Жаҳон | 22:59 / 14.06.2024
23550
2 дақиқада ўқилади

АҚШ уч нафар ўзбекистонликни ИШИДга алоқадорлар «қора рўйхати»га қўшди 

Ўзбекистонликлар ИШИД террорчилик гуруҳи билан ҳамкорлик қилганликда айбланмоқда. 

Фото: Reuters

АҚШ Давлат департаменти Туркия Республикаси билан келишилган ҳолда, бир қанча шахсларни ИШИД террорчилик гуруҳи «қора рўйхати»га қўшганини эълон қилди. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор. 

Давлат департаменти дастлаб Грузиядаги ИШИД етакчиси Адам Хамирзаевни «глобал террорчи» деб тан олди. У шунингдек, Адам Исламович Олиферчик номи билан ҳам танилган. 

Бундан ташқари, ИШИДга алоқадор контрабанда тармоғининг уч нафар ўзбекистонлик аъзоси ҳам қора рўйхатга киритилди:

- Муҳаммадюсуф Алишер ўғли Мирзоев, 2023 йилда ИШИД билан боғлиқ «ҳарбий» ўқув лагерини ташкил этиш ишларида иштирок этган;

- Муҳаммад Иброҳимжон Ниёзов, ИШИД аъзоларига маъмурий ва логистик ёрдам кўрсатган;

- Олимхон Маҳмуджон ўғли Исмоилов, ИШИД билан боғлиқ контрабанда тармоғи аъзоси. 

Таъкидланишича, уларнинг барчаси Туркия томонидан қидирувга берилган. 

Мазкур шахсларнинг АҚШдаги ёки АҚШ фуқаролари назоратидаги барча мулклари ва мол-мулк манфаатлари блокланади. Улар билан муайян операцияларни амалга оширган ҳар қандай америкалик ёки хорижлик фуқаро санкцияга учраши мумкин.

Мавзуга оид