Русланбек Давлетов: «Тошкентдан борган вазирлик ходимини меҳмон қилиш ҳам коррупцияга йўл очади»
11 сентябрь куни Адлия вазирлигида тизимда коррупцияга қарши курашиш мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вазирлик, Коррупцияга қарши кураш агентлиги, БМТ Тараққиёт дастури Коррупцияга қарши кураш глобал лойиҳаси ва CERT International менежмент тизимларини сертификатлаш халқаро ташкилоти вакиллари қатнашди.
Тадбирда сўз олган адлия вазири Русланбек Давлетов тизимда коррупцияга қарши курашиш учун дастлабки қадам қай тарзда ташлангани, муаммони ҳал қилишда қанақа механизм кераклиги, айнан қайси бўғинда «тозалаш» ишлари амалга оширилгани ҳақида сўз юритди.
«Коррупцияга қарши курашда ягона ва аниқ механизмга эга тизимни яратмасдан туриб, фақат қуруқ гапда, «Коррупцияга қарши курашамиз», деган билан масала ҳал бўлмайди. Пора олган ходимга огоҳлантириш бериш, тилхат ёздириб олиш билан иш битмайди. Коррупцияга олиб келаётган сабаблари таҳлил қилинмагунича муаммо илдизига етиб боролмаймиз.
Фаолиятимни бошлаганимдаёқ нима учун адлия тизимининг фуқароларга хизмат кўрсатувчи бўғини бўйича бунчалик кўп норозиликлар бўляпти, бу ерда нималарни ўзгартириш кераклиги хусусида бош қотира бошладик. Уч йил олдин энг коррупциялашган бўғинимиз нотариуслар эди. Аҳоли норозиликлари жуда кўпайган эди. Буни таҳлил қилиб кўрдик. Тан олиш керак: у ерда бюрократия даражаси юқорилиги, ходимлар ойликлари камлиги, фаолиятнинг шаффоф эмаслиги коррупция ўчоғи пайдо бўлишига олиб келган.
Коррупцияни йўқотиш учун шаффофликни таъминлашга ҳаракат қилдик, бюрократияни камайтириш учун электрон ҳужжат алмашинувига ўтилди, ходимлар ойлигини 2-3 бараварга оширдик, ҳар бир нотариус идорасига қоғоз, ручкасигача таъминлаб бердик. Етарли шароитни яратиб бермасдан туриб шаффофликни, коррупцияга тоқатсизлик ҳиссини шакллантириш имконсиз», – деди Давлетов.
Вазир нотариатга кадрларни ишга олиш тизимига ҳам тўхталиб ўтди.
«Адлия тизимида кадрларни ишга олишда танлов тизими йўлга қўйилди. Кимни ишга олишни комиссия ҳал қилади. Саволларни беришда билет тизимига ўтилди, комиссия аъзоси олдиндан келишилган саволни бера олмайди, яъни алоҳида алгоритм ишлаб чиқилди. Нотариат тизимида шу ёндашув орқали кадрларни ишга олганимизда уларнинг фаолияти юзасидан биронта шикоят тушмади», – деди у.
Русланбек Давлетов коррупцияга қарши курашда менталитет тўсиғини енгиб ўтиш кераклиги ҳақидаги мулоҳазаларини ҳам айтиб ўтди.
«Ўзбекчилик деймиз... Кўп ҳолатларда танқидий маънода ишлатамиз. Маданиятимизнинг айрим жиҳатларига, одамлар орасидаги шахсий муносабатларга улар ривожланишимизга тўсиқ бўлаётгандек танқидий қараймиз. Бу бежиз эмас деб ўйлайман. Чунки одамларнинг бир-бирига яқинлиги, шахсий муносабатлар, тўйлардаги борди-келди, туғилган кунлардаги қадриятлар, табриклар... Бу нарсалар коррупцияга мойилликни оширади. Масалан, ходимларимиз хизмат сафари билан бирор ҳудудга боришса, Тошкентдан меҳмонлар келишибди, деб дастурхон ёзишади. Дастурхоннинг ҳам ҳар хили бор... Бу ҳам керак бўлса коррупция. Ўзининг қариндошларига, дўст-биродарларига дастурхон ёзсин, вазирлик ходимини меҳмон қилишнинг нима кераги бор? Маданиятимиз, «Бир пиёла чой қўя олмаймизми энди», деган гап билан ҳам биз қандайдир шаклда коррупцияга йўл очиб беряпмиз.
Кимдир примитив дейиши мумкин, лекин адлия тизимидаги ходимлар хизмат сафари вақтида ўша жойдаги ходимлар билан бир дастурхон атрофида ўтириши тақиқланади. Қатъий тақиқланади. Шундай ҳолат юз берса, улар шу куннинг ўзида ишдан ҳайдалади.
Иккинчидан, ходим хизмат сафари давомида иш юзасидан қиладиган харажатларини юз фоиз нақдсиз шаклда тўлаши керак. Шундай кичик жиҳатларгача эътибор бериш ва шунинг натижасида қадриятлар шакллантириш орқали коррупция ҳолатларининг олдини олиш мумкин», – дея қайд этди Русланбек Давлетов.
Мавзуга оид
21:06 / 06.01.2025
300 дан ортиқ ёшларга халқаро имтиҳонларни топшириш харажати вақтида қайтариб берилмади
19:18 / 04.12.2024
Президент маслаҳатчилари таркибида ўзгаришлар амалга оширилди. Русланбек Давлетовнинг лавозими ўзгарди
18:54 / 25.10.2024
Ўзбекистонда сотилган энг қиммат ва антиквар автомобил ҳақида маълумот берилди
20:50 / 07.08.2024