16:37 / 07.07.2020
72483

Фото: Япония ва Хитой сув балоси қаршисида қолди

Япония ва Хитой янги офат – сув тошқинлари билан курашишга мажбур бўлмоқда. Коронавирус «ватани» бўлган Уҳан энди сув тошқинидан жабр кўрмоқда. Яқин кунларда яна кучли ёмғирлар бўлиши кутилмоқда.

Фото: Reuters

4 июль куни Япония жанубида кучли ёғингарчилик бўлиб ўтиши оқибатида бир нечта префектурада сув тошқинлари кузатилди. Биргина Кумамотонинг ўзида бир соат ичида 100 миллиметрдан ортиқ ёмғир ёғган.

Тошқинлар сабаб кўчаларни сув босган, минглаб уйлар зарар кўрган. Ҳозиргача 52 киши ҳалок бўлгани маълум, яна ўнлаб кишилар бедарак йўқолган. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти уйларида ёлғиз қолган қариялар экани айтилмоқда.

4 июль кунидаёқ мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлигига 100дан ортиқ қутқарув чақириқлари келиб тушган. Метеорологларнинг таъкидлашича, бу сўнгги ўн йилликдаги энг кучли ёғингарчилик бўлган.

5 июль куни ҳукумат тошқин оқибатларини бартараф этиш учун 10 минг нафар ҳарбийни табиий офат юз берган минтақаларга юборди. Кумамото, Кагосима ва Миязаки префектурасида тошқинда қолган одамларни кўчириш ишлари ўша куннинг ўзида бошлаб юборилган. Бу учта префектурадан жами 300-400 минг нафар одамни хавфсиз жойларга кўчириш режа қилинган.

«Сув тошқини ва унинг оқибатида юз берган кўчкилар остида ёрдамга муҳтож одамлар бўлиши мумкинлиги хабар қилинди. Уларга тезроқ ёрдам кўрсатиш учун ҳалокат рўй берган минтақаларга нафақат ҳарбийлар, балки полиция ходимлари ва кўнгиллилар ҳам жалб қилинди. Улар жойларда ҳалокат кўламини аниқлайди ва аҳолини кўчириш ишларида ёрдам беради», деган Япония бош вазири Синдзо Абэ NHK телеканалида берган баёнотида.

Тошқин юз берган ҳудудларда ҳарбийлар ҳамон қутқарув ва эвакуация ишларини олиб боришмоқда. Улар хавфли ҳудудларда одамларни ҳарбий вертолётлар ёрдамида қутқармоқда. Баъзи жойларда сув баландлиги уйларнинг иккинчи қаватигача кўтарилган. Япония метеорология хизмати аҳолини уйларнинг юқори қаватларига чиқиб жон сақлашга чақирган. Тошқин электр узатиш тармоқларига зарар етказгани учун юз минглаб аҳоли электр энергиясиз қолган.

Японияда 2019 йил ҳам йирик сув тошқинлари содир бўлган ва ҳукумат жами 850 минг нафар одамни эвакуация қилганди. 5 июль куни кучли ёмғир Япония жанубидан ўтиб Хитой ҳудудига етиб борди ва бу мамлакатда ҳам бир қанча шаҳар ва қишлоқлар сув тошқини остида қолди. Жумладан, Шанҳай ва Уҳан шаҳарларида сув тошқинлари кузатилган.

Япония ва Хитойдаги тошқинларга дарёлар ўзанидан чиқиб кетгани сабаб бўлган. Хитой ва Япония ўртасидаги энг яқин масофа 2 минг километрни ташкил этади ва бу кўрсаткич ҳар икки мамлакатга хавф солаётган циклоннинг ҳажми қанчалик катталигини билдиради.

Япония ҳукумати ўз хавфсизлигига ишонмаётган одамларни эвакуация қилишга тайёрлигини билдирган. Хавфсиз жойларга кўчирилганлардан ташқари яна 350 мингдан ортиқ одамларга эвакуация таклиф қилинган.

«Биз сизни қутқариш учун ҳамма ишни қилишга тайёрмиз, илтимос, сиз ҳам бизга кўмаклашинг. Уйидан чиқолмай қолганларга ёрдам беринг, улар ҳақида маълумот етказинг. Бедарак йўқолганларни топишда ёрдам беринг», деди Абэ японияликларга мурожаатида.

Фото: Reuters
Фото: Reuters
Фото: Reuters
Фото: EPA/Vostock-photo
Фото: EPA/Vostock-photo
Сув тошқинлари Кумамото префектурасида 24 киши ҳаётига зомин бўлди Фото: Reuters
Фото: Reuters

Хитойнинг Уҳанида ҳам вазият жиддийлашган. Хитойда 5та дарё ўзанидан чиқиб кетган, жумладан Евроосиё материгидаги энг узун дарё – Янцизи ҳам. Дарёлар бир ҳафтадан кам муддатда эски ўзанига қайтмаслиги айтилмоқда. Хитойнинг баъзи ҳудудларида дарёлар кунига ярим метргача кўтарилган ва сув сатҳи кўтарилиши тўхтагани йўқ.

Тошқинлар кузатилмаётган бўлса-да, Пекинда ҳам қум тўлдирилган қоплар уюмини кўриш мумкин. Янцизи дарёси Пекиндан анча олисда, шундай бўлса-да, пойтахт раҳбарияти хавфсизлик чораларини кўриб қўйган. Улар коронавируснинг иккинчи тўлқини айнан Пекиндан авж олгани сабаб ҳар қандай хавфга тайёр бўлиш керак деган хулосага келишган.

Сув тошқини туфайли Чунциндаги йўл жиддий зарарланди
Фото: Reuters

 

Top