Ўзбекистон | 22:20 / 12.12.2018
52868
3 дақиқада ўқилади

«Шуҳрат–Домбрабадский» иши судга оширилди. У ва aкаси Тошкентдаги масжидни эгаллаб олишга уринганликда айбланмоқда

Тошкентда «Шуҳрат –Домбрабадский» (дўмбирободлик Шуҳрат) лақаби билан танилган Шуҳратилла Носиров ҳамда унинг акаси Шавкат Носиров устидан суд иши бошланмоқда. Бу маълумотни Ўзбекистон Олий судидаги манба Kun.uz мухбирига тасдиқлади.

Манбанинг маълум қилишича, иш судга келган, яқин вақт ичида бошланади. Қайд этилишича, суд ёпиқ тарзда ўтказилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жорий йилнинг ёзида Тошкент шаҳридаги Дўмбиробод мавзесида жойлашган «Носирхон» масжидини хусусийлаштириб олмоқчи бўлган криминал авторитет Шуҳратилла Носиров ва унинг акасини қўлга олишганди.

Тергов маълумотларига кўра, 1990-йиллар бошида Шуҳратилла Носиров уюшган жиноий гуруҳ ташкил этган. Бу гуруҳ рэкет ва бошқа зўравонликларга таянган жиноятларни содир этиш билан шуғулланган. У 1994 йили мавжуд далиллар асосида 16 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Жазони ижро этиш муассасаси тартибини бузганлиги учун 2 марта муддати узайтирилган, 2016 йил августида озодликка чиқарилганди. 

2018 йил май ойидан эътиборан ака-ука Дўмбирободдаги «Носирхон» масжиди ички ишларига аралаша бошлаган. Улар ушбу масжид уларнинг мулки эканини рўкач қилишган. Улар таҳдид қилиш йўли билан мазкур масжид ходимларидан муҳри, штампи ва барча ҳужжатларини тортиб олишган. Шундан сўнг, улар масжиднинг Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига тегишли эканини билдирмайдиган янги ноқонуний муҳр тайёрлаб, ундан фойдалана бошлашган.

Бундан ташқари, ака-ука Носировлар масжид ходимларини унга келиб ибодат қилувчилар орасидан танлаган ҳолда мустақил равишда янгилаб, улар орасига  ўз яқинларини ҳам киритишган. Масжид ҳайъати раиси сифатида Шавкат Носиров сайланган. У бевосита масжид фаолиятини бошқаришга киришган.

Масжид мутаваллиси (ҳисобчи) сифатида ака-укаларга бўйсунувчи М.Ҳайдаров иш олиб борган. Унга маош тайинланиб, ЎМИ ва унинг Тошкентдаги вакиллигига мажбурий пул ўтказишни маън қилган. Шу муносабат билан масжиднинг молиявий фаолияти ака-ука Носировлар кўрсатмаси билан олиб борилган.

Шу билан бирга, ака-укалар ЎМИ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Адлия вазирлигининг розилигисиз масжид номини «Насруллохон тўра» номига ўзгартиришни режалаштиришган. Шунингдек, масжидга ёндош, жисмоний шахсларга тегишли ер участкаларини эгаллаб олиш йўли билан масжид ҳудудини кенгайтириш ва уни таъмирлашни режалаштиришган.

Ака-ука Носировларга нисбатан шу йилнинг 8 июнь куни Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон ЖКнинг 145- (виждон эркинлигини бузиш), 227-(ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш), 228- (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 165-(товламачилик) моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев