13:50 / 04.12.2019
1
17944

«Обод қишлоқ» шундай бўладими? – хонқаликларнинг ижтимоий муаммолари

Хоразм вилояти, Хонқа тумани, Катта Жирмиз қишлоғидаги «Нуробод» маҳалласи аҳолиси йўлларнинг ёмонлигидан шикоят қилишди. Маҳаллада «Обод қишлоқ» дастури амалга оширилган бўлса-да, йўллар таъмирланмай қолган.

«Нуробод» маҳалласида 940та хонадонда 5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 2018 йилда маҳаллада «Обод қишлоқ» дастури амалга оширилди. Ҳисоботга кўра, 685та уйнинг фасад қисми таъмирланди. 42та тунги ёриткичлар ўрнатилди. 15,5 км узунликдаги ичимлик суви тармоғи қурилди. 16,5 км узунликдаги электр симлари ва 6та трансформатор таъмирланди. Битта янги трансформатор ўрнатилди. 21та Газ тақсимлаш пунктлари таъмирланди. Ижтимоий соҳага тегишли бўлган 2та мактаб, 1та болалар боғчаси, 1та соғлиқни сақлаш объекти таъмирланди. 10та бозор инфратузилмаси объекти, хусусан, супермаркет, минифутбол майдончаси, ҳаммом, гўзаллик салони, миллий ширинликлар ва ҳунармандчилик цехи, этикдўзлик устахонаси, гўшт дўкони, қурилиш моллари дўкони, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонаси қурилди.

«Обод қишлоқ» дастури асосида бажарилган ишлар ҳисоботида 8,2 км йўллар жорий таъмирлангани кўрсатилган. Маҳалла аҳолиси сўзларига кўра, таъмирлаш ишлари охирига етказилмаган, чуқурчалар кўмилиб, ўнқир-чўнқирлар текисланиб, шағал тош тўшалган, аммо асфальт ётқизилмай қолиб кетган.

Бугунги кунда маҳалладаги марказий йўл нотекислиги кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқармоқда ва одамларни қийнаб қўймоқда. Бу йўлдан ҳаракатланаётган транспорт воситалари тезда ишдан чиқиб, таъмирталаб бўлиб қоляпти.

Йўлдан кўтарилаётган чанг уйларни, дов-дарахтларни, автомашиналарни қоплаб олмоқда. Одамларнинг шикоятига кўра, чанг-тўзон туфайли нафас олиш ҳам қийинлашяпти. Ҳатто ёзнинг иссиқ кунларида ҳам ойна ва эшикларини ёпиб ўтиришга мажбур бўлишмоқда. Акс ҳолда ҳатто тановул қилинаётган овқатларга ҳам чанг ўтирмоқда.

Бу йўлдан ишга борадиган катталар, мактабга, боғчага қатнайдиган болалар безиб кетишган. Чанг-тўзон туфайли кийимлар бир кунда кир бўлиб қолмоқда. Уларни ювиб, қуритиш ҳам муаммо – осиб қўйилган кирларга тезда чанг ўтиряпти.

Маҳаллада пиёдалар йўлаги ҳам йўқ. Натижада, одамлар чанг-тўзонда, йўлнинг қатнов қисмидан юришга мажбур бўлишяпти. Айниқса, болалар йўлнинг серқатнов ва хавфли қисмидан боғчага, мактабга бораётгани ота-оналарни хавотирга соляпти.

Нурободликлар пиёдалар йўлагини барпо қилиб берилишини сўрашмоқда.

Маҳаллада 15,5 км узунликдаги ичимлик суви тармоғи қурилган. Тоза ичимлик суви кунига 2 маҳал 2 соатдан бериляпти. Аммо ичимлик суви тармоғига фақат маҳалланинг бир қисми, яъни йўлнинг қувур ўтказилган томонидаги уйлар уланган холос. Йўлнинг иккинчи томонидаги уйларга уланиб олиш учун рухсат берилмаган. Акс ҳолда, қазиш ишлари натижасида йўлнинг қатнов қисми қопламаси янада бузилиб кетиши мумкинлиги сабаб қилинган. Тўғри, агар ҳар ким йўлни ўзбошимчалик билан қазиб ташласа, аҳвол бунданам бадтар бўлиб кетади. Лекин тоза ичимлик суви тармоғи ўтказилса-ю, унга уланиб олиш тақиқланса – бу қайси мантиққа тўғри келади? Бу вазиятда қандайдир муқобил ечим топиш керак эди. Афсуски, бу ишлар қилинмаган. Бундан ташқари, йўл ёқасидаги ичимлик суви қувурлари ёрилиб кетган. Қимматли табиий ресурс ҳеч қандай ҳисобсиз зовурга оқиб ётибди.

«Нуробод» маҳалласида бирорта чиқинди тўплаш ўчоғи йўқ. Одамлар маиший чиқиндиларни дуч келган жойларга, ариқлар, зовурларга ташламоқда ёки ундан қутулишнинг оддий услубини қўллаб, ёқиб юбормоқда. 5 мингдан ортиқ одам истиқомат қиладиган маҳалладан бирор марта чиқиндилар олиб чиқиб кетилмаган. Маҳаллий тадбиркорларнинг чиқинди тўплаш ўчоғини ташкил қилиш учун махсус ер ажратиб бериш ҳақидаги мурожаатлари ҳам ижобий ҳал қилинмаган.

Нурободликлар уяли алоқа ва мобил интернет сифати пастлигидан, айниқса электр энергияси таъминотидаги тез-тез узилишлар натижасида мобил алоқа жуда ёмонлашиб кетаётганидан ҳам шикоят қилишди.

Бундан ташқари, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун шароитлар яратилмаганидан, болалар ўйнайдиган махсус майдончалар, кутубхона йўқлигидан куйиниб гапиришди. Тўғри, маҳаллада «Обод қишлоқ» дастури доирасида давлат хусусий шерикчилиги асосида қурилган янги, замонавий болалар боғчаси бор. Аммо табиий газ тармоғига уланмагани учун, муассаса фақат ярим қувватда ишламоқда холос. Хоналар совуқлиги туфайли, ота-оналар болаларини боғчадан қайтариб олишяпти.

Нурободликларнинг бугунги кундаги ижтимоий муаммолари шундай.

Қайд этиш жоизки, «Обод қишлоқ» дастурида бу муаммоларнинг ҳал қилиш йўллари, хусусан, қишлоқларни ичимлик суви билан таъминлаш, қишлоқларни туман марказига улайдиган йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш, йўллар бўйини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, санитария иншоотларини барпо этиш каби ишларни бажариш кўрсатиб ўтилган.

Бироқ, дастур доирасидаги ишлар якунланганига бир йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, «Нуробод» маҳалласи йўллари таъмирланмаган. Пиёдалар йўлаги ҳам йўқ. Ичимлик суви тармоғига уланиш масаласи пайсалга солинмоқда. Уяли алоқа ва мобил интернет сифати ёмон. Чиқинди ташлаш ўчоғи йўқ, одамлар дуч келган жойларга чиқинди ташламоқда. Болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун шароитлар етарли эмас. Афсуски, одамлар «Обод қишлоқ» дастурида кўрсатилган қулайликлардан баҳраманд бўлишмаяпти. Дастур нафақат қоғозда, балки амалда ҳам ҳаётга татбиқ қилинишини истамоқдалар.  

Нурмуҳаммад Саид

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top