15:21 / 02.01.2019
116358

Ўзбекистоннинг энг ёши улуғ кишиси 124 ёшда. У Бувайдада яшайди

2018 йил сўнгида ёши улуғлар зиёратида бўлишни ният қилдик. Сарлавҳани ўқиб, кимдадир шубҳа ҳам пайдо бўлгандир... Бироқ, Фарғона вилояти, Бувайда тумани Қорақум қишлоғида яшайдиган 124 ёшли Ҳувайдо момо Умарова ҳақидаги маълумотларни ҳамқишлоқлари яхши билишади. Чунки, она уларнинг аждодлари билан ҳам бирга яшаган.

Учта юз йиллик билан юзлашган момо мисоли тирик тарихнинг ўзи. Унинг паспортида туғилган куни санаси – 1895 йил 1 январь.

Ҳувайдо онанинг ҳали хотираси тиниқ, гаплари дадил. Унинг жамиятдаги эврилишлар – колхозлаштириш, қулоқлаштириш, иккинчи жаҳон уруши, очарчилик даврларини аниқ-тиниқ эслаб гапиришидан ҳайратга тушасиз. Сўзлаши ҳам бошқача. Қадимий лутф билан, шоирона…

Ўтган аср бошидаги инқилоб, очарчилик кунлари ҳақида, Катта Фарғона канали қазилишида қандай меҳнат қилгани, уруш пайтлари эркаклар йўқлиги сабаб 9 гектар ғўзани аёл боши билан тунлари ўзи суғорганини ҳикоя қилади.

“Авлодингизда узоқ яшаганлар бўлганми?” дея савол бераман. Момонинг авлодида бир асрдан мўл яшаганлар кўп бўлган экан. “Отам, Тошмат ота 101 ёшга кирган. Тоғам, Муллақодир 130 йил яшаган. Сайдинисо аммам эса 125 йил умр кўрган”, дейди онахон. 

“16 ёшимда турмушга беришган. Биринчи рўзғоримдан фарзанд бўлмади. Иккинчисидан аввал кўрган икки фарзандимиз турли касалликлардан вафот этган. 1935 йили яна бир ўғил фарзанд Ҳошимжоним туғилди ва яшаб кетди. Жами уч қиз, тўрт ўғилни катта қилганмиз. Ҳозир 50 нафар невара, 71 чевара, 28 эварам бор”, дея сўзлайди момо. Тўғриси, Ҳувайдо онанинг яқинлари авлод ичида “бегона”лари ҳам бор эканлигини айтишди. Ҳозир момо кенжа ўғли Ҳусанбой ва келини Дилоромхонлар билан бирга истиқомат қилади.

Момога эркалик қилиб: “Битта шеър ёки қўшиқ айтиб беринг”, дедим. Момо қадим ўзбек оҳангида ота-она ҳақида қўшиқ хиргойи қилди. Куйлаб-куйлаб, кўзига ёш олди.

Аслида, момо ҳазилкаш экан. Гап орасида, очарчилик пайти, колхозда қилинган меҳнатга қараб тушликда чўмичда овқат берилганини айтиб, “Пахта теришда нўноқроқ эдим. Зўрға 150 кило терардим”, дея мутойиба ҳам қилди.

Онанинг ҳар гапи сўнгида дуо ва шукроналик бор. Яратганни ўзи бандасини узоқ умр, кенг ризқ билан сийлабди. Шифокорга иши тушмаганлиги ҳам ажабланарли. Момо, “Аллоҳ берса тоғамдан ҳам ўтиб, 150 ёшга киргим бор”, дея яхши ният қилади. Яқинларининг айтишларича, онанинг тишлари иккинчи марта чиққан.   

Тўғриси, момога анъанавий бўлган “Шу ёшга етишингизни сабаби нима?” деган саволни бергани иймандик. Момо гап орасида, “Отам ва қайнотамни жуда кўп дуосини олганман” дея кўп такрорладилар. Емишдан эса, суви қочган нон ва толқонни кўп истеъмол қилган экан.

Яна битта қизиқ факт. Фарғонанинг Бувайдасида 80, 90 ёшдан ошган инсонлар сони кўпчиликни ташкил этар экан. Тўрт нафар  юз ёшни қаршилаганлар бор.

Биз онахонни байрам билан табриклагани Бувайда тумани ҳокими Бегзодбек Ибрагимов, туман мутасаддилари ҳамда нуронийлар билан бирга бордик. Момо қўл очиб, эзгу дуолар қилди.  

Мақолани мутолаа қилган ўқувчида: “Момо 124 ёшни қаршилабди. Демак, дунёдаги энг кекса инсон. Нега, Гиннес рекордлар китобига киритилмаган? Ёки ёши аниқ эмасми?” деган саволлар туғилиши мумкин.

Биз Бувайдада момонинг неча йил яшагани устида тадқиқот ўтказмадик. Ёши борасида фактларга у кишининг ҳужжатлари ва ҳамқишлоқлари томонидан айтилган далилларга асосланганимиз аниқ.

Ҳужжатларга кўра, онахонни айни пайтда “Ўзбекистоннинг энг кекса кишиси” дейиш мумкин. Гиннес китобига киритиш, “Бувайдадаги узоқ умр кўриш” феномени билан эса илм кишилари шуғулланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Видео: Mover

Видео: Youtube

 

Элмурод Эрматов, Фарғона
 KUN.UZ мухбири.

Тасвирчи: Аҳрорбек Ёқубжонов

    

Top