Жамият | 21:00 / 24.09.2018
439181
7 дақиқада ўқилади

Шифокор маслаҳати: Гижжа ва бошқа паразит касалликларининг келиб чиқиш сабаблари, уларни даволаш йўллари

KUN.UZ таҳририяти “Соғлом ҳаёт” лойиҳаси доирасида бугунги кунда кўп учрайдиган касалликлар тўғрисида маълумот бериб бормоқда. Бугунги мавзу инсон организмида учровчи паразитлар тўғрисида.

Одам ва ҳайвонларнинг аъзо ва тўқималари ҳисобига яшовчи майда чувалчанглар – гижжалар (гельминтлар), улар келтириб чиқарадиган касалликлар гельминтозлар дейилади. Касаллик манбаи бемор одам ва гижжалар билан зарарланган ҳайвонлар ҳисобланади. Гижжалар – чувалчанглар, ўзининг паразитлик ҳаётини одам организмида ўтказувчи организмлардир. Бунда одам ёши роль ўйнамайди - катталар ҳам, болалар ҳам бир хилда касалланиши мумкин.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

Паразитлар инсонга қандай юқади?

Шифокорларнинг айтишича, паразитлар турига қараб турли усулларда юқиши мумкин. Масалан, аскаридалар, асосан, қўлини яхши ювмайдиган болаларда кўп учрайди. Острисалар эса одамга ифлос қўллар, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда оғиз ва бурунга тушадиган чанг орқали ҳам юқиши мумкин.

Касаллик белгилари

Гижжаларнинг хили, сони ва қайси органда паразитлик қилишига қараб касаллик ҳар хил кечади. Паразитлар билан зарарланган одамнинг вазни камаяди, қоринда оғриқ, кўнгил айниши, ич кетиши ёки бош айланиши, жиззакилик пайдо бўлади, дейди биз билан суҳбатда бўлган юқумли касалликлар шифокори Саодат Темирова. Гижжа ичакда бўлса – ич қотади ёки ич кетиши, кўнгил айниши, қайт қилиш ҳолатлари кузатилади. Жигарда бўлса - кўз оқи ва бадан сарғаяди, шиш пайдо бўлади, баданга ҳар хил доғлар тушиши мумкин. Ўпкада бўлса - иситма чиқиши ва йўтал пайдо бўлиши мумкин. Шунингдек, одамнинг меҳнат қобилияти пасаяди, болаларда ривожланиш орқада қолади, яхши ўсмайди, хотира пасаяди, уйқуси нотинч бўлади.

Гельминтларнинг классификацияси жуда кенг, айниқса, иссиқ иқлимли мамлакатларда. Ҳозирда гельминтларнинг фақатгина ўлкамизда кенг тарқалганлари ҳақида юқумли касалликлар шифокори Саодат Темирова билан биргаликда  маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

ЛЯМБЛЯ. Ҳозирда энг кўп учраётган паразит тури бу - лямбля ҳисобланади. Лаямбля – оддий, содда жонивор. У ўзидан ўзи одам организмида кўпаяди. Шифокоримиз Саодат Темированинг шахсий тажрибасидан келиб чиққан фикрига кўра, лямбляни шикоят бўлсагина даволаш мақсадга мувофиқ. Лямлблянинг аломатлари иштаҳа бўлмайди, эрталаб нонушта қилишга қийналиш, кун бўйи оч қоринда юриш, болаларда инжиқлик, жиззакилик, ич ўз-ўзидан кетиши ва қотиши бўлади.

ЛЯМБЛЯ

Юздаги оқ доғлар ҳар доим ҳам гижжа аломати эмас экан. Улар замбуруғдан ҳам бўлиши мумкин. Лямбляни кўпинча клизма қилишади, ҳолбуки, уни йўқотишда клизма қилиш бефойда. Чунки клизма лямбля ўрнашган жойгача етиб бормайди. Лямбля ўт йўлларида, ўн икки бармоқ ичагида кўпроқ паразитлик қилади. Биз таом тановул қилганимизда, овқат ҳазм бўлиши учун, ошқозондан кейин ўн икки бармоқли ичакка ўтади. Лямбля ўн икки бармоқдаги одам учун керакли витаминлар, минераллар, калий, кальцийлар билан озиқланади. Лямбля қайнатилмаган сув ва ичимликлардан юқиши мумкин. Лямбляни даволаш усулларидан бири уни ўлдирадиган дори 5 кун ичилади. Лекин бу дорини беришдан олдин жигарни яхшилаб текшириш керак. Кейин ўлган лямбляларни 5 кун ич сурар қилиб тушириш лозим. 20 кун ёки 1 ой ўт ҳайдовчи (маккажўхори попуги)ни  берилса, лямбля ўлиб кетади. Лямлбля ётиб даволанишга муҳтож эмас, дея ўз маслаҳат ва тавсияларини айтиб ўтди шифокоримиз Саодат Темирова.

ОСТРИЦА. Болаларда энг кўп учрайдиган паразит – острица (оддий гижжа), энтерибиоз касаллигини чақиради. Ушбу гельминтлар катта бўлмаган ўлчамда ўртача 1 см, оқ-кулранг рангда, эгилган танали бўлади.

ОСТРИЦА

Бу паразитларнинг жойлашиш жойи йўғон ичакдир, баъзида улар ингичка ичакнинг пастки қисмида ҳам жойлашиши мумкин. Острицанинг кўпайиши анал тешиги териси атрофида кечади. Тунда острица урғочиси тухумларини қўйиш учун тери бурмаларига боради, қиз болаларда кўпинча қин лабларига ҳам ўтади. Ушбу гелминтлар 1-1,5 ой ҳаёт кечиради. Бола ўз-ўзини зарарлаши унинг йиллар давомида безовталаниб юришига сабаб бўлади. Паразитни оддий (қуролланмаган) кўз билан нажасда ҳам кўрса бўлади. Острицанинг ошқозон ва ичакларга тушиши, организмнинг паразит билан зарарланиши деганидир. Острица тухумлари ташқи муҳитга ифлосланган нажас билан тушади. Тухумларнинг ташқи қобиғи ноқулай муҳитга чидамли ва ҳажми жуда кичик. Бола атроф-муҳитни ўрганиш, жисмларнинг таъми ва таркибини билиш мақсадида қўллари билан ҳар нарсани ушлаб кўради ҳамда уларни оғзига олиб боради. Шу йўл билан острицанинг тухумлари ўзининг “бўлажак кичик хўжайини” организмига тушади. Острица 20 см.дан 40 см.гача бўлади. 21 кун давомида яшайди. Острицани даволашнинг энг осон йўли тозаликка эътибор беришдир.

АСКАРИДА. Паразитлардан яна бир кенг тарқалган, болаларда кўп учрайдиган тури – аскарида. Бу нематодалар ўлчами 15 см.гача етади. Паразит ингичка ичаклар қовузлоғида жойлашиб олиб, тушаётган овқатларни еб қўяди. Аскарида нажасга камдан-кам ҳолларда тушади. Урғочи аскарида тухумларини нажас анализида топиш мумкин. Агар нажас таҳлилида тухумлар топилмаса, бу дегани бола аскарида билан зарарланмаган дегани эмас. Аскариданинг ҳаёт цикли бир неча йилларга етиши мумкин.

Бола организми курашиш қобилияти паст бўлганлиги сабабли паразит бемалол кўпая олади. Гижжалар билан ювилмаган мевалар ва ифлосланган сув орқали зарарланиши ҳам мумкин. Кўпинча зарарланиш болаларнинг ҳайвонлар билан мулоқотида, улар ахлати тушган тупроқ ва қумларда ўйнаганда ҳам кузатилиши мумкин. Болалар кўчада ўйнаб келганидан сўнг қўлларини ювишмайди, паразитлар бу вақтда организмга тушади. Шунинг учун барча болалар яшаш шароити ва тарбия муҳитидан қатъий назар бирдай зарарланиши мумкин.

Аниқлаш усуллари

Бола зарарлангандан кейин ва биринчи белгилар пайдо бўлганда, паразитларга гумон қилинганда қуйидаги тадбирлар ўтказилиши шарт:

  • Нажас анализи 3 марта олинади, оралиғи бир неча кун бўлиши керак;
  • Қоннинг гелминтларга анализи;
  • Қоннинг умумий таҳлили (острица тухумларига);

Қўшимча текширув сифатида:

  • Ички аъзолар УТТиси;
  • Рентгенография;
  • КТ ва МРТ;

Бу текширувлар паразитларнинг бошқа органларда жойлашган жойларини аниқлаб беради.

Эслатма
Касаллик хар бир одамда индивидуал тарзда кечади, шуни ҳисобга олган ҳолда, қандай даволаниш муолажасини олишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг! Йилида икки марта ўзингизга вақт ажратиб, шифокорга мурожаат қилиб, текширтириб турсангиз ҳамда асосийси гигиена ва тозаликка эътибор қилсангиз паразитлар сизни безовта қилмайди.