Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Таълим соҳасида ислоҳотларни ягона концепция асосида амалга ошириш бўйича Лойиҳа офиси ташкил қилинади
У боғча, мактаб, касбий ҳамда олий таълимда ўқув стандарти ва дастурларини илғор тажрибалар асосида ишлаб чиқишга масъул бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев 26 январ куни мактаб таълими сифатини яхшилаш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.
Қайд қилинишича, Ўзбекистонда 10 минг 284 та мактаб бор. Мактабларни йилига ўртача 400 минг ўқувчи битираётган бўлса, уларнинг 170 минг нафари таълимни давом эттирмоқда. Ривожланган давлатларда 50 фоиздан зиёд битирувчилар профессионал таълим муассасасига киради. Ҳозиргача 208 та мактабнинг юқори синф ўқувчиларига 3 та йўналиш бўйича касбга ўргатиш йўлга қўйилган. Чет тилини билиш сертификатига эга бўлган мактаб битирувчилари сони охирги икки йилда 6 мингдан 18 мингга етган.
Бугунги кунда ҳудудлардаги 500 та мактабда президент ва ихтисослашган мактабларнинг баҳолаш тизими жорий этилган. Натижада илғор хорижий тажриба асосида вазиятни таҳлил қилиш, муаммони ечиш, жамоада ишлаш каби амалий машғулотлар улуши 60 фоизга етказилган. Келгуси ўқув йилига қадар ушбу баҳолаш тизимини халқаро тестология мезонларига мослаштириш зарурлиги айтилди. Мактабларнинг ўзи ҳам аккредитациядан ўтказилади. Бу халқаро баҳолаш мезонларини миллий тизимга жорий қилиш, мактабларни бошқариш ва таълим сифатини оширишга хизмат қилади.

Педагогларнинг билим ва маҳорати масаласига эътибор қаратилар экан, Малака ошириш марказлари эскича ишлаётгани, илмий салоҳияти юқори эмаслиги қайд этилди. Шу боис 14 та ҳудуддаги бундай марказларни фаолиятини қайта кўриб чиқиш, ўқитувчиларни касбий ривожлантириш дастурларини жорий этиш вазифаси қўйилди.
Мактабларда хорижий тил бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш, олий таълим муассасаларининг ўқув режаларини бу билан уйғунлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Хусусий мактаблар учун лицензия талабларини янада соддалаштириш, кредит, солиқ ва коммунал тўловлардан қўшимча енгилликлар бериш бўйича таклифлар билдирилди. Мутасаддиларга таълим ташкилотлари фаолияти ва таълим сифати мониторинги платформасини ишга туширишга топшириқ берилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, таълимнинг барча бўғинларида ислоҳотларни ягона концепция асосида амалга ошириш бўйича Лойиҳа офиси ташкил қилинади. У боғча, мактаб, касбий ҳамда олий таълимда ўқув стандарти ва дастурларини илғор тажрибалар асосида ишлаб чиқишга масъул бўлади.
Давлат раҳбари мактаблар фаолиятида маҳалла раиси ва фаолларининг ўрни катта бўлиши кераклигини таъкидлади.
– Маҳалладаги муҳит, аҳоли бандлиги кўп жиҳатдан ёшлар таълим-тарбиясига боғлиқ. Шундай экан, маҳалла раиси ота-оналар билан бирга мактаблар ҳаётида фаол қатнашиши, ёшларнинг билими ва касб эгаллашига эътиборли бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
22:19 / 25.02.2026
Норвегия мактабларида мобил телефонларни тақиқлаш ижобий натижа берди
13:20 / 23.02.2026
Мактаб ва боғчаларда бахтсиз ҳодисалар ошди: 2025 йилда 20 та ҳолат
18:37 / 25.12.2025
Кўп функционал инклюзив-ресурс мактаби ташкил этилади
21:00 / 08.10.2025