“Бир монополист кластерни деб, бизга йўл беришмаяпти”

Хўжаниёзов Шокир, “Xonqa Gold Fiber” қ/х кооперативи аъзоси:

— Хонқа туманида 3 нафар фермер бирлашиб, “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги қонун моддаларига, президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги 4633-сонли қарорига асосан ихтиёрий равишда кооперация ташкил қилдик, пахта етиштириш ва қайта ишлаш учун.

Пахтани ўз ҳисобимиздан етиштирдик. Тайёрлов пункти маскани ташкил қилиб, ўша ерга йиғдик. Қайта ишлашни режалаштириб, “Agro To‘rtko‘l Tekstil Cluster” билан тегирмон усулида ишлаш учун 25 ноябрда шартома қилдик. Уни ташиб олиб бориш учун “Хоразмпахтатранс” МЧЖ билан шартнома қилдик.

Пахтани юклаб, олиб борилаётганда, йўл патрул хизмати ходимлари машинани ушлаб, ҳужжатларни текширди. Ҳужжатлар ҳаммаси жойида эди. Кейин шу пайтда дарров агроинспекция ходимлари етиб келди. “Маҳсулотнинг қонунийлигини текширамиз”, дейишди. Текшириш учун “Хоразм Тех” МЧЖ кластерига ўша юкни олиб бориб қўйишни таклиф қилишди.

Биз: “Йўқ, бу ўзимизнинг хусусий мулкимиз, ўзимиз етиштирдик, у ерга олиб бормаймиз, қайта ишлаш учун олиб боряпмиз”, десак, шу пайтда ички ишлар ходимлари, бошлиғи, қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи, муовини, фермерлар кенгаши ходими келиб: “Бир кунга қўйиб турасизлар, эртага чиқариб юборамиз”, деб, машинани “Хоразм Тех” кластерига олиб бориб қўйишди.

Мана бугун 30 ноябр (интервю шу куни олинган – таҳр.), ҳали пахтани – ўзимизнинг маҳсулотимизни у ердан чиқара олмай юрибмиз. Ўша ерда маълумотнома тузиб, Хонқа туман департаментига тақдим қилишган. Департамент ўрганиш ишлари олиб бормоқда, худди катта жиноятчини қўлга туширгандек...

“Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги қонунда кўрсатилган: Мансабдор шахсларнинг аралашуви қонун билан тақиқланган, жавобгарлиги бор. Бунга қарамасдан, бизнинг маҳсулотимизни босқинчилик билан олиб қўйишяпти.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида кооператив тақиқланганлардан ташқари фаолиятнинг ҳар қандай тури билан шуғулланишга ҳақлидир дейилган. Ҳеч қайси қонунда кооператив пахта билан шуғулланмасин, картошка, сабзи эксин, деган жойи йўқ. Шу билан бирга, кластерлар ташкил қилинган ҳудудларда фермерлар ўзаро ихтиёрий равишда бирлашиб, кооперативлар ташкил қилмасин деб айтилгани ҳам йўқ.

Адлия бошқармаси ва агроинспекциянинг: “Битта кластер бор туманда бошқаси пахта билан шуғулланмасин” деган гапи бу – монополия. Нима учун рақобат бўлмаслиги керак?