300 дан ортиқ ёшларга халқаро имтиҳонларни топшириш харажати вақтида қайтариб берилмади
Адлия вазирлиги халқаро имтиҳонларда юқори балл олган ёшларга қайтарилмаган имтиҳон харажати масаласида Ёшлар ишлари агентлигига тақдимнома киритган. Шундан кейин 132 талабгорнинг пули тўланиб, агентлик масъул ходими маъмурий жавобгарликка тортилди. Қолган 177 нафар талабгорнинг ҳам харажатларини қоплаб бериш чоралари кўрилмоқда.

Фото: iStock
2024 йил ноябр ойида тармоқларда халқаро имтиҳонларда юқори балл олган ёшларнинг имтиҳон харажатлари қоплаб берилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев Kun.uz мухбирининг саволига жавобан тез кунларда харажатлар тўлаб берилишини маълум қилганди. “Юқори балл тўплаган ёшлар биз прогноз қилганимиздан кўпроқни ташкил қилди. Шу сабабли биз агентлик бюджетига қўшимча маблағ учун манба топишимиз керак”, – деганди у.
27 декабр куни Адлия вазирлиги бу борада маълумот берди.
Вазирлик ўтказган мониторингда аниқланишича, халқаро имтиҳон тизимларида юқори балл олган 309 нафар ёшнинг пули тўлаб берилмаган. Вазирлик Ёшлар ишлари агентлигига имтиҳон топшириш харажатларини маъмурий регламентга мувофиқ тўлиқ қоплаб берилишини таъминлаш юзасидан тақдимнома киритган.
“Мазкур тақдимнома ижроси натижасида жами 132 нафар ёшларнинг 236 850 000 сўм миқдоридаги имтиҳон топшириш харажатларининг тўлиқ қоплаб берилиши таъминланди. Бугунги кунда ваколатли орган томонидан қолган 177 нафар ёшларнинг имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда”, – дейилган адлия ахборотида.
Қайд этилишича, аниқланган қонунчилик бузилиши ҳолатлари юзасидан агентлик масъул ходими маъмурий жавобгарликка тортилган.
Мавзуга оид

10:54 / 24.03.2025
ChatGPT билан мунтазам мулоқот хавфли оқибатларга олиб келиши маълум қилинди

16:09 / 18.03.2025
Адлия вазирига янги ўринбосар тайинланди

16:18 / 07.03.2025
Худоёр Мелиев адлия вазири ўринбосари лавозимидан кетди

19:00 / 04.03.2025