17:01 / 21.02.2020
1
34508

Умурзоқов Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифини мисли кўрилмаган деб атади

Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга амалга оширган ташрифини мисли кўрилмаган деб атади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Аниқ айтиш мумкинки, Туркияга ташриф мазмуни, сифати, муҳокама қилинган масалалар ва келишувлар даражаси бўйича мисли кўрилмаган бўлди», - деди у Kun.uz мухбирининг саволига жавоб қайтариб.

Шу билан бирга, вазирнинг тан олишича, «биз кўплаб давлатлардан бўлган шериклар, шу жумладан, туркиялик ҳамкорлар билан ҳам тўғри муносабатда бўлишни энди ўрганяпмиз». «Ташриф давомида умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган янги инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди. Бундан ташқари, бир қатор йирик йўналишлар бўйича режалар мавжуд», - дея қўшимча қилди Умурзоқов. 

Шу билан бирга, Ronesans Holding турк ҳолдинги Ўзбекистондаги лойиҳаларга қарийб 8 миллиард доллар сармоя йўналтиришни режалаштирмоқда. Компания билан «Ўзметкомбинат» АЖни модернизация қилиш ва ривожлантиришга 630 миллион евро миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар, Олмалиқ кон-металлургия комбинатига 4,1 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритиш, шунингдек, касалхоналар ва савдо марказлари қурилиши бўйича қарийб 3 млрд доллар қийматидаги янги лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилди. 

2020 йил якунига қадар томонлар ўзаро савдо айланмаси ҳажмини 3 миллиард долларга, кейинги йилда 5 миллиард долларга етказиши кутилмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19-20 февраль кунлари Туркияга ташриф буюрди ва у ерда икки мамлакат раҳбарлари раислигида биринчи маротаба олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top