўсиш 26 фоизни ташкил этган.

Дастлабки ўнталикдан Туркиянинг машҳур курорт шаҳри Анталя ҳам ўрин олган. 2022 йилга қараганда бу шаҳарга келган хорижий сайёҳлар сони 29 фоизга ошган.

Қуйида энг кўп хорижий сайёҳлар борган шаҳарлар ўнталигини келтириб ўтамиз.

Истанбул

Фото: stock.adobe.com

Истанбул шаҳри бундан 1700 йил чамаси аввал Рим императори Константин томонидан қурилган ва номи Константинопол бўлган. 1453 йилда Усмонийлар империяси султони Маҳмед II томонидан шаҳар забт этилгач унга Истанбул деб ном берилади.

Усмонийлар шаҳардаги кўплаб биноларни сақлаб қолиш билан бирга, Истанбулни янада кенгайтиришади ва у ўрта асрларда Евросиёдаги йирик шаҳарлардан бирига айланади.

Ўзида антик давр ва ўрта асрларда қурилган кўплаб тарихий биноларни сақлаб қолган Истанбул сайёҳлар учун анча жозибали шаҳар ҳисобланади. Шу сабабли ҳар йили уни кўриш учун ўн миллионлаб хорижликлар Туркияга келади.

Ярми Европа, қолгани Осиё қитъасида жойлашган бу шаҳарни Босфор бўғози устига қурилган йирик кўприклар боғлаб туради. Истанбулда шаҳар атрофи билан ҳисоблаганда қарийб 20 миллион одам яшайди.

Истанбулни кўришга келувчилардан ташқари, Туркиянинг бошқа ҳудудларига келадиган жуда кўплаб дам олувчилар ҳам шу шаҳар орқали ўтади. 2023 йилда Истанбулга 20 миллион хорижлик сайёҳ келган.