Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кичик қишлоқдан катта спортга йўл — тоғлар орасида туғилган Олимпиада совриндори
Токиода бўлиб ўтаётган Олимпиада ўйинларининг дзюдо баҳсларида юртимиз вакили Давлат Бобонов -90 кг вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди. Tribuna.uz спортчи туғилиб ўсган Навоий вилояти, Нурота туманининг Чуя қишлоғида бўлиб, унинг яқинлари билан суҳбатлашди.
Оқтоғ ва Қоратоғ ўртасида жойлашган Чуя қишлоғи гўзал табиати билан тилларга тушган. Олимпиада совриндори Давлат Бобонов – тоғлар орасидаги ана шу қишлоқ фарзанди.
Кўплаб мусобақаларда юқори натижа қайд этган спортчи ҳақиқий маънода чуяликларнинг фахрига айланган. Унинг кечаги ғалабаси эса нафақат ота-онаси ва яқинлари, балки бутун қишлоқ аҳли учун унутилмас воқеа бўлди.

“Ўзи курашчилар оиласимиз. Турмуш ўртоғим ҳам, болаларим ҳам курашган, – дейди спортчининг бувиси Мукаррам Бобонова. – Бу набирам ёшлигидан бошқача эди. Қишлоқларда курашиб, солимлар олиб келарди. Гоҳида тинч юр, ўнталаб курашма, дердим. Дарсларни ҳам яхши ўзлаштирарди, аълочи эди. Бобоси спортга берганида ҳам норози бўлганман билими яхши бунинг деб. Кейин Самарқанддаги спорт мактабига бердик.
Мана, бугун биз кутгандан ҳам ортиқроқ ютуқларни қўлга киритмоқда. Ўзи бўлмади бу ютуқларнинг, жуда қийналиб, машаққат билан эришди. Вазн йўқотиш пайтида қўшилиб йиғлаган кунларимиз ҳам бўлди. Шукр, мана кўзлаган манзилига етди. Аммо раҳматли бобоси кўролмади, мана, биз кўряпмиз”.
Давлат Бобонов 1997 йил 7 июнь куни таваллуд топган. Отаси Ҳусниддин Бобонов ўша пайтларда савдо-сотиқ билан шуғулланган ва оиласи билан Тошкент шаҳрига кўчиб кетган. Олимпиада совриндорининг ёшлиги Тошкентда ўтган.
У пойтахтдаги 243-умумтаълим мактабида таҳсил олган. 12 ёшидан Самарқанд олимпия захиралари коллежида, кейинчалик Самарқанд давлат университетида ўқиган. Кўплаб мусобақалар ғолиби, Ўзбекистон ва Осиё чемпиони. Ҳозирги кунда дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.
Давлатнинг отаси Ҳусниддин Бобонов номдор курашчиларга ҳавас қилиб, ўғлини спорт машғулотларига берганини айтади.
“15 йилдан бери ният қилиб юрган медалимизга эришдик. Қувончимиз чексиз. Буни тасвирлаб беролмайман. Абдулла Тангриев, Ришод Собиров, Рамзиддин Саидов каби катта курашчиларга ҳавас қилиб ўғлимни спорт мактабига берганмиз. Давлатнинг дзюдога кириб келишига амакиси, кичик укам Шаҳобиддин Бобонов сабабчи бўлган. 6 ёшдан 12 ёшгача унинг қўлида тарбияланган. Мана, Ўзбекистон, Осиё чемпиони бўлиб, шу даражага етишди”, – дейди ота.
Дзюдочининг онаси Нурия Бобонова ҳам таассуротлари билан ўртоқлашар экан, ўғли қўлга киритган медални ўзбек халқининг медали, дея эътироф этди. Унинг таъкидлашича, Давлатнинг номдор спортчи бўлиб етишишида кўплаб инсонларнинг меҳнати сингган.
“Болам Олимпиадада бронза медалини олди. Бу, албатта, ўзбек халқининг медали. Мен бу медаль билан барчани табриклайман. Бу – бизнинг неча йиллик орзумиз. Биз ўғлимга чемпион бўласан, дея ҳар доим далда бўлардик.
Бу кунларни кўришни қайнотам Жиянмурод Бобонов жуда орзу қиларди. Ҳатто бетоб бўлиб, тўшакда ётган вақтларида: “Бир марта бўлса ҳам телевидениеда Бобонов деган овозни эшитсам армоним йўқ”, дерди. Аммо бу кунларни кўролмади. Боламнинг бу даражага етишишида ҳиссаси катта бўлган инсонларга, жумладан, мураббийи Нурали Қобуловга раҳмат айтаман”, – дейди спортчининг онаси Н.Бобонова.
Давлат Бобоновнинг ютуғидан бутун қишлоқ аҳли хурсанд. Қишлоқ оралаб, спорт майдончасида футбол ўйнаётган болакайларнинг ҳам, кўчада суҳбат қуриб ўтирган нуроний отахонларнинг ҳам таассуротлари билан қизиқдик.
78 ёшли Қувондиқ Бегашев кейинги Олимпиадада Давлат олтин медални қўлга киритишига ишонмоқда.
Биз ҳам отахоннинг ниятларига қўшилган ҳолда Давлат Бобоновга бундан ҳам юксак зафарлар тилаб қоламиз.
Руслан Сабуров тайёрлади.
Мавзуга оид
23:41 / 14.09.2025
Дзюдо бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионатида тенгсиз бўлди
19:53 / 27.02.2025
Шавкат Мирзиёев Халқаро дзюдо федерацияси раҳбарини «Дўстлик» ордени билан мукофотлади
13:43 / 19.10.2024
Тошкентда ҳарбийлар ўртасида дзюдо бўйича жаҳон чемпионати ўтказилди
17:16 / 03.08.2024