17:34 / 20.05.2022
24061

«2030 йилда ЯИМ миқдори 160 млрд долларга етиши кутилмоқда» — Жамшид Қўчқоров

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда аҳоли сони 40 млн кишига, ялпи ички маҳсулоти эса 160 млрд долларга, жон бошига ЯИМ эса 4 минг долларга етиши прогноз қилинмоқда. Таққослаш учун, 2021 йилда ЯИМ қарийб 70 млрд долларни, жон бошига эса қарийб 2 минг долларни ташкил этган.

Фото: Молия вазирлиги ахборот хизмати

Бугун, 20 май куни, Тошкент шаҳрида «Давлат-хусусий шериклиги бўйича халқаро давра суҳбати» бўлиб ўтмоқда. Тадбирда сўзга чиққан бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров хусусий инвестицияларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ҳақида тўхталиб ўтди.

«ДХШ дастури Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришдаги драйвер йўналиш ҳисобланади. Иқтисодий ўсишни таъминлаш ва реформалар даврида бу жуда ҳам муҳим. Биринчи навбатда, инвестициялар, айниқса хусусий инвестициялар биз учун жуда ҳам керак. Хусусан, ялпи ички маҳсулотимизни 100 млрд долларга етказиш инвестициялар, жумладан хусусий сармояларни талаб қилади. 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ДХШ дастури доирасида 14 млрд долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган», дея таъкидлади у.

Жамшид Қўчқоровнинг қўшимча қилишича, сўнгги беш йил давомида кечиктириб келинган бир қанча ислоҳотлар амалга оширилди. Шу билан бирга, глобал вазият мураккаб бўлган ҳозирги вазиятда ҳам Ўзбекистон инвестициялар жалб этишда бошқа давлатлар билан рақобат қила олади.

«Ўзбекистоннинг келажаги инвесторлар учун яхши имкониятлар тақдим қилади. Бизнинг прогнозларимизга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда аҳоли сони 40 млн кишига, ЯИМ эса 160 млрд долларга етади. Аҳоли жон бошига ҳисобланганда ЯИМ миқдори 4 минг долларни ташкил қилиши кутилмоқда. Давлатимиз раҳбари бу натижага эришишни бизнинг олдимизга мақсад қилиб қўйди», деди иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири.

Таъкидланишича, ҳозирда барча потенциал ҳамкорлар билан очиқ тарзда мулоқот жараёни амалга оширилмоқда.

Аввалроқ, Жаҳон банки экспертлари томонидан эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон 2030 йилга бориб даромад даражаси ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилиши учун ЯИМнинг ўсиш суръатлари ҳозирги даражадан анча юқори бўлиши кераклиги қайд этилганди.

2021 йилда Ўзбекистон ЯИМ 734,4 трлн сўмни ташкил этган – бу ўртача алмашув курс бўйича ҳисоблаганда номинал ЯИМ 69,23 млрд доллар бўлганини кўрсатади. Аҳоли жон бошига ЯИМ кўрсаткичи 1983 долларга етган.

Top