Ишнинг қисқача тафсилоти
2022 йил 21 октябр куни Бухоро вилояти Вобкент туман тиббиёт бирлашмаси туғуруқхона бўлимига 36,4 ҳафталик ҳомиладорлик ташхиси билан мурожаат қилган Г.Ҳ.да, кесарча кесиш амалиётини ўтказиш зарурияти бўлмаса-да, шифокор Шамсиддин Ҳамраев жарроҳлик амалиётини ўтказган. Шифокор томонидан зарур интенсив антибактериал даво чоралари қилинмагани ҳамда динамик кузатувлар лозим даражада олиб борилмагани сабабли бемор Г.Ҳ. бачадон ичи ва бутун бачадон яллиғланиши оқибатида оғир тан жароҳати олган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган ва Шамсиддин Ҳамраевга Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми “б” банди билан айблов эълон қилинган.
Судя Акром Раҳимовдан кўр-кўрона ва ғайриқонуний ҳукм
Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман судяси Акром Раҳимов иш тафсилотларини тўлиқ ўрганиб чиқмаган ҳамда айблов асосли ёки асоссиз қўйилганини текшириб кўрмаган. У қилмиш қандай малакаланганига ҳуқуқий баҳо бермаган ҳолда шифокорни тергов қайси модда билан айблаган бўлса, шу модда билан ҳукм ўқиб, Шамсиддин Ҳамраевга 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган. Ҳукм эълон қилингач, шифокор дарҳол суд залидан қамоққа олинган.
Ушбу ҳукм ғайриқонуний эканини асослашга уриниб кўрамиз.
Биринчидан, Жиноят кодексининг 50-моддасига кўра, эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этганлик ва қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан тайинланмайди.
Ҳамраев айбланган Жиноят кодексининг 116-моддаси тўртинчи қисми “б” банди эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган қилмиш ҳисобланади. Демак, ушбу ҳолатда шифокорнинг 77 ёшда экани, 45 йиллик меҳнат стажига эга бўлгани унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб бўлмаслигини англатади.
Иккинчидан, Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми “б” банди шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармагани ёки лозим даражада бажармагани эҳтиётсизлик орқасида бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жиноят кодексининг тузилиши жиҳатдан қаралса, бу малакалаш одамлар (икки ва ундан ортиқ) ўлимига сабаб бўлишдан ҳам оғирроқ ҳисобланади.








