19:25 / 10.12.2022
10219

«Тез ёрдам ходимларига бодикамера қўйишнинг ўйлаб кўриладиган жиҳатлари бор» — ССВ вакили

Тез ёрдам ходимларини зўравонликдан ҳимоялаш учун бодикамералардан фойдаланиш ҳақидаги саволга жавоб бераркан, вазирлик расмийси бу таклифнинг баҳсли томонлари борлигини айтди. Маълум қилинишича, тиббиёт ходимларига тажовуз қилганлик учун 15 суткалик қамоқ ва жарима жазолари кучайтирилиши мумкин – тегишли қонун парламентда кўриляпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари ўтказган матбуот анжуманида тез тиббий ёрдам ходимларини бодикамералар билан таъминлаш масаласи кўтарилди. Бодикамераларнинг ноқулайлик жиҳатлари ҳақида ССВ Даволаш профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи Умид Рисқиев гапирди.

«Албатта, тез тиббий ёрдам ходими бодикамера билан фаолият юритиши ҳимоя қилиш учун жуда яхши нарса. Лекин иккинчи эстетик томонини ҳам ўйлашимиз керак. Яъни шифокор ёки фельдшер бемор ёнига келганда ҳар хил ҳолатда кўради. Қорнини очиб, ечинтириб кўришга тўғри келади.

Бу бўйича ҳозир аниқ бир йўналиш мавжуд эмас. Мен ўйлайманки, тез тиббий ёрдамда битта эмас, бригада боради. У ерда 2-3 одам кўзи билан кўриб тургандан кейин бодикамерага қанчалик эҳтиёж бор, буни ҳам чуқурроқ ўйлаб кўришимиз керак», – деди у.

Рисқиевнинг айтишича, бодикамера ҳимоя воситаси бўла олмайди. Чунки ички ишлар ходимлари фойдаланаётган бодикамералар ҳам уларни ҳимоялай олмаяпти, тажовуз ҳолатларини камайтирмаяпти.

ССВ масъули тиббиёт ходимларига тажовуз ҳолатларини камайтириш учун бунга жавобгарликни кучайтириш, ОАВда бундай тажовузлар ёмонлигини тарғибот қилиш каби йўллар борлигини айтди.

«15 суткалик қамоқ жазоси ёки Маъмурий кодексга ўзгартириш киритиш, жарималар миқдорини кўпайтириш бўйича Бош прокуратура томонидан ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда Олий Мажлис томонидан кўриб чиқиляпти», – деди вазирлик вакили.

Top