Урганчда аҳолининг кириш-чиқиш йўлагидан тадбиркорга ер ажратилган. Бу норозилик келтириб чиқарди
Хоразм вилояти, Урганч шаҳри, Тинчлик кўчасида яшовчи фуқаролар кўп қаватли уйларнинг асосий кириш-чиқиш йўлагига савдо шохобчаси қуриш учун ер ажратилганидан норози бўлишмоқда. Тадбиркор бир неча марта бу жойда қурилиш бошламоқчи бўлган, аммо одамларнинг фаол қаршилигига учраган.
2018 йилнинг 29 июнида Урганч шаҳар ҳокимлиги 1653қ-сонли қарори билан якка тартибдаги тадбиркор Раҳимова Роҳатжон Олимовнага савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш учун 200 кв.м ер ажратади. Ҳужжатни собиқ ҳоким Одилбек Сапаев имзолаган.
Бироқ, мана 2 йилдирки, Тинчлик кўчаси 2А, 2Б, 2В, 2Г, 2Д ва 33-уйда яшовчи аҳоли ҳокимликдан бу қарор бекор қилинишини талаб этмоқда. Қурилишни бошлашга уринаётган тадбиркор эса одамларнинг фаол қаршилигига учраяпти.
Гап шундаки, ҳокимлик томонидан ажратилган ер кўп қаватли уйларнинг асосий кириш-чиқиш жойига тўғри келяпти. Агар савдо шохобчаси бу жойда қуриладиган бўлса, аҳолининг, коммунал хизмат идораларининг, тез тиббий ёрдам ва бошқа ташкилотларнинг транспорти кириб-чиқадиган асосий йўл ёпилиши, бу катта ноқулайлик туғдириши, нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, бу жойдан кўп қаватли уйларнинг коммуникация тизимлари, яъни, совуқ сув, оқова сув ва иссиқлик энергияси қувурлари, шунингдек, электр энергия таъминоти симлари ҳам ўтган. Қурилиш ишлари натижасида уларга зарар етказилиши ҳам мумкин.
Шу сабаблар аҳолини президент порталига, турли идора ва ташкилотларга норозилик хатлари жўнатишга мажбурлаган. Ҳатто одамлар тўпланиб, Урганч шаҳар ҳокимлигига ҳам боришган. Маҳалланинг 2018 йил 29 ноябрдаги ўтказилган йиғилишида аҳоли вакиллари қурилиш бошланишига қарши экани ҳақида овоз бериб, баённома имзолашган.
Натижада, 2019 йил 4 март куни Урганч шаҳар ҳокимлиги тадбиркорга ер ажратиш ҳақидаги 1653к-сонли қарорини «аҳолининг кескин норозилигини келтириб чиқаргани» сабаби билан бекор қилиб, ерни давлат ихтиёрига қайтарган. Бу ҳақда янги 389қ-сонли қарор ҳам чиққан.
Аммо тадбиркор Роҳатжон Раҳимова бу қарордан норози бўлиб, судга шикоят аризасини берган. 2020 йил 24 сентябр куни Урганч шаҳар маъмурий суди бу аризани қаноатлантириб, Урганч шаҳар ҳокимининг 389қ-қарорини бекор қилиб, тадбиркор фойдасига янги қарор чиқарган. Суд тафсилотлари бизга маълум эмас.
Шундан сўнг тадбиркор бир неча марта бу жойда қурилишни бошлашга уриниб кўрган. Аммо яна аҳолининг кескин норозилиги ва фаол қаршилигига учраган. Ҳатто бир вазиятда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари аралашуви билан зиддият чегарадан чиқиб кетишининг олди олинган.
Ҳолат юзасидан тадбиркор Роҳатжон Раҳимовадан изоҳ олишнинг иложи бўлмади. У аҳолининг мурожаати юзасидан боғланганимизни эшитгач, вақти бўлганида ўзи қўнғироқ қилишини айтди. Кейинчалик қўнғироқларга жавоб бермай қўйди.
Сўнгги пайтларда кўп қаватли уйларнинг кириш-чиқиш жойлари, болалар майдончалари, дам олиш ҳудудлари, кўкаламзорлаштирилган «яшил ороллар» – бўш турган жой деб талқин қилиниб, турли қурилиш объектлари учун ажратилмоқда. Афсуски, кўп қаватли уйлар орасида ҳар хил объектлар қурилиб, кундан кунга торайиб, «нафас олгани ҳаво қолмаяпти». Бундай ерларни қурилиш учун ажратиш жараёнида аҳолининг фикри жиддий ўрганилмаяпти, ҳисобга олинмаяпти. Натижада кўплаб зиддиятлар, норозиликлар келиб чиқмоқда. Биз ўрганган воқеа ҳам бунга яққол мисолдир.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда аҳоли яшаш жойларида қурилиш ишларини олиб бориш Шаҳарсозлик кодекси билан тартибга солинади. Унинг 4-моддаси 7-қисмига кўра, агар шаҳарсозлик фаолияти жамият, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларига зид бўлса, бундай фаолият тугатилиши керак дейилган. Бу моддага кенгроқ шарҳ берадиган бўлсак, ҳар қандай қурилиш ишлари лойиҳалаштирилиши ва бошланишидан олдин, шу ҳудуддаги фуқаролар, корхона ва ташкилотларнинг манфаатларига зид эмаслиги текширилиши, уларнинг розилиги олиниши шартдир. Бу қонун қурувчининг, тадбиркорнинг фаолиятига тўсқинлик қилинаётганини билдирмайди. Балки унинг манфаатларидан ҳам юқори турувчи халқ манфаати борлиги, у давлат ҳимоясида эканини англатади.
Афсуски, амалда ҳокимлик томонидан барча қарорлар қабул қилиниб, қурувчи экскаватор билан келганида аҳоли ернинг қурилиш учун ажратилганидан хабар топмоқда.
Яна бир нарса ҳайрон қолдиради. Ҳар бир ҳокимлик ҳузурида ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижарага бериш масалаларини кўриб чиқувчи доимий комиссия фаолият юритади. Унинг таркибида барча муҳим соҳалар, жумладан архитектура, коммунал хўжалиги мутахассислари ҳам бўлади. Шундай экан, нима учун ушбу жой тадбиркорга ажратиб берилиши ўз вақтида тўхтатиб қолинмаган? Аҳолининг кириш-чиқиш жойи ёпилиши, коммуникация воситаларига зарар етиши мумкинлигини комиссия аъзолари муҳокама қилишмаганми?
Ҳозирги вақтда фуқароларнинг суд қароридан норози бўлиб, Бош прокуратура, Олий судга ёзган хатлари «муаммо билан Урганч шаҳар ҳокимлиги шуғулланиши лозимлиги, бу вазиятда суд қарори устидан айнан ҳокимлик апелляция бериши мумкинлиги» кўрсатилган мазмундаги жавоблар билан қайтиб келмоқда.
Ушбу можаро юзасидан тўпланиб қолган саволларни, хусусан, бу зиддият қандай ҳал қилиниши режалаштирилгани, аҳолининг талабига қандай муносабат бўлиши, фуқароларнинг манфаати ҳуқуқий томондан қандай ҳимоя қилиниши ҳақидаги саволлар Урганч шаҳар ҳокимлигига берилди. Аммо, ҳозирча ҳокимлик томонидан ҳеч қандай жавоб бўлмади.
Нурмуҳаммад Саид