Жаҳон | 14:02 / 26.06.2024
1583
3 дақиқада ўқилади

ЕИ украиналикларни вақтинчалик ҳимоя қилишни 2026 йилгача узайтиради

Урушдан қочган украиналикларни вақтинчалик ҳимоя қилиш бўйича амалдаги кўрсатма 2025 йилнинг мартида тугаши керак эди.

Фото: Mario Tama / Getty Images

25 июн, сешанба куни ЕИ кенгаши расмий сайтида чоп этилган пресс-релизга кўра, Европа Иттифоқи кенгаши Украинадан келган қочқинларни вақтинчалик ҳимоя қилиш муддатини 2026 йил мартигача узайтирди. «Россия кундан кунга Украина халқини портлашлар билан ваҳимага солмоқда. Бу хавфли ҳолатдир. Россия агрессиясидан қочганлар бизнинг бирдамлигимизга ишонишда давом этишлари мумкин», - деди Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилаётган Белгия бошпана ва миграция масалалари бўйича давлат котиби Никол де Мур.

Еврокомиссия 11 июн куни украиналикларнинг Европа Иттифоқидаги вақтинчалик ҳимоясини узайтириш ташаббусини илгари сурди ва бу қадамни «мавжуд вазиятга зарур ва муносиб жавоб» деб атади. Еврокомиссия маълумотларига кўра, ҳозирда Европа Иттифоқида урушдан қочган 4,2 миллион украиналик бор. 

Украинадан келган қочқинлар учун ЕИ вақтинчалик ҳимояси 

Украинадан келган қочқинларни вақтинчалик ҳимоя қилиш тўғрисидаги директива Россиянинг мамлакатга ҳужумидан бир неча кун ўтиб ЕИда кучга кирди. Унинг мақсади Европа Иттифоқи давлатларига қочқинларнинг оммавий оқими пайтида миллий бошпана тизимлари ортиқча юкланиши олдини олишдир. 

Бунда, урушдан қочган одамлар яшаш учун рухсатномаларни тез ва бюрократик тартиб-қоидаларсиз олади. Резидентликни олгандан сўнг, улар тиббий ва ижтимоий ёрдам, таълим ва меҳнат бозоридан фойдаланиш учун Европа Иттифоқи бўйлаб мурожаат қилишлари мумкин. 

Германияда Украинадан келган қочқинлар учун имтиёзлар муҳокама қилинмоқда

Сўнгги пайтларда Германиянинг ўнг марказчи партиялари украиналик қочқинларни қўллаб-қувватлаш борасида ўз позициясини қатъийлаштирди. Хусусан, Эркин демократик партия (ЭрДП) бош котиби Бижан Джир-Сарай Германияда қолган украиналикларга базавий фуқаролик нафақасини (Bürgergeld) тўлашни бекор қилишни таклиф этди. Унинг фикрича, бу қочқинларни Германияда иш излашга ундаши керак. «Бизда ҳамма жойда ишчи кучи танқислиги бор - масалан, ресторан, қурилиш ва ҳамшираликда. Биз энди ишсизликни молиялаштириш учун солиқ тўловчи пулларидан фойдаланмаслигимиз керак. Бунинг ўрнига одамларни ишга жойлаштиришимиз керак».

Бироқ, ҳукумат вакиллари тез орада ЭрДП ташаббуси Германия канцлери Олаф Шолцнинг позициясини акс эттирмаслигини билдирдилар ва навбатдаги матбуот анжуманида украиналик қочқинларга фуқаролик нафақаларини тўлашни бекор қилиш режалари йўқлиги таъкидлаб ўтилди. 

2024 йил март ойида Германияда 1,3 миллионга яқин Украина фуқароси яшаган, уларнинг аксарияти - аёллар ва болалар. Германия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 260 мингга яқин қочқинлар - 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид