Жаҳон | 11:39 / 21.05.2024
27806
8 дақиқада ўқилади

Иброҳим Раисийнинг ўлими Эрон сиёсий тизимига қандай таъсир этади?

Иброҳим Раисий Эронда ҳокимият чўққисига яқин эди ва кўпчилик у энг юқори поғонага ҳам кўтарилишига ишонарди. Аммо унинг тақдири бошқача кечди.

Фото: Getty Images

BBC халқаро мухбири Лиз Дюсет президентнинг ўлимидан кейин Эронни нималар кутаётган бўлиши мумкинлигини таҳлил қилди.

Унинг ўлими у саломатлиги анчадан буён муҳокама марказида бўлиб келаётган 85 ёшли олий раҳнамо, оятуллоҳ Али Хоминаийнинг ўрнини эгаллаши тўғрисидаги миш-мишларга барҳам берди.

Эроннинг қаттиққўл президентининг фожиали ўлими мамлакат сиёсатидаги йўналишни ўзгартирмайди ёки Ислом Республикасини сезиларли даражада ларзага келтира олмайди.

Аммо унинг ўлими қаттиққўл сиёсатнинг консерватор тарафдорлари ҳокимиятнинг барча тармоқларида (сайланадиган ва тайинланадиган) устунлик қиладиган тизимни синовдан ўтказади.

«Тизим унинг ўлимини катта шоуга айлантиради ва консерваторлар бирлигини ва Хоминаийга содиқликни сақлай оладиган янги етакчи қидирилаётган маҳалда ўз функционаллигини намойиш этиш учун конституцион процедураларга риоя этади», — дея қайд этади Chatham House марказининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича дастури директори Санам Вакил.

Раисийнинг мухолифлари 1980-йиллар охирида сиёсий маҳбусларнинг оммавий қатлига алоқадорликда айбланган собиқ прокурорнинг ўлимини хурсандчилик билан қарши олишди; улар унинг ҳукмронлиги тугаши режимнинг умрини ҳам қисқартиришига умид қилишади.

Эрондаги ҳукмрон консерваторлар учун давлат даражасидаги дафн маросими ҳиссиётларга тўла воқеа бўлади; бу шунингдек мерос ҳақидаги сигналлар учун имконият ҳам беради.

Кўпчилик 63 ёшли Раисийни Эроннинг 85 ёшли олий раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоминаийнинг вориси сифатида кўрарди
Фото: ATTA KENARE/AFP

Тўлдириш лозим бўлган яна бир ўта муҳим лавозим — вақти келганида (вафот этганида), аҳамияти президентникидан анча юқори турувчи янги олий раҳнамони танлаш ҳуқуқига эга бўлган Экспертлар ассамблеясида бўшаб қолган ўриндир.

«Раисий эҳтимолий ворис эди, чунки у Хоминаий олий раҳнамо бўлган вақтдаги каби нисбатан ёш эди. У жуда содиқ эди - тизимга содиқ ва ўзига яраша таниқли бўлган кучли мафкурачи эди», — дейди Санам Вакил бу шаффоф бўлмаган сайлов жараёни ҳақида, унда олий раҳнамонинг ўғли Мужтабо Хоминаий ҳам иштирок этиши тахмин қилинмоқда.

Раисийнинг ўлими расман тасдиқланишидан олдинроқ оятуллоҳ ўз чиқишида шундай деганди: «Эрон халқи хотиржам бўлсин, мамлакат ишларида ҳеч қандай узилиш бўлмайди».

Эндиликда энг долзарб сиёсий вазифа 50 кун ичида бўлиб ўтиши керак бўлган навбатдан ташқари президентлик сайловларини ўтказиш саналади.

Ҳозирча эса ҳокимият вақтинча Эрон вице-президенти Муҳаммад Моҳбар қўлига ўтади.

Сайловчиларга янги чорлов ўз вақтида ғайратли сайловчилар билан мақтана олган мамлакатда март ойидаги парламент сайловларида рекорд даражадаги паст давомат қайд этилишидан бир неча ой ўтиб янграмоқда.

Охирги сайловлар, жумладан, Раисийни ҳокимиятга келтирган 2021 йилги президентлик пойгаси ҳам назорат органи мўътадил ҳамда ислоҳотлар тарафдорлари бўлган номзодларни тизимли равишда четлаб ўтгани билан ажралиб туради.

«Муддатидан олдинги президентлик сайловлари Хоминаий ва ҳокимиятнинг юқори эшелонига бундай траекторияни ўзгартириш ва сайловчиларни сиёсий жараёнга қайтариш имкониятини бериши мумкин эди», — дейди офиси Лондонда бўлган Amwaj.media янгиликлар сайти муҳаррири Муҳаммад Али Шабаний.

Президент вертолётини қидириш ишлари давом этаётган маҳалда Эронда кўпчилик оятуллоҳнинг чақириғидан кейин Раисий учун дуо қилишди

«Аммо, афсуски, ҳозирча биз давлат шундай қадам ташлашга тайёрлиги ва буни истаётганининг ҳеч қандай белгисини кўрмаяпмиз», — дея хулоса қилади Муҳаммад Али Шабаний.

Аммо ҳатто Раисийнинг ўз сафдошлари орасида ҳам яққол ворис йўқдек кўринмоқда.

«Мазкур консерватив гуруҳ ичкарисида турли лагерлар мавжуд, жумладан нисбатан қаттиқ линияни қўлловчилар ҳамда нисбатан прагматик деб қараладиган бошқалар», — дея қайд этади Берлиндаги SWP таҳлил маркази илмий ходими Ҳамидризо Азизий.

Экспертнинг ҳисоблашича, бу янги парламентдаги ва маҳаллий даражадаги позициялар учун ҳозирги курашни кучайтиради.

Раисийнинг мантиясини ким киядиган бўлса, унга чекланган ҳокимият дастаклари мерос бўлиб ўтади.

Ислом Республикасида қарор қабул қилиш бўйича асосий ваколатлар олий раҳнамога тегишли.

Ташқи сиёсат, айниқса минтақа бўйича сиёсат олиб бориш эса катта ҳокимиятга эгалик қилувчи Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг ҳуқуқи ҳисобланади.

Эрон Ғазодаги вайронкор уруш туфайли ўзининг ашаддий душмани Исроил билан муносабатларида мисли кўрилмаган даражадаги кескинликка дуч келганида, бу масала президент Раисий даражасида ҳал этилмаганди.

Раисий президентлик лавозимида мамлакатнинг кундалик ишлари билан машғул бўлган, бу вақтда эронликлар халқаро санкциялар, шунингдек нотўғри бошқарув ва коррупциядан билан боғлиқ, чуқурлашиб бораётган молиявий муаммолар билан курашган.

Инфляция 40 фоиздан ортиқроққа ошди, риал қиймати кескин арзонлашди.

Унинг бошқаруви даврида Ислом Республикаси 2022 йил сентябрида Эрондаги қатъий дресс-код қоидаларини бузишда айбланиб қўлга олинган 22 ёшли Маҳсу Аминнинг ўлими туфайли фавқулодда ноодатий норозилик намойишларидан ларзага келди.

Тартибсизликлардан бир неча ҳафта олдин Раисий Эроннинг «ҳижоб ва иффат» тўғрисидаги қонунини қатъийлаштиришни буюрганди, унга кўра аёллар одми кийиниши ва бошига рўмол ўраши талаб этиларди.

Раисий 2022 йил Теҳронда Путин билан учрашувда

Қўйилган чекловлардан норози бўлган ёш аёллар ва қизлар томонидан бошланган намойишлар асосан олий раҳнамо ва режимнинг ўзига қарши қаратилганди.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, намойишларни бостириш давомида юзлаб кишилар ўлдирилган ва минглаб кишилар қўлга олинган.

«Эрон тарихидаги энг паст давомат кузатилган президентлик сайловларида сайланган Раисий ўзидан олдинги Руҳоний каби халқ мандатига эга эмасди», — дейди Али Шабаний, ислоҳотчи етакчи Ҳасан Руҳонийга ишора қилиб, 2015 йилда тузилган муҳим ядровий келишув ҳам унинг шуҳрат қозонишига сабаб бўлганди, аммо уч йил ўтиб президент Трамп АҚШни ушбу келишувдан олиб чиққанди.

Президент Байден маъмурияти ва Раисий жамоаси ўртасидаги билвосита музокаралар эса сезиларли муваффақиятга эришмади.

«Руҳонийдан фарқли равишда у Ислом Республикаси мухолифлари ғазабига йўлиқмади, бу шунчаки уни таъсир доираси йўқ ва самарасиз деб ҳисоблашганидан», — деб изоҳлайди Шабаний.

Вертолёт ҳалокати Теҳронни дунёга яхшироқ кўрсатиш ва санкцияларнинг жазо таъсирини юмшатиш йўлларини топишда фаол рол ўйнаган Эрон ташқи ишлар вазири Ҳуссайн Амир-Абдуллоҳиённи ҳам ҳаётдан олиб кетди.

Исроилнинг Ғазодаги амалиёти чоғида у Эрон дипломатияси овози ва Эроннинг иттифоқчилари, шунингдек араб ҳамда ғарбнинг можаронинг кескинлашувини тўхтатишга интилган давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашувлардаги асосий юз эди.

«У хабарларни етказиш учун фойдали канал эди, — дея Эрон ТИВ раҳбарининг роли юзасидан изоҳ берган ғарбдаги юқори мартабали дипломатлардан бири. — Аммо улар қоидага кўра бир қолипда эди, чунки ташқи ишлар вазирлигида ваколатлар йўқ эди».

«Президентнинг кутилмаган ўлими одатда муҳим воқеадир, аммо уни эҳтимолий олий раҳнамо сифатида кўришганига қарамай, у сиёсий қўллов ва аниқ сиёсий қарашларга эга эмасди», — деб ҳисоблайди Bourse and Bazaar таҳлил маркази бош директори Исфандиёр Батмангҳелиж.

«Аммо унинг сайланишини таъминлаган сиёсий операторлар усиз шароитга ҳам мослашади ва олдинга юришда давом этади», — деб ҳисоблайди эксперт.

Мавзуга оид