Ўзбекистон | 18:21 / 21.10.2022
21018
4 дақиқада ўқилади

“Ҳокимлар нега ислоҳотлар изидан юрмаётганини билиш учун тадқиқот ўтказяпмиз” — хонқалик фермер

Ғаройиботларга бой бўлган воқелигимизнинг “ажойибот”ларидан бири – ҳокимларнинг кўр-кўрона қонунларни топташи. Суҳбатдошимиз – тадбиркор. У ҳам шу жумбоқ устида бош қотириб, охири уни ечиш учун тадқиқот ўтказиш зарур деган хулосага келган.

Шокир Хўжаниёзов – Хоразм вилояти Хонқа туманидаги “Xonqa Gold Fiber” ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари.

— 2005 йилдан бери фермерман. Қишлоғимиз чекка ҳудуд. 2020 йил 6 мартдаги 4633-сонли қарорга асосан, фермер хўжаликлари бирлашиб, пахта етиштириш ва ишлаб чиқариш кооперативини ташкил қилдик.

Кооперацияга туман ҳокими қаршилик қила бошлади, “ноқонуний” эмиш, президент қарори ҳам “ноқонуний” экан... Босимлар...

— Қай кўринишда бу босимлар?

— Бу йилги пахтани экишимизда ҳеч қандай ёрдам берилмади, шунақа топшириқ берилди. Ҳеч бир давлат ташкилотидан ёрдам олмадик. Кооператив таъсисчилари ўз ҳисобимиздан етиштирдик бу йилги пахтани. Пахта етилганда тайёрлов пунктини ҳам ташкиллаштирдик. Электрон тарозилар, транспортёр, пахтани йиғиш учун ҳамма шароитларни яратдик, ҳамма талабларга риоя қиладиган даражадаги шароитни. Бугунги кунда пахтани қабул қилиб турибмиз. Онлайн “сводка” кетиб турибди, онлайн аъзо бўлдик “сводка”га.

Аммо яна қаршилик – статистикага кундалик терим сводкасини берасизлар дейишяпти. Статистикага борсак, олинмайди дейишди. Шу учун Давлат статистика қўмитасига келдим, учрашдим кеча, улар ҳам ҳайрон: “бу мумкин эмас, кундалик терим сводкани биз олмаймиз, керак бўлса Қишлоқ хўжалиги олсин”, дейишди.

— Бунинг қандай салбий томони бор сизлар учун?

— Салбий томони – “сводкага ўтирмасанг пахтани кластерга топширасан” дейишяпти. Ўзимиз етиштирган пахтани бериб юборарканмиз... Пунктимиз бор, ҳамма шароитимиз бор... “Бу йил кластер пахта пулини яхши тўлайди” эмиш... Ишқилиб босимлар билан ҳаракатларимизни сўндиришга уринишяпти.

Президент қарорига асосан ташкил қилинган тадбиркорлик фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатлардан ҳайрон бўлиб юрибман. Туман ҳокимларининг президентимиз қарор ва фармойишларига шу даражада қарши чиқаётганини кўриб, бу ишлар тагида нима бор деган савол қийнай бошлади. Буни туб-тубидан ўрганиб чиқишни ўзимга мақсад қилиб қўйдим. 2-3 ой бўлди, экспертлар, ҳатто психологлар, бирлашдик. Чет давлатлардан ҳам таниш мутахассислар қўшилди. АҚШдан, Англиядан. Ўрганиш ишларини олиб боряпмиз.

— Тадқиқот ўтказяпсизларми?

— Ҳа. Нима сабабдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорини туман ҳокими бажармаяпти, бунга ким “орқа” бўляпти, замирида нима бор? 95-98 фоиз хулоса шуки, бу ишларнинг орқасида одам бор. Туман ҳокими қаердандир президент қарорига, фармойишларига қаршилик қилишга, тўсқинлик қилишга куч топиб турибди-ку!

Масалан, “ГАИ” йўлда турган бўлса-ю, қоидабузарни тўхтатса. Кимдир айбини бўйнига олади, бошқа кимдир эса кимларгадир қўнғироқ қилиб, “муаммони ҳал қилади”. Демак, суянадиган одами бор... Ҳокимлар ҳам шу – президент фармойиш ва қарорларига қарши чиқяптими, демак уларни қўлловчи кимдир бор.

Тадқиқотимиз эл-юртимизга фойда келтиради деган умиддаман... Президентга ҳам ёрдам бўлар.

— Ўзбек тадбиркорлари бунақа тадқиқот ўтказиши мен учун янгилик...

— Шунга мажбур бўлдик.

***

Маъмурий ташкилотларга кириб олган ёт “элементлар”нинг мамлакатда кечаётган ижобий жараёнларга бераётган зарбасини, чамамда, етарлича баҳолай олмаяпмиз... Масала оғриғидан соҳаси тадқиқотлар ўтказиш бўлмаган оддий тадбиркорлар буни тадқиқ этишга киришибди.

Kun.uz ушбу масалага яна қайтади.

Шокир Шарипов тайёрлади.

Мавзуга оид