14:25 / 29.04.2021
12248

Бизнес-омбудсман «обнал иши»да тадбиркорларга ёрдам бера олдими?

Бизнес-омбудсман солиқчилар томонидан «шубҳали» деб топилган битимлар бўйича 10 мингга яқин тадбиркордан ҚҚС суммаларини ундиришнинг қонунийлиги борасида ўрганиш бошлаганини маълум қилган эди.

19 февралда бизнес-омбудсман Давлат солиқ қўмитасига ҚҚС можароси юзасидан тақдимнома киритди. Шундан кейин бизнес-омбудсман бу масалага бошқа қайтмади.

Kun.uz 27 апрел куни AОКAда бўлиб ўтган матбуот анжуманида идора вакилидан шу ҳақда изоҳ сўради.

Бизнес-омбудсман етакчи инспектори Сардор Ғаниевнинг сўзларига кўра, 19 февралда бизнес-омбудсман томонидан қўмитага қонунбузилиш ҳолати мавжудлиги аниқлангани сабабли тақдимнома киритилган. ДСҚ эса тескари позиция билдирган.

«Бизнес-омбудсман девонида ушбу ҳолат ўрганилгандан кейин, унинг якуни бўйича солиқ қўмитасига қонунбузилиш факти мавжуд, деб тақдимнома киритилган. ДСҚ бу бўйича бизнинг позицияга нисбатан тескари позиция билдирди. Шунга кўра, кейинги процедура судларда кўриб чиқилмоқда.

Бизнинг ходимларимиз ҳам судларда қатнашмоқда. Бунда биз томондан судларга ариза берилган ҳолатлар билан бирга, тадбиркорлик субъектларининг ўзи судга мурожаат қилган ҳолатлар ҳам бор. Судларда жараён кетмоқда, ҳали натижаси чиқмади», – деди у.

Бизнес-вакил матбуот хизмати расмийси Абдували Абдумавлонов, Kun.uz сўровига жавобан, идора томонидан «обнал иши» доирасида тадбиркорлар манфаатларини кўзлаб судларга даъво киритилмагани, аммо идора вакиллари иккита суд жараёнида қатнашиб келаётганини маълум қилди.

 «Inoyat Buziness» МЧЖ ва «Food Eco Bizness» ХКнинг ҚҚС масаласидаги Тошкент туманлараро маъмурий суди жараёнида бизнес-омбудсман вакиллари қатнашиб келмоқда», – деди Абдували Абдумавлонов.

Маълумот учун, Kun.uz Тошкент туманлараро маъмурий судида «обнал иши» бўйича кўрилган бошқа бир суд ишини ёритган, унда суд солиқчиларнинг хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топганди.

Бундан аввал, ДСҚ «обнал-фирмалар» фаолияти билан боғлиқ суд жараёнларида ДСҚ хатти-ҳаракатларининг қонунийлиги исботланмоқда, дея баёнот тарқатган.

Мавзу
«Обнал» можароси
Давлат солиқ қўмитаси нақдлаштирувчи фирмалар билан кураш бошлаб, 2021 йил феврал ойида 10 мингга яқин тадбиркорлик субъекти зиммасига 1 триллион сўм ҚҚС суммасини юклади.
Барчаси
Top