Жамият | 13:10 / 17.11.2018
22433
9 дақиқада ўқилади

«Капиталбанк» ва тадбиркор можароси. Ким ҳақ ва ким ноҳақ?

Сайт орқали «Ҳокимлик ва ИИБ нега фуқарога ўз қонуний мулкини олишга тўсқинлик қилмоқда?» сарлавҳаси остидаги мақолада бир тадбиркорнинг муаммолари баён этилганди. Унда аукцион орқали сотиб олинган мол-мулкларни Андижон вилояти, Хонобод шаҳар «Коинот» кўчаси 41-уй манзилида жойлашган «Fozilmon Nasilli  Parranda» МЧЖга тегишли бўлган паррандачилик фабрикаси ҳудудидан олиб кетилишига ҳокимлик ва Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан тўсқинлик қилинаётгани баён этилганди.

Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2014 йил 14 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманида рўйхатдан ўтган Андижон вилояти, Хонобод шаҳар «Коинот» кўчаси 41-уй манзилида жойлашган «Xonobod broyler» МЧЖ банкрот деб эътироф этилиб, тугатишга доир юритув бошланган.

Ўзбекистон Республикасининг «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ, қарздорга тегишли бўлган кўчар мол-мулклар «Universal auktsion invest» МЧЖ томонидан 2017 йил 13 январь куни ўтказилган очиқ аукцион савдолар орқали Азизбек Турғунов ва бошқалар сотиб олади.

Кейин эса, хокимлик ва ички ишлар бошқармаси ходимлари фуқаронинг аукцион орқали сотиб олган ушбу мол-мулкларини олиб кетишига қаршилик қилади.

Куни кеча мазкур мурожаат тақдири билан қизиққанимизда, фуқаро Азизбек Турғунов навбатдаги муаммога дуч келганига гувоҳ бўлдик. Гап шундаки, энди аукционда сотиб олинган мол-мулкларнинг олиб кетилишига «Капиталбанк» томонидан тўсқинлик қилинмоқда экан. Андижонга сафаримиз чоғида мулк эгаси номидан иш юритаётган фуқаро Ҳусанбой Тешабоев билан учрашдик ва ўша паррандачилик фабрикаси ҳудудидаги МЧЖда бўлдик.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

Мазкур мурожаат юзасидан «Капиталбанк» билан боғланишга ҳаракат қилдик. Бироқ уринишларимиз зое кетди. Шундан сўнг Тошкентга қайтдик ва «Капиталбанк»нинг  республика бошқаруви офисида бўлдик. Афсуски, банкнинг республика бошқаруви марказий аппаратида ҳам биз билан суҳбатлашадиган, ҳолатга нисбатан муносабат билдирадиган бир мард топилмади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки матбуот хизматининг кўмаги ўлароқ «Капиталбанк» ходими билан телефон орқали мулоқот қилишга муваффақ бўлдик. Ўзини банк Республика бошқарувининг юридик хизмати ходими дея таништирган шахс ушбу ҳолат бўйича банк томонидан фуқаролик судига даъво аризаси киритилганини айтди-ю, даъво мазмуни ва унинг мақсадини баён этишни истамади.

Унинг даъво аризасидан нусха бериши ҳақидаги ваъдаси эса ваъдалигича қолди.  Кейинчалик маълум бўлишича, мурожаат юзасидан «Kun.uz» мухбирига банк мутасаддилари мол-мулклар Азизбек Турғуновга тегишли экани суд қарори билан тасдиқланган тақдирда олиб кетиши мумкинлиги маълум қилинган.

Ваҳоланки, «XONOBOD BROYLER» масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган 2017 йил 16 январь куни фуқаро Турғунов Азизбек Муротжон ўғлига сотилган мулклар инфраструктура объектлари ҳисобланиши ҳамда аукцион савдолари ноқонуний ўтказилгани ҳақидаги даъво Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2017 йил 16 июнь кунги ҳал қилув қарори билан рад этилган. Ҳозирда мулкнинг қонуний эгаси «XONOBOD BROYLER» МЧЖ экани ҳамда аукцион олди-сотди шартномаси қонуний кучда экани шу суднинг ҳал қилув қарори билан ўз тасдиғини топган бўлишига қарамай, бу ҳолат «Капиталбанк» томонидан  негадир инобатга олинмаяпти.

Бу ҳолатга «Капиталбанк»нинг нима дахли бор дейсизми?

«Хонобод» очиқ акциядорлик жамияти акциядорларининг 2009 йил 14 март кунги навбатдан ташқари умумий йиғилиши қарори ҳамда Қўрғонтепа туман ҳокимлиги Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш инспекциясининг юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги 2010 йил 30 июль кунидаги берилган 3514 реестр рақамли гувоҳномасига асосан «Хонобод бройлер» масъулияти чекланган жамиятига айлантирилган бўлиб, жамиятга тегишли бўлган паррандачилик комплексининг 142 турдаги бино иншоотлари:

1) 10.02.2012 йилдаги №02 олди-сотди шартномага асосан «VET KORM AGRO» МЧЖга 4.970.000.000 сўмга сотилган.

2) Ушбу мулклар «XONOBOD BROYLER» масъулияти чекланган жамияти, «VET KORM AGRO» МЧЖ ҳамда АТБ «Капиталбанк» ўртасидаги 31.10.2013 йилдаги №2013/10007 сонли келишувга асосан «XONOBOD BROYLER» масъулияти чекланган жамиятининг АТБ «Капиталбанк» олдидаги 3.3 млрд сўм қарзи эвазига «VET KORM AGRO» МЧЖдан АТБ «Капиталбанк» балансига олиб қўйилган.

3) Шундан кейин ушбу 142 турдаги бино иншоотлар АТБ «Капиталбанк» билан «Xonobod Imkon Parranda» МЧЖ ўртасидаги 17.11.2014 йил №17/11 олди-сотди шартномага асосан «Xonobod Imkon Parranda» (унинг ҳуқуқий вориси «Fozilmon Nasilli  Parranda» МЧЖ)га 3.783.672.826 сўмга сотилган.

4) «Fozilmon Nasilli  Parranda» МЧЖ юқоридаги 3.783.672.826 сўм маблағни тўламагани сабабли бу мулклар «Fozilmon Nasilli  Parranda» масъулияти чекланган жамиятининг 18.06.2018 йилдаги №01 сонли хатига асосан АТБ «Капиталбанк» эгалигига қайтариб олинган.

Қолган барча кўчар мулклар (шу жумладан, комплекс ҳудудидаги бетон симёғочлар ва бошқалар), автотранспортлар ва бошқа мулклар «XONOBOD BROYLER» масъулияти чекланган жамияти ихтиёрида қолган бўлиб, бу мулклар банкротлик иши доирасида белгиланган тартибда хатловга олиниб, айримлари аукцион савдолари орқали бир нечта харидорга сотилган.

Гувоҳи бўлганингиздек, мазкур ҳолат борасида «Капиталбанк» бирор изоҳ беришни истамади. Мижозлар ишончига кирган банк раҳбарларининг мақсади нима ўзи? Ўзганинг мол-мулкларига эга чиқишми? Енг ичида, ими-жимида бировнинг мол-мулкини ўзлаштириб олишми? Ушбу саволларга «Капиталбанк»нинг Республика бошқарувидан муносиб жавоб кутиб қоламиз.

Хуршид Далиев


Раддия

Аввал хабар берганимиздек «Капиталбанк» АТБ Бош офиси таҳририятни «Капиталбанк» ва тадбиркор можароси. Ким ҳақ ва ким ноҳақ?» номли мақола бўйича банкнинг ишчанлик обрўсига путур етказганлик хусусида фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъво ариза киритган эди.

2019 йилнинг 20 июнь куни мазкур суд ўз ишини якунлади ва тегишли ҳал қилув қарорини қабул қилди.

Унга кўра, Kun.uz таҳририяти зиммасига «Капиталбанк» ва тадбиркор можароси. Ким ҳақ ва ким ноҳақ?» номли мақола бўйича қуйидаги мазмунда раддия эълон қилиш мажбурияти юкланди:

«Капиталбанк» ва тадбиркор можароси. Ким ҳақ ва ким ноҳақ?» номли мақола бўйича раддия:

1. «Гап шундаки, энди аукционда сотиб олинган мол-мулклар олиб кетилишига «Капитабанк» томонидан тўсқинлик қилинмоқда»;

2. «Мазкур мурожаат юзасидан «Капиталбанк» билан боғланишга харакат қилдик. Бироқ, уринишларимиз зое кетди. Шундан сўнг Тошкентга қайтдик ва «Капиталбанк»нинг республика бошқаруви офисида бўлдик. Афсуски, банкнинг республика бошқаруви марказий аппаратида ҳам биз билан сухбатлашадиган, ҳолатга нисбатан муносабат билдирадиган бир мард топилмади»;

3. «Гувоҳи бўлганингиздек, мазкур холат борасида «Капиталбанк» бирор изоҳ беришни истамади. Мижозлар ишончига кирган банк раҳбарларининг мақсади нима ўзи? Ўзганинг мол-мулкларига эгша чиқишми? Енг ичида, ими-жимида бировнинг мол-мулкини ўзлаштириб олишми?»

Шунингдек, суд натижасига кўра, даъво аризасининг мақола эълон қилиниши натижасида «Капиталбанк»нинг бош офиси бой берган 164 909 589 (бир юз олтмиш тўрт минг тўққиз юз тўққиз минг беш юз саксон тўққиз) сўм фойдани таҳририятдан ундириш ҳақидаги қисми рад этилди ва банкдан 6.596.383 сўм давлат божи ундирилиши белгиланди.

Мавзуга оид