Жамият | 16:55 / 28.04.2020
16622
11 дақиқада ўқилади

Инглиз таълим тизимининг асосий ютуғи нимада? Бирмингемда яшаётган педагог Мардон Юсупов билан суҳбат

Kun.uz ижодий гуруҳи Буюк Британияга сафари давомида шу мамлакатда яшаб, турли соҳаларда меҳнат қилиб келаётган ватандошлар билан интервьюлар ташкил этди. Навбатдаги суҳбатдошимиз – тажрибали педагог, Бирмингемдаги Кэдбери коллежининг математика фани ўқитувчиси Мардон Юсупов бўлди.

Буюк Британия Педагогик кенгаши ва «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси билан суҳбатимиз таълим ва хорижда яшашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида кечди.

Мардон Юсупов – «Умид»чилардан. 2001 йилда кўплаб ўзбекистонлик истиқболли ёшлар қатори у ҳам мазкур жамғарма орқали грант ютиб, Бирмингем университетида магистратура ўқишга келган. Ундан аввал эса Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) Иқтисодиёт факультетини тамомлаган.

«Бакалавриатда ўқиган йилларимда университетга тайёрлов курслари очганмиз. У пайтлари бунақа курслар ҳали жуда кам эди. Хусусий ўқув марказлари энди-энди очила бошлаган пайт бўлган. 1998-2000 йиллар оралиғида шу фаолият билан машғул бўлганман.

Ўқитувчилик фаолиятимни ҳам ана ўша пайтда бошлаганман», дея хотирлайди у.

Мардон Юсупов Англияга келгач, дастлаб Бирмингем университетида ижтимоий фанлар, кейинчалик Лондон метрополис университети (London Metropolitan University)да маркетинг бўйича магистр даражасини олади.

«Охир-оқибат, яна шу ўз касбим – ўқитувчиликка қайтиб, мактабларда ишлай бошлаганман. Бу ернинг мактабларида ишлаш учун, албатта, махсус тайёрлов курсларидан ўтиш керак. Мен ҳам бир йил давомида университет қошидаги мактабларга бориб, тажриба ошириб, 2009 йилда ўқитувчи сертификатини олганман», дея ҳикоя қилади суҳбатдошимиз.

– Ҳозир эса коллежда дарс беряпсиз.

Ҳозирги кунда коллежда математика фанидан дарс бериб келяпман. Асосан ўрта ва олий математикадан дарс бераман.

Ўзбекистон ва Англияда коллеж деганда бошқа-бошқа нарсалар тушунилади.

– Англияда мактабнинг 11-синфини битиргандан кейин, тўғридан тўғри университетга кириб бўлмайди; ундан олдин коллежда 2 йил ўқилади – бу 12-13-синфларга тўғри келади. Коллежда ўқиш мажбурий эмас, фақат университетда ўқимоқчи бўлганларгина коллежга киради.

Коллежда мактабдагичалик кўп фанлар ўтилмайди. Ўқувчи учта фанни танлайди; масалан, математика, кимё ва биологияни танлаб, шу соҳадан кетади. Икки йилдан кейин A-level сертификатини олишади ва шунга қараб, университетларга ҳужжат топширишади. Бали етган университетларга киришлари мумкин.

– Сиз ҳам мактаб, ҳам коллежда ишлагансиз. Шундан келиб чиқиб, Англиядаги ўрта таълимнинг асосий ютуқларини санаб бера оласизми?

– Умуман олганда, тизим яхши ишлайди, деб ҳисоблайман. Ўқийман деган ёшларга шароит яратиб берилган. Мактабларига борсангиз, шароитлар яхши, ўқитувчилар сифати, дарсликлар, ўқув дастурлари – булар таъминлаб берилган.

Бу ердаги таълимнинг муаммоларидан бири – ўқувчиларнинг ўзида қизиқиш бўлмаслиги. Ҳатто айрим ота-оналар ҳам фарзандларининг ўқишига жиддий қарамаслиги мумкин. Бироқ билим оламан деган ёшлар учун ҳамма шароит бор.

Синфдан синфга ўтиш билимга қараб эмас, ёшга қараб белгиланади. Имтиҳондан ўта олмаса, синфдан қолади, деган нарса йўқ. Мактабда болалар билимига қараб гуруҳларга бўлинади. Синфлар боланинг қобилиятига қараб ажратилган: айтайлик, 7-синфда 200та бола ўқиса, улар математикадан билимига қараб синфларга бўлинади. Синфдаги болаларнинг билим даражасига қараб дарс ўтишади. Энг иқтидорли ўқувчиларга юқори математика, ўрта синфларга ўртача ва ҳоказо.

Математикада бўлгани каби, худди шундай инглиз тили, кимё, физика, биология фанларидан ҳам шундай: ўқувчилар шу фанлардан билим ва қобилиятлари даражасига қараб гуруҳларга бўлиб қўйилади.

Мардон Юсупов

– Демак, инглиз таълим тизимининг асосий ютуқлари, деб айнан нималарни айтган бўлардингиз?

– Менга энг кўп билинадиган жиҳат – бола ўрта таълимни қандай битирганини аниқ билсангиз бўлади. Яъни мактабнинг охирги йилида – 11-синфда ҳамма имтиҳон топширади ва бу имтиҳонда ҳамма ўз билимига яраша балл олади. Имтиҳонни мактаб эмас, бошқа бир ташқи ташкилот ўтказади. Имтиҳон олиш билан шуғулланувчи алоҳида хусусий ташкилотлар бор, ўзлари келиб, имтиҳон олиб кетишади.

Бундай имтиҳон олувчи ташкилотлар сони кўп, билишимча, тахминан 7та. Улар болалардан имтиҳон олиб, мустақил баҳолашади, шунга қараб ҳар бир ўқувчи қанақа ўқиганини ўзи аниқ билиб олади.

Имтиҳонлар адолатли ўтказилади. Чунки баҳони ўқитувчи қўймайди. У ўзи ўқитган болаларга: «Сен аълочисан, сен «тўртчи»сан, сен «уччи»сан», деб баҳо тарқатмайди. Болаларнинг ўзлари имтиҳон топшириб, неча баҳо билан чиқса, ўша баҳо билан мактабни битиради.

Шундай бўлиши, менимча, яхши. Ўқувчиларга ҳам, ота-оналарга ҳам. Имтиҳон натижаларига қараб, давлат ҳам мактабларни назорат қила олади. Қайси мактабларда яхши ютуқларга эришиляпти, қайсилари қийналяпти, нега натижа бўлмаяпти, деб давлат турли стратегиялар билан ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилади.

Яъни бу ерда мактаблар яратган маҳсулотни баҳолаш тизими яхши ишлайди. Бу – битта ютуқ.

Иккинчи ютуқ – таълимдаги бўғинлар бир-бирига боғлиқ. Масалан, университетнинг талабига қараб, коллеж ўз ўқув дастурларини ишлаб чиқаради. Мактаблар эса ўз дастурини коллеждаги дастурларга мослаштиради. Яъни, узлуксизлик. Охири бориб тақаладиган жой – иш берувчилар.

Мисол учун, иш берувчилар бизга ҳозир ахборот технологияларидан хабардор кадрлар керак, дейишса, таълим тизимидаги дастурлар ва дарсликларга шунга қараб ўзгартириш киритилади.

Ўқув дастурлари мунтазам ўзгариб, ривожлантириб борилади. Биргина математикани ўқитишда охирги 10 йилда камида 2-3 марта ислоҳот бўлди. Чунки ҳар бир сайловдан кейин янги ҳукумат келганда ўзининг таълим бўйича дастурларига эга бўлади.

Хуллас, ҳеч ҳам тўхтаб қолмайсиз. Синфларда янги инновациялар доимий равишда қўллаб кўрилади. Ўн йилдан бери дарс бериб келаётган бўлсам, ҳар йили нимадир янги нарса кириб келади. Бу – янги технология ё дарслик-қўлланмалар ёки педогогик усуллар бўлиши мумкин. Яъни ўтган йили ўтган дарсимни бу йил қайтариб ўта олмайман.

– 11-синфни битириш арафасидаги имтиҳонларни мактаб ўқитувчилари эмас, ихтисослашган хусусий ташкилотлар ўтказар экан. Ўша имтиҳонларда ўқувчилар кўрсатган натижаларга қараб ҳам ўқитувчиларнинг фаолиятига баҳо берилса керак.

– Худди шундай. Шунинг учун ҳам ўқитувчилар болаларга яхши таълим беришга ҳаракат қилишади. Чунки битта синфни бир йил ўқитсангиз ва якунда улар яхши баҳо олишса, бу ўқитувчига ҳам, мактабга ҳам яхши.

«Шу болани яхши ўқита олдиммикан, кейинги йил шуни қандай қилиб яхшироқ ўтсам экан», дея ўқитувчи ҳам ўзига ўзи баҳо бериш имкониятига эга бўлади.

Ўқитувчиларнинг иши – фақат дарс бериш, ўқитиш, болаларни имтиҳонга тайёрлаш. Имтиҳон олиш эмас, уларнинг баҳосини текшириш эмас.

– Инглиз мактабларида ҳам «ставка» тушунчаси борми?

– Бор. Тўлиқ ставкада ҳафтасига беш кун ишланади. Тахминан соат 8дан 16гача ишлашади.

Ишдаги вақт бўйича меъёрлар бор: ўқитувчи мактабдалигида маълум фоиз вақтини бўш ўтказиши керак. 80-90 фоиз вақти ўқувчилар билан контактда ўтса, қолган вақти дарсга тайёрланиш билан ўтказилади.

– Ўзбекистонда ўқитувчилар ҳужжатбозликка кўмиб юборилганидан шикоят қилишади. Бу Англияда қанақа?

– Аслида, Англияда ҳам ўқитувчилар худди шунақа шикоятларни айтишади. Бизда ҳам асосий муаммолардан бири – иш юкламасининг кўплиги (workload). Бу – ҳужжатбозлик, дафтар текшириш, мажлисларга бориш бўлиши мумкин.

Умуман, бу ерда ҳам ўқитувчилар синфдан ташқари ишларга норозилик билдириб туришади. Ва буни ўқитувчилар бирлашмаси – Teachers’ Union орқали ўз ҳақларини лобби қилишади, яъни ҳукуматга етказишади. Шунинг ҳисобига ҳозир Таълим вазирлиги ва мактабларни назорат қилувчи орган ўз стратегияларини ўзгартириб, «Биз ҳам ўқитувчиларда ортиқча қоғозбозлик бўлишини хоҳламаймиз», деб, енгиллик беришяпти.

Чунки бу ерда ўқитувчилар етишмаслиги муаммоси бор. Яхши ўқитувчилар кетиб қолишяпти. Ойлик камлигидан, иш кўплигидан шикоят қилишади. Шунинг ҳисобига, давлат ҳам айрим талабларини юмшатяпти.

Англиядаги яхши мактаблар ўқитувчига фақат болага фойдаси тегадиган ишни қилдиради: «Агар шу қилаётган ишинг, ўқувчи учун фойдали бўлса, қил. Фойдаси тегмаса, қилма», дейишади. Лекин ҳамма мактаблар ҳам бундай эмас. Айрим мактабларда ёзув-чизув, қоғозбозлик, мажлисбозликлар кўп...

– Шахсан ўзингиз қанақа баҳолайсиз?

– Ҳозирги ишлаётган коллежимдаги ҳолат, менимча, нормал. 10 йилдан ортиқроқ вақтдан бери дарс бериб келаман ва вақтимни болага фойдали нарсаларгагина ажратаман. Агар бирон ишнинг болага фойдаси бўлмаса, бу ҳақда бошлиқларимга айтаман: шу нарсани қилишим шартми? Чунки шунга кетказган вақтимни бошқа унумлироқ ишларга сарфлашим мумкин.

Кўпинча, раҳбарлар тўғри қабул қилишади. Албатта, баъзи нарсаларни қилмасликнинг иложи йўқ – фақат синфга кириб чиқишнинг ўзи билангина иш битмайди. Шу нуқтада балансни тўғри ушлаш керак. Кераксиз, ҳеч ким ўқимайдиган ҳисоботларни ёзгандан кўра, болаларга фойдаси тегадиган биронта ресурс яратишингиз мумкин.

– Мактабда бир ставка ишловчи ўқитувчининг ойлиги қанча?

– Англияда ўқитувчилик фаолиятини энди бошлаётганларнинг маоши тахминан йилига 22-23 минг фунтни ташкил этади. Университетнинг тайёрлов курсини энди тугатиб мактабга ишга кирган ўқитувчининг ойлиги шунча бўлади, ойига ўртача 1800-1900 фунтдан тўғри келса керак. Ундан солиқ чегириб ташланса, тахминан 1500 фунт қўлга тегади. Бу – иш тажрибаси йўқ ўқитувчиларнинг маоши.

Тажрибасига қараб, мактаб ўқитувчиларининг маоши йилига 40 минг фунтгача боради. Бу ерда умумий давлат мактаблари ҳақида айтяпман, хусусий мактабларда маош даражалари фарқ қилади.

Тажриба тўплаб борган сари, ўқитувчиликдан ташқари, кафедра бошлиғи бўлишингиз мумкин, «завуч» ёки директор бўлишингиз ҳам мумкин. Қўшимча жавобгарлик олсангиз, маошингиз устига ҳам қўшилади.

Иш стажи ошиб борган сари, маоши ҳам кўтарилиб бораверади. Янги ўқитувчи бўлиб ишга кирган пайтларимда ҳар йили маошим миқдори 2 минг фунтдан ошиб борарди.

Албатта, Англияда яшаш ҳам шунга яраша қиммат. Ўзбекистон шароитига қиёслаб бўлмайди. Бераётган ойлиги бу ерда ўртача яшашга етади.

Суҳбатимиз давомида Мардон Юсупов Англия мактабларидаги табақалашув, ўқитувчи етишмаслиги муаммоси, ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрў-эътибори, инглиз мактабларида дарс беришдаги қийинчиликларга ҳам тўхталиб ўтди.

Бундан ташқари, ҳамюртимиздан хорижда яшашнинг ўзига хос томонлари, ғарб маданиятида фарзанд тарбиялаш ва оилавий қадриятларни сақлаб қолиш ҳақида ҳам сўрадик.

Суҳбатни тўлиқ равишда Kun.uz`нинг YouTube`даги саҳифасида томоша қилинг.

Мавзуга оид