Молдова «ғарбчи» президент бошқарувига ўтмоқда. Мамлакат Россиядан узоқлашадими?
15 ноябрь куни Молдовада президент сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Унда Молдованинг собиқ бош вазири, мухолифатдаги «Ҳаракат ва бирдамлик» партияси етакчиси Майя Санду ғалаба қозонди.
Сайлов участкаларидан олинган баённомаларнинг 99,35 фоизи қайта қайта ҳисоблангач, Санду 57,42 фоиз овоз, унинг рақиби – амалдаги президент Игорь Додон 42,58 фоиз овоз олгани маълум бўлган. Молдова марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, давомат 52,76 фоизни ташкил қилган - 1,6 миллиондан кўпроқ сайловчи сайловда иштирок этган.
Шу тариқа, Санду 4 йил аввалги мағлубият учун Додондан реванш олишга муваффақ бўлди. Ўшанда Санду Додондан 4 фоиз ортда қолганди. Жорий йил 1 ноябрда ўтган сайловларнинг 1-босқичида Додон ва Санду энг кўп овоз тўплаб, 2-босқичга ўтганди. 1-босқичда Санду 36,16 фоиз, Додон эса 32,61 фоиз овоз олган.
Санду барча сайловчиларига миннатдорчилик билдириб, сайловлар давомида иккига бўлинган жамиятни яна бирлаштиришга ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга ваъда берди. Шунингдек, бўлғуси президент парламентни тарқатиб юбориш ва муддатидан аввалги парламент сайловларини ўтказиш режасини маълум қилган. Амалдаги президент Игорь Додон ҳозирча ўз мағлубиятини тан олмади.
Маълумот учун, Молдовада президент 4 йилга сайланади ва Додоннинг ваколати 23 декабрь куни тугайди. Янги президент инаугурацияси эса сайлов натижалари маълум бўлгач, 45 кун ичида ўтказилади.
Евроиттифоқ билан интеграция ёки Россия билан дўстона алоқа?
Молдовада салкам 30 йилдан бери ўтказиб келинаётган президентлик ва парламент сайловларида Европа Иттифоқи билан интеграциялашув ва Россия билан дўстона алоқаларни сақлаб қолиш тарафдорлари ўзаро рақобат олиб боради. Шу пайтгача ўтказилган барча сайловларда Россия билан дўстона алоқаларни сақлаб қолишни ёқловчи партиялар номзодлари ғалаба қозониб келган. 2016 йилда ўтказилган сўнгги президентлик сайловида ҳам Россия билан яқин бўлган Додон Европа Иттифоқи билан интеграциялашув тарафдори бўлган Майя Санду устидан ғалаба қозонганди.
Агар Молдовада ўтказилган президентлик сайловлари тарихига қаралса, 1991 ва 1996 йилларда президент умумхалқ сайлови орқали танланган. 2000 йилда Конституцияни ўзгартириш учун референдум ўтказилади ва унинг натижаларига кўра, Молдовада президентни парламент сайлайдиган тизимга ўтилади. Шундан сўнг бир неча сайлов шу тартиб билан ўтказилади. 2016 йилга келиб президентни парламент томонидан сайланиши бекор қилинади ва президент яна халқ томонидан сайланади.
Сайлов-1991
Молдовада илк сайлов 1991 йил 8 декабрда ўтказилган. Бошқалар қатори СССР тарқаб кетиши ортидан мустақил бўлган Молдовада ўтказилган илк сайловда фақат бир нафар номзод бор эди. Партиясиз бўлган Мирча Снегур 98,2 фоиз овоз билан мамлакат президенти этиб тайинланади. У ўзи раҳбарлик қилган йилларда асосий эътиборни Россия билан дўстона алоқаларни сақлаб қолишга қаратади.
Сайлов-1996
1996 йил 17 ноябрь куни Молдовада навбатдаги президентлик сайлови ўтказилади. Унда 9 нафар номзод ўзаро рақобатлашади. Сайловнинг 1-босқичида ҳеч бир номзод ғалаба қозониш учун етарли овоз йиға олмайди. Шундан сўнг, бошқаларга қараганда энг кўп овоз олган Мирча Снегур ва Пётр Лучинский иккинчи босқичда президентлик учун курашади. Қизиғи шундаки, уларнинг иккиси ҳам Россия билан дўстона алоқаларни ёқловчи номзодлар эди. Европа Иттифоқи билан интеграциялашувни ёқловчи номзодлар етарлича овоз ололмайди. Молдова коммунистик партияси лидери Владимир Воронин ҳам бошқа номзодлар каби етарлича овоз тўплай олмайди ва биринчи босқичдаёқ курашни тўхтатади. Иккинчи босқичда ўтказилган сайловда Пётр Лучинский кўпроқ овоз олади ва президент этиб сайланади.
Сайлов-2001
Молдовада 2001 йилда ўтказилган сайловда президентни парламент сайлайди. 2000 йилда референдум йўли билан конституцияга ўзгартириш киритилган ва президентни парламент сайлаши белгилаб қўйилган эди. 2001 йил 4 апрель куни ўтказилган сайловда Молдова коммунистик партияси раҳбари Владимир Воронин ғалаба қозонади. Унга 89 нафар депутатдан 71 нафари овоз беради. Бу сайловда Воронин кўпчилик овоз билан ғалаба қозонганининг сабаби шундаки, ўшанда Молдова парламентида коммунистлар партиясидан сайланган депутатлар кўпчиликни ташкил этган. Шу тариқа, коммунистлар партиясининг раҳбари Молдова президенти бўлади.
2005 йилдаги сайловда Владимир Воронин қайта сайланади ва у 2009 йилгача президентликда қолади.
Сайлов – 2009
2009 йил сентябрь ойида Владимир Воронин муддат тугамасдан истеъфога чиқади ва унинг ўрнига Молдовани парламентнинг вақтинчалик спикери Михай Гимпу бошқаради. 2010 йилда Мариан Липу Молдова парламенти томонидан вақтинчалик президент этиб сайланади. Ўша йил декабрь ойида Владимир Филат ҳам 2 кун (28-30 декабрь кунлари) вақтинча президентлик қилади. 30 декабрь куни Мариан Липу яна қайта вақтинчалик президент этиб сайланади.
2010 йилда яна умумхалқ референдуми ўтказилади ва президентни парламент эмас, умумхалқ овоз бериш йўли билан аниқлаш қайта жорий қилинади.
Сайлов – 2012
2012 йилда Молдова парламенти Николай Тимофти мамлакатнинг янги президенти этиб сайлади.
Сайлов – 2016
2016 йилда Молдова яна анъанавий сайлов тизимига қайтди ва президент парламентда сайланиши бекор қилинди. Шу йили ўтказилган сайловда жами 9 киши ўз номзодини қўяди. Биринчи босқичда ҳеч ким етарли овоз ололмайди. Иккинчи босқичга Россия билан дўстона алоқаларни сақлаб қолиш тарафдори бўлган Игорь Додон ва Европа Иттифоқи билан интеграциялашув тарафдори бўлган Майя Санду ўтишди.
Иккинчи босқичда ҳар икки номзод муносиб овоз олади. Игорь Додон Майя Сандуни 4 фоиз фарқ билан енгади: Додон 52,11 фоиз овоз олади, Санду эса 47,89 фоиз.
Сайлов – 2020
Ниҳоят, бу йил ўтказилган сайловда Майя Санду Игорь Додон устидан ғалаба қозонди.
Нега доим россияпараст номзодлар муваффақият қозонган?
Молдовада 2016 йилгача ўтказилган сайловларда Росссия билан дўстона алоқаларни сақлаб қолиш тарафдорлари бўлган номзодлар ғалаба қозонаверган. Европа Иттифоқи билан интеграциялашувни қўллайдиган номзодлар эса қўлланмаган. Аммо сўнгги иккита сайловда Европа Иттифоқи билан интеграциялашувни ёқлайдиган номзодлар россияпараст номзодларга муносиб қаршилик кўрсатганини кўриш мумкин.
Бунга асосий сабаб шуки, 2013-2014 йилларда Россия-Украина можаролари бошлангунча бу давлат етарли даражада иқтисодий ўсиш суръатларини кўрсатган. Ана шундай вазиятда Молдова Россия билан яқин иқтисодий алоқаларга эга эди. Жумладан, Молдова қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисмини Россияга экспорт қилган. Қолаверса, Молдова аҳолисининг катта қисми Россияда ишлаб кун кўрган.
2013-2014 йилларда Россия-Украина можаролари ортидан Россия Ғарб давлатларининг санкцияларига рўпара келди ва иқтисодий инқирозга учради.
Россияда рўй берган иқтисодий инқироз биринчи навбатда бу мамлакатга келиб ишлайдиган меҳнат муҳожирларининг маошига таъсир қилди. Шу жумладан, Россияда ишлаётган молдованларнинг ҳам. Бундан ташқари, Россиядаги иқтисодий инқироз туфайли Молдова ва Россия ўртасидаги савдо алоқалар ҳам анча пасайиб кетди.
Масалан, 2012 йилда Россия ва Молдова ўртасидаги савдо айланмаси 2 млрд 85,3 млн доллар бўлган. 2013 йилда бу кўрсаткич 1 млрд 738 млн долларга камайган. 2014 йилда эса ҳар икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 1 млрд 164 млн долларга тушиб кетган. Кейинчалик, 2015-2019 йилларда Россия ва Молдова ўртасидаги савдо айланмаси бироз кўтарилган. Аммо 2012 йилдаги кўрсаткичга етмаган. 2018 йилда 1 млрд 560 млн долларни, 2019 йилда 1 млрд 640 млн долларни ташкил этган.
Хуллас, молдоваликлар учун Россиядан яхши пул ишлаш имкониятлари пасайиб кетди. Бундан ташқари, сўнгги 15 йилда Россия ва Молдова ўртасида бир неча марта совуқ муносабатлар юзага келди. Ана шуларнинг барчаси йиғилиб оддий молдоваликларнинг Европа Иттифоқи билан интеграциялашуви тарафдори бўлган номзодларни кўпроқ қўллашига сабаб бўлмоқда.
Молдова ҳақида
Молдова Шарқий Европада жойлашган мамлакат. Мустақиллик куни 1991 йил 27 август куни нишонланади. Молдованинг ҳудуди унча катта эмас, бор йўғи 33 846 км кв бўлиб (дунёда 135-ўринда), унинг чегаралари шимолдан жанубга 350 км, ғарбдан шарққа 150 км чўзилган. Молдова шарқда Украина, ғарбда Руминия билан чегарадош. Пойтахти Кишинёв шаҳри. Расмий тил молдован тили (румин тили). Молдова парламентар республика ҳисобланади. Аҳолиси 3,5 млн киши бўлиб (131-ўринда), уларнинг аксар қисмини молдованлар ташкил этади. Бундан ташқари, бу мамлакатда руслар, украинлар, гагаузлар, руминлар ва болгарлар каби миллатлар ҳам яшайди.
Молдованинг ялпи ички маҳсулоти 8 млрд доллар атрофида (дунёда 140-ўринда). Мамлакатда қазилма бойликлар ва йирик завод-фабрикалар йўқ. Тўқимачилик саноати бироз ривожланган. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортидан келадиган даромад ҳисобидан шаклланади. Молдова хорижий мамлакатларга асосан сархил ва қуритилган олхўри, ёнғоқ ва узумчилик маҳсулотлари экспорт қилади. Мамлакат Европадаги энг камбағал давлат ҳисобланади.
Молдова Европа Иттифоқига қўшилиши мумкинми?
Молдовалик айрим сиёсатчилар ва аҳоли қанчалик хоҳламасин, бу давлат яқин орада Европа Иттифоқига қўшилиши қийин. Европа Иттифоқига аъзо бўлишнинг бир қанча шартлари бор. Молдова ҳозирча ўша шартларнинг фақат биттасига – мамлакат Европа қитъасида жойлашгани билан жавоб бера олади. Мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши, ички ва ташқи ҳудудий низолари бўлмаслиги каби шартларга жавоб бера олмайди. Бугун Молдова собиқ иттифоқ республикалари орасида иқтисодий ривожланмаган давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Қолаверса, бу мамлакатда ички ҳудудий муаммо бор. Ўтган асрнинг 90-йилларидан буён бу мамлакат таркибида бўлган ҳудуд – Днестрбўйи мустақиллик эълон қилган. Ҳеч ким тан олмаган мазкур ҳудуд ўшандан буён Молдованинг оёғига тушов бўлиб келяпти.
Ана шу сабабли ҳам Европа Иттифоқи мутасаддилари Молдовага етарлича эътибор қаратмайди. Масалан, 1991-2009 йилларда Европа Иттифоқи Молдовага бор йўғи 270 млн доллар ёрдам кўрсатган. Фақатгина 2014 йилга келиб Европа Иттифоқи Молдова фуқароларига Шенген ҳудудида визасиз кириб-чиқишга рухсат берди.
Бугун молдованларнинг аксарияти Россия, Туркия, Украина, Руминия ва Европанинг бошқа мамлакатларида меҳнат муҳожирлигида юрибди. Балки энди янги президент қўл остида мамлакат иқтисодий ривожланиб кетар...
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Мавзуга оид
23:28 / 30.12.2024
Молдова акцияларининг асосий қисми «Газпром»га тегишли «Молдовагаз»ни миллийлаштиради
21:25 / 28.12.2024
«Газпром» 1 январдан бошлаб Молдовага газ етказиб беришни тўхтатади
08:23 / 26.12.2024
Россия ракетаси Молдова ҳаво ҳудудини бузиб кирди
15:31 / 25.12.2024