Иқтисодиёт | 20:42 / 21.08.2019
3871
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ТИФ миллий банки: сайёр қабуллар тадбиркорлар манфаати учун хизмат қилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки раҳбарияти иштирокида республика бўйича сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Ҳозирги кунга қадар сайёр қабуллар Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида ўтказилган бўлиб, август-сентябр ойларида республиканинг қолган ҳудудларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақида ТИФ миллий банк матбуот хизмати ахборот бермоқда.

Мазкур тизимли тадбир банклар соҳасидаги барча ислоҳотларнинг моҳиятини тушунтириш ва уларни амалга ошириш механизмларини тадбиркорларга етказишни мақсад қилади.

Миллий банк бошқарув раиси Алишер Мирсоатов иштирокида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган сайёр қабул доирасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйиш, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш тадбиркорлар дуч келаётган муаммолар ўрганилди ҳамда амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, масъул мутахассислар банкда тадбиркорлар учун яратилган шароитлар хусусида ахборот беришди.

«Тадбиркорлар сайёр қабуллар натижасида ўз муаммоларига ечим топаётганидан мамнун. Тадбиркорлар билан мулоқотнинг бундай шаклини йўлга қўйиш орқали бизнес вакиллари ва банк ходимлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, банк хизмат турларининг сифатини ошириш, хорижий сармоялардан унумли фойдаланиш ва уларни ривожлантириш мақсад қилинган. Банкларни ислоҳ қилишга қаратилган стратегик ҳаракатлар натижасида молия-банк тизимида янги ва инновацион принциплар асосида ишлаш тизими жорий қилинмоқда», – дейилади «Ўзмиллийбанк» матбуот хизмати ахборотида.

Саодат Абдураҳмонова