«Залужний тўғрисини гапирди». Кличко уруш «боши берк кўчага кириб қолгани»ни айтган бош қўмондонни қўллади
У айрим украин сиёсатчиларидан фарқли ўлароқ Залужний томонида туришини айтган.
Киев шаҳри мэри Виталий Кличко Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг The Economist журналига берган интервюсида уруш «боши берк кўчага кириб қолгани», украинларнинг қарши ҳужуми йилларга чўзилиши мумкин бўлган позицион урушга айланаётгани ҳақида айтган гапларига қўшилишини билдирган.
Кличко Швейцариянинг «20 Minuten» нашрига интервю берган. Журналист ундан Залужний фронтдаги вазиятни «турғунлик» деб атаб хато қилдими, дея сўраган. Киев мэри фикрича, Украина ҚК бош қўмондони «ҳақиқатни айтган».
«Баъзида одамлар ҳақиқатни эшитишни истамайди. Аммо охир-оқибат у жавобгар. Бугунги кундаги вазиятни у изоҳлайди ва асослаб беради. Албатта, биз эйфория ичида халқимиз ва ҳамкорларимизни алдашимиз мумкин. Аммо буни абадий қилиб бўлмайди», — деган Кличко.
У айрим украин сиёсатчилари Залужнийни «ноҳақ» танқид қилаётгани, ўзи эса «унинг томонида туриши»ни айтган.
Кличкодан шунингдек президентлик амбициялари бор ёки йўқлиги ҳақида сўрашган. Киев мэри Украина ўз мавжудлиги учун курашаётган паллада бу ҳақда гапириш аҳмоқлик бўлади, деб ҳисоблашини айтган. Шу билан бирга, Украинанинг ҳозирги президенти Володимир Зеленскийнинг рейтинги пасайиб кетаётганидан ажабланмаслигини билдирган. Киев мэрининг фикрича, «одамлар ким самарадорли экани, ким эса йўқлиги»ни кўриб турибди, Зеленский эса «ўзи йўл қўйган хатолар учун тўлов қилмоқда».
«Одамлар биз урушга нега яхшироқ тайёргарлик кўрмаганимиз ҳақида савол беришади. Нима учун Зеленский охиригача иш бунгача етиб бормаслигига ишониб, вазиятни инкор этганини. Ёки россияликлар нима учун бу қадар тез фурсатда Киевга етиб келганини. <…> Аммо барибир бугун президентнинг муҳим вазифалари бор ва биз уни уруш охирига қадар қўллаб-қувватлашимиз керак. Аммо уруш охирида ҳар бир сиёсатчи ўз муваффақиятлари ва муваффақиятсизликлари учун жавобгар бўлади», — деган Кличко.
- Ноябр ойи бошида The Economist журналида Залужний билан интервю чиққан, у бошқа нарсалар қатори уруш «боши берк кўчага кириб қолгани» ҳақида гапирганди. Бунга жавобан Зеленский фронтдаги вазиятни «турғунлик» деб ҳисобламаслигини айтганди. Украина президенти офис раҳбари ўринбосари Игор Жовква УҚК бош қўмондони интервюси халқаро ҳамкорлар орасида «ваҳимали кайфият» уйғотганини билдирганди. Унинг фикрича, фронтдаги воқеаларни шарҳламаслик керак, чунки бу «тажовузкорнинг ишини енгиллаштиради».
- The Economist ўз манбасига асосланиб, Залужний ва Зеленский муносабатларини «даҳшатли»дан бошқа сўз билан ифодалаб бўлмаслигини ёзганди. Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк президент ва бош қўмондон ўртасида зиддият юзага келгани ҳақидаги хабарларни нонсенс деб баҳолаган.
Мавзуга оид
20:14 / 24.11.2024
Россия армиясининг «Жануб» қўшинлар гуруҳи қўмондони лавозимидан четлатилди
19:21 / 24.11.2024
FT: Россия юзлаб яманликларни Украинага қарши урушга ёллади. Улар шартнома имзолашга мажбурланмоқда
15:06 / 24.11.2024
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди — Reuters
14:22 / 24.11.2024