Баъзилар шамоллаб қолганида шифокорга бормай, аввалгидан ҳам кучлироқ антибиотикларни қабул қилади. Бироқ кўпчилик антибиотиклар зарарли бактериялар билан бирга танадаги фойдали бактерияларни бутунлай ўлдириб юбориши мумкинлигини билмайди. Kun.uz антибиотикка ўрганиб қолганларни нима кутаётгани ва нега ривожланган мамлакатларда антибиотик сотиш, сотиб олиш устидан кучли назорат ўрнатилгани мавзусини ўрганди.

Янги авлод кўпроқ антибиотик оляпти

Kun.uz Тошкент шаҳрида кичик сўровнома ўтказди. Унда иштирокчилардан антибиотик олган ёки йўқлиги; агар олган бўлса, қайси ҳолларда ва қандай антибиотиклар экани сўралди. Сўровномада 30 дан ортиқ 18-60 ёш оралиғидаги аҳоли қатнашди. Уларнинг 30 ёшгача бўлган 10 нафари 5-8 мартагача антибиотик олганини айтди. Яна 30 ёшдан юқори кишилар 3-4 марта, 50 ёшдан юқорилар эса 1 марта ёки умуман олмаганини маълум қилди. Бу рақамлардан бутун Ўзбекистонда аҳоли антибиотикдан шундай фойдаланади деб тушунмаслик керак, чунки ҳудудларда антибиотикдан фойдаланиш пойтахт аҳолисидагидан анча кўпроқ экани эҳтимоли йўқ эмас.

Антибиотик нимага хизмат қилади?

Антибиотиклар баъзи микроорганизмлар (бактериялар), ҳайвон тўқималари, айрим юксак ўсимликлар ҳаёт фаолияти натижасида ҳосил бўладиган бактерия ва турли хил микробларнинг ўсиши, ривожланишини тўхтатадиган органик моддалар ҳисобланади.

Антибиотиклар турли бактерияларни ўлдиришга хизмат қилишига кўра, бир неча турларга бўлинади. Бактерияли инфекцияларни даволайдиган юзлаб турдаги антибиотиклар бўлиб, уларнинг асосийлари 6 гуруҳга бўлинади. Энг кўп қўлланадиган антибиотиклар гуруҳи бу B-Lactam антибиотиклари бўлиб, уларни фақат бактерияли инфекция билан касалланиш ташхиси қўйилгандагина беморда қўллаш мумкин. Мақолада ҳам айнан шу антибиотиклар таъсири ҳақида сўз боради. Қизиқ нуқтаси шуки, аксар шифокорлар бактерияли инфекция туфайли касалланиш ва вирусли инфекция туфайли шамоллашни (масалан оддий грипп ёки ЎРВИ) бир-биридан фарқлашга қийналади ва натижада иккисига ҳам антибиотик ёзиб бераверади.

Қайси ҳолларда антибиотик қўллаш мумкин?

Умиджон Мадалиев