Рафаҳ соҳилига чиққан Исроил армияси, АҚШ билан хавфсизлик битими имзолаган Украина ва рекорд даражага етган қочқинлар — кун дайжести
Жаҳонда ўтган кун давомида рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил қўшинлари тобора Рафаҳнинг ичкариси томон силжиб бормоқда. Исроил танклари осмон, ер ва денгиздан туриб бомбалашлар амалга оширилган энг оғир тунда Рафаҳнинг ғарбий туманларидан бирининг ичкарисигача кириб келган. Кўплаб оилалар ўз уйлари ва чодирларини тарк этишга мажбур бўлган.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, Исроил қўшинлари соҳил яқинидаги Ал-Мавасий тумани томон силжий бошлаган. Бу ҳудуд Исроил армияси томонидан май ойида Рафаҳга ҳужум асносида эълон қилинган барча хариталарда ҳуманитар зона сифатида белгиланган эди.
Исроил томони сўнгги вақтларда миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилиб келган Рафаҳга ҳужумидан мақсад ҲАМАСнинг омон қолган сўнгги бўлинмаларини йўқ қилиш эканини таъкидлаган. Ҳозир аҳолининг катта қисми шимолга — Ғазонинг марказидаги Хон Юнус ва Дайр-ул-Балаҳ шаҳарларига йўналган.
Исроил токи ҲАМАС йўқ қилинмас экан, ўт очишни тўхтатишдан бош тортиб келмоқда.
Урушнинг 251-кунига келиб Исроил агрессиясининг қурбонлари 37 минг 232 кишига етган. Ярадорлар сони эса 85 минг кишидан ошган.
Сўнгги бир сутка ичида Исроил армияси томонидан учта оммавий қирғин уюштирилган. Унда 30 нафар ғазоликлар ўлдирилган, 105 киши ярадор қилинган.
Украина билан хавфсизлик битимлари
АҚШ президенти Жо Байден ва Украина етакчиси Володимир Зеленский икки давлат ўртасида хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги 10 йиллик битимни имзолади, деб хабар берди Reuters.
«Томонлар ушбу келишувни Украинанинг НАТО иттифоқига аъзо бўлиши учун кўприк сифатида тан оладилар», дейилади хабарда.
Натижада, энди Украина «Катта еттилик»ка (G7) кирувчи барча давлатлар, бундан ташқари, яна 8 та давлат билан шундай битимга эга бўлди.
АҚШ билан келишувда айтилишича, Украинага қуролли ҳужум ёки қуролли ҳужум таҳдиди юзага келган тақдирда, АҚШ ва Украинанинг юқори мартабали расмийлари жавоб чоралари бўйича маслаҳатлашиш ва Украинага қўшимча мудофаа зарурлигини аниқлаш учун 24 соат ичида учрашади.
Келишувга кўра, Қўшма Штатлар Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлайди.
Жо Байденга кўра, Украина ва АҚШ ўртасида тузилган хавфсизлик бўйича келишув америкалик аскарларни Украинага жўнатишни назарда тутмайди.
«АҚШ Украинага ёрдам беради, бироқ Америка қўшинларини Украинага урушиш учун юбормайди. Биз қурол-яроғ ва ўқ-дорилар етказиб берамиз, разведка маълумотлари билан бўлишишни кенгайтирамиз, жасур украин аскарларини ўқитишда давом этамиз», — деган АҚШ президенти.
Қайд этилишича, АҚШ Украинани ҳимоя қилишга қодир бўлган хавфсизлик ва мудофаа кучларини ривожлантириш ва келажакдаги тажовузнинг олдини олиш учун узоқ муддатли моддий, ўқув, маслаҳат, разведка, хавфсизлик, мудофаа-саноат, институционал ва бошқа ёрдам кўрсатиш ниятида.
Аввалроқ, Италияда ўтказиладиган G7 саммити олдидан Украина президенти Володимир Зеленский ва Япония бош вазири Фумио Кишида мамлакатлар ўртасида 10 йилга мўлжалланган хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги келишувни имзолаган эди. Ҳужжатга кўра, Токио Киевга 2024 йил охиригача 4,5 миллиард доллар беради.
Украинага ёрдам
G7 давлатлари Россиянинг музлатилган активларидан кўриладиган даромадлар ҳисобидан Украинага 50 млрд доллар кредит тақдим этадиган бўлишди.
Бу хабарни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, маблағлар йил охиригача Украинага пайдар-пай етказилади.
Reuters’нинг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, масаланинг техник жиҳатлари яқин ҳафталар ичида ҳал қилинади. Нашр маълумотларига кўра, АҚШ тўлиқ суммани тақдим этишга тайёр, бошқа мамлакатлар эса бу келишув доирасида Украинага қанча пул жўнатиши мумкинлигини эълон қилмаган.
Россиянинг музлатилган активларидан олинадиган даромадларни Украинага ёрдам сифатида ишлатиш ғоясини G7 давлатлари май ойида муҳокама қилишган эди. Ўшанда муайян қарор қабул қилинмаган, Россия Украинага етказган зарарни қопламагунча активлар музлатилганича туради, деган қарорга келинган.
Кейинроқ АҚШ Украинага музлатилган активлар ҳисобидан сўндирилувчи 50 млрд доллар кредит беришга тайёр эканини эълон қилган, бироқ Европа Иттифоқи Россияга муддатсиз санкция қўллай бошласа, деган шартни қўйган. Ҳозир Европа санкциялари ҳар 6 ойда чўзиб турилибди.
Ўтган куни Le Monde нашри Франция президенти Эммануэл Макроннинг вакилига таяниб, G7 давлатлари бу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлаганини хабар қилган.
Украина фронтидаги вазият
Россиянинг олдинга силжиши деярли барча йўналишларда тўхтаб қолди, ҳолбуки Путин РФ қуролли кучлари украин армиясини «сиқиб чиқараётгани»ни айтганди.
Россия армияси 2023 йил октябрида бир неча йўналишда бошланган юришларини июн ойида ҳам давом эттирмоқда. РФ қуролли кучларининг асосий зарбаси берилган ва энг катта қўшин ҳаракатга келтирилган Авдийивка йўналишида саккиз ой мобайнида 15–20 км масофа босиб ўтилди. Шу билан бирга, Авдийивканинг ўзи эгаллаб олинган феврал ойидан кейинги даврдаги илгарилаш 7–10 кмни ташкил этган.
Май ойида РФ қуролли кучлари Харкив яқинида янги фронт очган, бир неча кун ичида украинлар назоратидаги ҳудуд бўйлаб 7–8 км масофага кириб келинганди. Бошқа йўналишларда эса олдинга ҳаракатланиш янада секин ва камтарона бўлмоқда.
Владимир Путин 7 июн куни РФ қуролли кучларининг ҳужум методларини Украина қуролли кучларини Россия «ўз назорати остига олиши керак бўлган» ҳудудлардан «сиқиб чиқариш» тактикаси деб атаганди. Бундай юриш суръатини тезлаштириш ҳам мумкин — фақат Россия армиясининг сон жиҳатдан устунлигини сезиларли даражада ошириш ҳисобига.
Бунинг учун эса янги сафарбарлик очиш керак, боз устида йўқотишлар сони ҳам ортади — бундай вариантлар Путинни қониқтирмайди.
Унинг режасига кўра, гап камида Донецк ва Запорижжя областларини тўлиқ эгаллаш ҳақида боради. Аммо Донецк областининг логистик ва саноат марказлари — Краматорск, Словянск, Покровск, Курахово, Лиман шаҳарларигача Россия қуролли кучлари 30 кмдан ортиқ масофани босиб ўтиши керак бўлади. Област чегарасигача 40–50 км йўл босиш керак. Бундан хулоса қилиш мумкинки, ҳозирги суръатларида фақат Донецк областининг ўзини эгаллашга бир йилдан ортиқ вақт кетиши мумкин.
Бу орада Украина қуролли кучлари Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов Россияга ғарб қуроллари билан зарба берила бошлаганини тасдиқлади.
Будановга кўра, бундай зарбалар албатта ўз самарасини кўрсатади ва Украина учун фронтдаги «вазиятни аниқ енгиллаштиради». У шунингдек Россия президенти Владимир Путиннинг «қизил чизиқлар» тўғрисидаги гаплари омма олдида ўзини кўрсатиш эканини таъкидлаган.
Қочқинлар сони рекорд даражага етди
Дунёда қонли урушлар давом этар экан, 2023 йил охирига 117,3 миллион киши турли сабабларга кўра қочқин мақомини олгани таъкидланмоқда. Бу рекорд рақам экани БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси (UNHCR) томонидан маълум қилинган.
«2023 йил охирида 117,3 миллион киши таъқиблар, можаролар, зўравонлик, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва жамоат тартибини жиддий бузган воқеалардан қочганлиги учун мажбуран кўчирилди ва кўрсаткич янги тарихий даражага етди», дейилади ҳисоботда.
БМТ комиссарлигининг ҳисоб-китобларига кўра, қочқинлар сони 2024 йилнинг биринчи ойларида ҳам ўсишда давом этган ва апрел ойи охирига кўра, 120 миллиондан ошиши мумкин.
Кўчирилганлар сонининг кўпайишига Судан, Конго ДР, Мянма ва Ғазо секторидаги можаролар таъсир кўрсатган. БМТ Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йил охирига келиб, «ҳалокатли зўравонликлар 1,7 миллионга яқин одамни Ғазо секторини тарк этишга мажбур қилган».
«Бу азоб-уқубатлар халқаро ҳамжамиятни мажбурий кўчирилишнинг асосий сабабларини бартараф этиш учун шошилинч чоралар кўришга ундаши керак», деди қочқинлар бўйича БМТ Олий комиссари Филиппо Гранди.
Мавзуга оид
14:03 / 19.11.2024
Ғазодаги очарчиликдан огоҳлантирган Эрдўған, Эрон ядровий объектига зарбани тан олган Нетаняҳу ва Трампнинг мигрантлар бўйича режаси — кун дайжести
13:40 / 18.11.2024
«Ҳизбуллоҳ»нинг ҳалок бўлган матбуот котиби, Украинага рухсат берган Байден ва Трампдан норози мусулмонлар — кун дайжести
13:34 / 16.11.2024
Фаластин халқини қўллаган БМТ, Трамп билан гаплашган Зеленский ва Абхазиядаги намойишлар — кун дайжести
13:57 / 15.11.2024